English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқа ишнинг кўзини билганга хазина
09:41 / 2025-02-05

Фарғона вилояти Қува туманидаги “Акбаробод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги томорқачилар аҳоли дастурхони учун баҳор неъматларини етиштириб бермоқда. Айни кунда плёнка остига экилган редиска, қулупнай бозорга чиқарилди.

Томорқачилик ҳадисини олган маҳалла аҳли қиш фаслида ҳам бекор турмай, сархил сабзавот экинлари етиштириш билан машғул. Бу ерда редиска, қулупнай, эртанги карам, булғор қалампири сингари сабзавот экинлари етиштиришда ўзига хос тажриба тўпланган.

Отахон Бобоев хонадонида бўлган киши омилкорлик билан иш тутаётган оилавий томорқачиларнинг меҳнат ва изланишларига ҳавас қилади. Айни кунда 20 сотих плёнка остида парваришланган редиска бозорга чиқариляпти. Бир боғ маҳсулот улгуржи нархда 2000-2500 минг сўм. Бу бир мавсумнинг ўзида 50 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш имкониятини беради. Экиндан бўшаган майдонларга пешма-пеш уруғ қадаляпти. Бугун экилган уруғ 45 кунда истеъмол учун тайёр бўлади. Унинг ўрнида учинчи ҳосил –булғор қалампир кўчатлари экилади, кеч кузда эса, тўқсонбости усулида редиска парваришланади. Томорқачилик йўлида яратилган бу узвий занжир маҳаллада кундан кунга оммалашиб бормоқда.  

Ҳосил териб олиш, майдонларни экишга тайёрлаш билан боғлиқ юмушларга оила аъзоларидан ташқари маҳалладаги хотин-қизлар ҳам жалб этиляпти. Улар уй юмушларидан ортиб, даромад олиш имкониятига эга.

Хонадон томорқасидаги ҳар бир қарич ер ҳисоб-китобли. Бу ерда 5 сотих иссиқхонада муқобил ёнилғи – кўмир билан ишлашга ихтисослашган ақлли иситиш тизими ишга туширилди. Унинг ўзига хос жиҳати, иссиқхонадаги ҳаво ҳароратини иситиш печи бевосита назорат қилиб боради. Бу ортиқча харажат ва оворагарчилик билан боғлиқ томорқачилар юмушини енгиллаштирди. Авваллари бу ишларни бажариш учун тунларни бедор ўтказишга тўғри келган, манфаатдорлик ҳам ҳамин қадар бўлган. Харажати кўп, даромади кам. Янги тизим оилага қўшимча фойда олиш имкониятини берди. Бугунги кунда мўъжаз иссиқхонадаги қулупнай ҳосилга кирган.

Миришкор деҳқоннинг иш амалларини кўриб, даромад чўғини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас. Айни кунда бир килограмм қулупнай 150 минг сўм. Хонадон томорқасидаги иссиқхонада 5 минг туп кўчат борлиги ҳисобга олиниб, ҳар бир туп ниҳолдан, қиш мавсумида ўрта ҳисобда 200 граммдан ҳосил териб олинган тақдирда ҳам, даромад салмоғи 150 миллион сўмдан ошади. Экинлар оралиғида иккинчи ҳосил сифатида булғор кўчатлари экиб, даромад олиш йўлга қўйилишини ҳисобга олсак, мўъжаз томорқа хонадон хазинасига айланганлигини англаб оласиз.

– Деҳқон учун ҳар бир кун ғанимат. Қанча эрта эксак, самараси яхши бўлади, – дейди томорқачи экинлар оралаб. – Шу боис қўни-қўшниларни ёрдамга чақирамиз. Асосан маҳаллий иқлим шароитимизга мос бўлган бозоргир редискалар етиштирамиз. Плёнка остида парваришланадиган бу навлар 6-7 градусгача бўлган совуқ ҳароратга чидамли, тезпишар ва юқори ҳосил бериш хусусиятлари билан ажралиб туради. Экиндан бўшаган майдонларга кеч кузга қадар бошқа сабзавот экинлари етиштириб даромад оламиз. Чорва боқамиз, сут, қатиқ ўзимиздан чиқади. Меҳнат ортидан уч ўғилни ўқитиб, уйли-жойли қилдик. Рўзғоримиз бутун, дастурхонимиз тўкин.

Иссиқхоналарга ёмғирлатиб суғориш тизимлари ўрнатилгани маҳсулотларини баравж ривожланишида қўл келмоқда. Самарали усул туфайли сув миқдори 40 фоизга, минерал ўғит билан боғлиқ харажатларни 50 фоизгача тежаш имконияти бор.

Маҳаллада бекор юрган одам, бўш қолган экин майдони йўқ. Кейинги йилларда қиш фаслида ҳам баҳор неъматларини етиштиришга бўлган тажрибалар оммалашиб бормоқда. Айниқса, редиска, қулупнай етиштириш ҳадисини олган миришкор томорқачилар кўпайган.     

М.Сулаймонов, ЎзА