Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқа фаровонлик манбаи
16:59 / 2023-04-12

Аҳоли фаровонлигини ошириш, одамларни муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, юртимиз иқтисодий барқарорлиги ва дастурхонларда тўкинлик бўлишида томорқа ер майдонларидан оқилона фойдаланиш алоҳида ўрин тутади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Янги Наманган туманида бугунги кунда мавжуд 28 та маҳаллада 30 минг 90 хонадонда 162 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. 2023 йил 1 январь ҳолатига 44 минг 90 оиланинг жами томорқаси сони 15 минг 685 та бўлиб, улардаги экин майдони 195 гектарни ташкил этади. Томорқа майдонлари биринчи навбатда, аҳоли томонидан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш, қолаверса туман, вилоят, Республика бозорларини арзон қишлоқ хўжалиги нозу неъматлари билан таъминлаш мақсадида унумли фойдаланиб келинмоқда.  

– Тумандаги мавжуд 5 минг 440 та аҳоли томорқасидаги экин майдонларидан 68 гектарига сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар, картошка каби экинлар экилган, – дейди Янги Наманган тумани маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими масъул ходими Фарҳод Мусаев. – Баҳорги ва жорий йилда экилган тўқсонбости экинлар ўрнига 24 гектар майдонда такрорий экинлар экилиши режалаштирилган. Ушбу майдонларда экиладиган такрорий экинлар етиштириш орқали 420 тонна сабзавот, 250 тонна картошка, 210 тонна мош, ловия, ерёнғоқ, фасол сингари дуккакли экинлар, 310 тонна бошқа экинлар етиштириш мўлжалланмоқда. Йил давомида яъни август-сентябрь ойларида томорқаларда тўқсонбости усулида 32 гектар майдонда сабзавот ва кўкатлар экилади. Демак, тўқсонбости усулида сабзавот ва кўкат маҳсулотлари етиштириш орқали 570 тонна ҳосил олиш мўлжалланмоқда.  

Шербулоқ Янги Наманган туманининг қир адирликларига ястанган ҳудудда жойлашган бўлиб, унда 740 хонадонда 4 минг 380 киши истиқомат қилади. Туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси ҳамроҳлигида ўрганишлар шуни кўрсатдики, маҳалладаги 1082 та оиланинг аксарияти ерга меҳр берган. “Бодомзор” кўчаси, 100-уйда яшовчи Илҳомжон Мирзааҳмедов ер билан тиллаша оладиган омилкор деҳқонлардан. У 2018 йилда оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, 15 сотих бўш ерда иссиқхона барпо қилди. Оила аъзолари билан бирга қўни-қўшниларидан жами 12 кишини иш билан таъминлади. Ўтган йили помидор ва бодринг ҳосилидан 50 миллион сўм соф даромад кўрди. Эрта баҳорда яхши ниятлар билан 4,5 минг туп бодринг кўчатларини ўтқазди. Эътиборлиси, у барака уруғларини ҳам ўз томорқасида етиштиришни йўлга қўйган.  

“Шербулоқ” кўчаси 85-уйда яшовчи 67 ёшли Сожирахон Олимовани айни меҳнат жараёнида учратдик. Онахон ҳовлиси кўчасида бўш ерларни тартибга келтираётган экан. Саккиз сотихдан иборат ҳовлиси тартибли. Ҳосилга кирган ёнғоқ, беҳи дарахтларидан ташқари, томорқасига тўқсонбости экинлардан саримсоқпиёз, укроп, шунингдек, қулупнай ҳам етиштирилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида помидор, бодринг, булғор қалампиридан уч мартадан ҳосил олинганлиги эътиборга молик. Бу ҳосиласидан ўзларидан ташқари, қўни-қўшнилари ҳам фойдаланишибди.  

[gallery-11409]

“Қалдирғоч” кўчаси, 48-уйда яшовчи Саидаҳмад Жўраевлар оиласи ҳам томорқа ҳадисини олганлардан бири. Мазкур хонадонда етти киши ерга меҳр қўйган. Натижада, иссиқхона ташкил қилиниб, унда зираворлар етиштирилмоқда. Сув муаммоси бутун маҳаллани ташвишга солаётганига қарамай хонадон эгалари ўз уйида беш тонналик бачокда сув олиб келиб, истеъмолда фойдаланиш асносида томорқа ерларига ҳам қуйишади. Яқинда бўлиб ўтган ёғингарчилик тўқсонбости экинларига анча фойдали бўлди.  

Шербулоқда ўз томорқасидан унумли фойдаланмаётган, боқимандалик кайфиятидаги уй хўжаликлари ҳам афсуски бор. Масалан, “Қалдирғоч” кўчаси, 47-уйда яшовчи Мунисхон Сатторованинг икки сотих ер майдонига ҳанузгача қаровсиз, уч ўғил ва бир қизи бор хонадонда ер қақшаб ётибди. Маҳалла раисидан уйига ер чопиб беришларини сўраган хонадон соҳибасига вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ерга аввало, хонадон эгалари масъуллиги, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш бугунги куннинг ҳаётий зарурияти эканлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.  

“Бодомзор” кўчаси, 12-уйда яшовчи Шокиржон Ҳожиевга қарашли саккиз сотих экин майдони ҳам қаровсиз. Ер чопилмаган, экинга тайёрланмаган. Айни кучга тўлган ўғиллари бор ушбу хонадон эгаси экин майдонларига қараш зарурлиги, бу биринчи галда оила бюджети, яшаш шароитини янада яхшиланишига туртки бериши эслатиб ўтилди. Мустақилликнинг беш йиллиги маҳалласида 1290 та хонадон бўлиб, уларда 5 минг 541 аҳоли истиқомат қилади. Мавжуд 10 та кўчанинг ҳар бирида аҳоли томорқаларидан фойдаланиш борасида зарур хатлов ишлари амалга оширилган. Маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси иштирокидаги ўрганишларимизнинг илк манзили “Юксалиш” кўчаси, 2-уй бўлди. Хонадон соҳибаси Нозима Акбарова турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди билан бирга ерга бирдек меҳр беришгани хонадон тўкинлигига хизмат қилмоқда. 13 сотих экин майдонига қовоқ, карам, картошка, узум экилди. Қолаверса, тўқсонбости экин ҳосилига ҳам эътибор қаратилиб, жағ-жағ, исмалоқ, ошкўк, укроп каби зиравор кўкатлар экилди. Йил бўйи қилинган меҳнат бесамар кетмади. Ўн икки ой давомида уч мартадан ҳосил олиниши натижасида хонадон соҳиблари 30 миллион сўмга яқин даромад кўрди. Айтганча, ушбу хонадонга Халқ банки томонидан кредит эвазига олиб келиниши режалаштирилган узум кўчат қаламчалари тўлиқ экиб берилмаган. Бу борада банк ўз зиммасидаги мажбуриятни тўлақонли бажармаган.  

“Ойсара” кўчаси, 38-уйда истиқомат қилувчи 43 ёшли Жаҳонгир Тешабоев хорижда мигрантликдаги ҳаётдан сўнг бугунги кунда ўз яқинлари бағрида. У узоқ йиллар Корея Республикасида меҳнат фаолиятини олиб борди. Маълум муддат иссиқлик томорқа хўжалигида ишлади. Уйга қайтганидан сўнг турмуш ўртоғининг илтимоси ва тўплаган иш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳовлисидаги 11 сотих бўш ерда ўз ҳисобидан иссиқхона қурди. Томорқа хўжалигига олий навли, серҳосил қулупнай кўчатларини экди. Бир вақтнинг ўзида даромад манбаини ошириш мақсадида экин майдонларига бодринг навниҳолларини ҳам қадади. Хонадон соҳиби томорқасидаги ерларни ҳайдаш учун чопиқ мотокультиватори харид қилган.  

Таъкидлаш жоизки, “Диёр” кўчаси, 12-уйда яшовчи маҳалла раиси Боситхон Калонхўжаев экин майдонидан оқилона фойдаланиш борасида маҳалладошларига ўрнак. У ҳовлисига кириш жойини гулзорга айлантирган. Меҳмонга келган кишининг эстетик манзарадан дили яйрайди. Қолаверса, ҳовлисидаги экин майдонига тўқсонбости экинлардан саримсоқпиёз экилган. Манзарали ва севали дарахтларга шакл берилган.  

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Янги Наманган туманидаги маҳаллаларда аҳоли томорқаларидан фойдаланиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бунинг пировардида эса, деҳқон бозорларини арзон ва сифатли, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдирилишига муносиб ҳисса қўшиш, аҳоли даромад манбалари ва яшаш тарзини ошириш мақсад қилинган.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.