Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқа – фаровонлик калити
18:58 / 2026-02-02

Бухоро вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири саналган Олот тумани бугунги кунда томорқадан унумли фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини ошириш йўлида катта натижаларга эришаётган туманлардан бирига айланмоқда.

Маъмурий жиҳатдан 38 та маҳалла фуқаролар йиғинига бўлинган туманда 22 мингдан ортиқ хонадон, қарийб 30 мингга яқин оила истиқомат қилади. Бугунги кунда туман аҳолисининг ҳаёт тарзида томорқа ерлари, деҳқончилик ва иссиқхоначилик муҳим ўрин тутади. Ердан самарали фойдаланиш нафақат қишлоқ аҳолисининг даромад манбаи, балки бозорлар тўкинлигини таъминловчи асосий омиллардан бири.

Айтиш лозим, Президентимизнинг 2025 йил 14 февралдаги “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларга янги суръат бағишлади.

[gallery-27435]

Бугунги кунда туманда аҳоли ихтиёридаги томорқа майдони 2 767 гектарни ташкил этади. Деҳқон хўжаликлари тасарруфидаги ерлар эса 1 516 гектардан иборат. Мазкур ер майдонларига замонавий ёндашувлар асосида ишлов берилиб, 2025 йилда қарийб 80 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилди.

Туманнинг Бўрибек Чандир маҳалласида 3,5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу ерлик аҳоли асосий деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Шу боис маҳалла аҳли экин ерларидан унумли фойдаланишга катта эътибор қаратган.

– Маҳалламизда деярли ҳар бир хонадонда иссиқхона бор, – дейди маҳалла раиси Фахриддин Мансуров. – Жаҳон тараққиёти банки маблағлари ҳисобидан 40 та иссиқхона қуриб берилган. Бу тажриба аҳолига катта туртки бўлди. Энди кўпчилик ўз маблағи ёки кредит асосида янги иссиқхоналар барпо қилмоқда. Натижада аҳолининг моддий манфаатдорлиги ортмоқда.

Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида маҳалладаги ариқлар бетонлаштирилиб, сув таъминоти яхшиланмоқда. Бу эса ҳосилдорликни янада оширишга хизмат қилмоқда. Маҳаллада томорқачи ва иссиқхоначи хонадонлар “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ловия етиштиришда катта тажриба тўплаган.

Қишки мавсумда эса помидор, бодринг, саримсоқпиёз, карам, булғор қалампири каби маҳсулотлар етиштирилиб, маҳаллий бозорлар доимий равишда сифатли маҳсулот билан таъминланмоқда.

– Ҳар йили баҳорда помидор кўчатлари етиштириб, кейин булғор қалампири экамиз. 3 сотихда 1 минг 100 та кўчат ўтқаздик. Ҳозиргача 1 тонна ҳосил йиғиб топширдик. Булғор қалампирини 1 килосини 25 минг сўмдан сотдик. Биринчи ҳосилнинг ўзи 30 миллион сўмдан зиёд даромад келтирди,  -дейди Олмагул Сафарова.

Маҳалладаги тажрибали томорқа эгаларидан бири Турсунтош Остонова ҳам меҳнат орқали орзу-умидларига етишаётганини таъкидлайди.

– Иссиқхона инсонга завқ бағишлайди. Яшиллик, меҳнат ва сабр билан барча орзу-ҳавасларимизга эришяпмиз. Юқори ҳосил олишда сув таъминоти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. 

– Аввал туманда саноқли иссиқхона бор эди. Бугун эса давлат раҳбарининг ташаббуси, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар натижасида 5 мингдан ортиқ иссиқхона мавжуд. Олотликлар ҳатто кузда картошка экиб ҳам юқори ҳосил олмоқда. Натижада аҳоли даромади йил сайин ошиб бормоқда, – дейди Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова.

Кўриниб турибдики, Олот туманида меҳнатсевар, тадбиркор аҳоли кўп. Улар бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиб, ўз оиласи фаровонлигини таъминламоқда, шу билан бирга мамлакатимиз бозорларини сифатли маҳсулот билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.