Озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳар қачонгидан долзарб вазифага айланмоқда.
Аслида озиқ-овқат етиштириш ва юқори ўсиш кўрсаткичларига эришишда томорқачиликнинг алоҳида ўрни бор. Ҳозирда аҳоли ихтиёрида 509 минг гектар томорқа мавжудлигини ҳисобга олсак, улар орқали рўзғорга барака, ҳам ички бозорга қўшимча маҳсулот киради.
Тизимдаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ҳар бир маҳалланинг тупроқ–иқлим шароитини инобатга олган ҳолда экинларни жойлаштириш, йилига 2-3 марта ҳосил олиш орқали мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсад қилинган. Шунга мос равишда амалий чора-тадбирлар қўлланилиб, ҳар бир ҳудудда ишлар фаол давом эттириляпти. Натижада, юртимизда етиштирилаётган картошканинг 84 фоизи, сабзавот маҳсулотларининг 71 фоизи, полиз, узум ва меваларнинг 55—60 фоизи, чорвачилик маҳсулотларининг 94 фоиздан ортиғи аҳоли ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бу борадаги самарадорлик йилдан йилга ошиб бораётгани қувонарли. 2022 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини экишнинг ҳудудий дастурига кўра, баҳорда аҳоли томорқаларидаги 383 минг гектардан ортиқ ерга экинлар экилди. Узумчиликка ихтисослашган 48 та туманидаги хонадонларда 16 миллион дона узум кўчати ўтказилди. Ҳудудлардаги 37,4 минг хонадоннинг 678 гектар томорқа ер майдонига ихчам иссиқхоналар қурилиб, томорқалардан 2-3 марта ҳосил олиш имконияти яратилди.
Шунингдек, Республика бўйича жорий йилда 133,3 мингдан ортиқ хонадонларнинг жами 1735 гектар томорқа ер майдонларига ихчам иссиқхоналар қуриш белгиланган бўлиб, ҳисобот даврида 79,5 минг хонадонда (5,9 минг гектар) ихчам иссиқхоналар ташкил этилди.
Юртдошларимиз орасида томорқачилик билан шуғулланувчи инсонлар сони тобора ортиб боряпти. Табиийки, уларнинг кўпчилиги иш аввалида молиявий кўмакка эҳтиёж сезади. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва унинг қошидаги жамғарманинг асосий фаолият йўналиши томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлгани ҳолда, томорқачиларга мунтазам равишда кредитлар ажратиб келиняпти. Ўтган уч йил давомида жамғарма маблағларидан талабгорларга 761 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, шундан 48 фоиздан кўпи томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Қайд этиш керакки, ер эгаларига кам харажат қилиб, кўпроқ даромад олишга кўмаклашиш, молиявий ёрдамлар кўрсатишда ҳудудларда ташкил этилаётган «Томорқа хизмати» МЧЖларнинг алоҳида ўрни бор. Улар кўмагида 82 мингдан ортиқ хонадоннинг 25,5 минг гектар томорқаси шудгорланди, 416 тонна сабзавот уруғи, 5,9 миллион дона мевали кўчат ҳамда 46 минг хонадонга пиёз ва саримсоқпиёз уруғлари етказиб берилди. 15,5 минг хонадон ихчам иссиқхона, 3,2 мингта хонадон асалари уяси ва 29 мингдан ортиқ оила қуён, курка, парранда, қорамол ва қўйга эга бўлди. Булар кам таъминланган оилаларга шартнома асосида тарқатилади. Етиштирилган ҳосилни «Томорқа хизмати» МЧЖларнинг ўзи харид қилади.
Маҳсулотларни тизимли харид қилиш, сақлаш, саралаш, қадоқлаш, қуритиш, қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорларга сотишни ташкил этиш мақсадида кенгаш ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳамда тижорат банклари имтиёзли кредитлари ҳисобидан «Томорқа хизмати» МЧЖларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Ўтган 6 ойда 44 миллиард сўм маблағ ажратилди. Натижада корхоналар балансига ҳар хил русумдаги тракторлар, қишлоқ хўжалик агрегатлари, юк ташиш машиналари, кимёвий ишлов бериш аппаратлари қўшилиб, мева-сабзавотларни совитиш ва сақлаш омборлари, мевани саралаш, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш линиялари ишга туширилди.
Юртимизда «бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида маҳсулот етиштириш оммалашмоқда. Жорий йилда ана шундай маҳаллалар сонини 4109 тага етказиш бўйича манзилли рўйхатлар шакллантирилган. 1 июлгача 3051 та маҳалла, жумладан, Фарғона туманида 5 та маҳалла малиначиликка, Асака туманидаги 10 та маҳалла иссиқхонада сабзавот етиштиришга, Шеробод туманида 15 та маҳалла анорчиликка, Пахтачи туманида 18 та маҳалла иссиқхоначиликка, Ромитан туманида 12 та маҳалла мева-сабзавотчиликка ихтисослашди.
Афсуски, турли омиллар сабаб ҳосилдорлик ҳар доим ҳам кутилгандек бўлмайди. Деҳқончиликда, айниқса, сув масаласи энг катта муаммолардан бири. Кўчат ёки уруғлар, зарур агротехникалар етарли бўлсаю, сув бўлмаса, кўзланган натижага эришиш қийин. Шу боис, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги тегишли қарорига асосан сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғоришда вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш учун субсидиялар ажратиш белгиланган. 2022 йилда артезиан қудуқларни бурғулаб ишга туширган 399 нафар талабгорга Давлат бюджетидан 31,5 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилди. Натижада сув таъминоти оғир ҳудудлардаги 197 та МФЙлардаги 8,3 мингдан ортиқ фуқарога тегишли 900 гектардан ортиқ томорқа майдонларини сув билан таъминлаш ва бу ерларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш имконияти яратилди.
Мисол учун, фарғоналик Санобар Турсунова гулчиликни касб қилган. 14 сотих томорқанинг 6 сотихида иссиқхона қуриб, унда 250 турдан ортиқ гулни парваришламоқда. Опа ўтган йили 75 миллион сўм даромад қилди. Бу йил даромадини 100 миллионга оширишни режалаштирган. Бундан ташқари, 60 туп узум кўчати, 2 тоннадан ортиқ узум етиштиради. Бундан йилига 35—40 миллион сўм даромад олмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида истиқомат қиладиган Актам Аллаев 10 сотих томорқадан йилига 75—80 миллион сўм даромад кўраётган миришкорлардан. Тажрибали деҳқон хонадонида 300 туп ток кўчати бор. Ўтган йили шундан 3 тонна ҳосил олган, бу йил 5 тоннани мўлжалламоқда. Актам ака иссиқхонада сабзавотлар етиштириш билан бир вақтда ток кўчатлари ҳам тайёрлайди.
Наманганлик Дилшодбек Неъматов ҳам хонадонидаги ерни сира бўш қолдирмайди. Мавжуд 7 сотих томорқасида иссиқхона ташкил этиб, унда сабзавотчилик, кўчатчиликни йўлга қўйган. 50 бош паррандаси ҳам бор. Йилига 50—55 миллион сўм даромад қилмоқда.
Ҳудудларимизда шу каби уста деҳқонлар, намунали томорқачилар кўп. Одамларнинг томорқадан фойдаланиш кўникмаси ҳам, тажрибаси ҳам ошиб бормоқда. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, томорқани бўш ташлаб қўйган, ундан яхши даромад кўролмаётган инсонлар ҳам йўқ эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига тажрибали миришкорлар иштирокида аҳолига бозорбоп экинлар етиштиришни ўргатиш ва кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилгани бу борада айни муддао бўлди.
Ҳудудий кенгашлар ходимлари маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда юртимизнинг барча ҳудудларида ўрганиш, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориб, «Намунали томорқачи»лар тажрибасини кўргазмали семинарлар орқали оммалаштирмоқда. Жорий йилнинг март ойида Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларига Фарғона, Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидан мингдан ортиқ тажрибали деҳқонлар ҳамда намунали томорқачилар келиб, тажриба алмашиб, тарғибот ва услубий тавсиялари билан бўлишди.
Ҳудудларда 59,9 мингта салоҳиятли фермер хўжаликлари ўзларининг туман ёки маҳалласида яшовчи, томорқасидан самарасиз фойдаланаётган, кам таъминланган 647 минг нафар фуқаролар ҳамда фермер хўжаликлари ишчиларига бириктирилиб, аҳолининг 2,7 минг гектар томорқа ер майдонлари экиш учун тайёрлаб берилди, 25,2 минг гектар майдонга турли хил экинлар экишга кўмаклашилди. Жумладан, 25,3 тонна уруғлик, 513 минг мевали дарахт кўчатлари, 1 миллион 895 минг дона сабзавот кўчатлари, шунингдек, жўжа, қорамол, асалари уялари бириктирилган фуқароларга тарқатилди.
Халқимиз азалдан деҳқончилик билан шуғулланиб келгани рост, бироқ бугун соҳага янги технологиялар кириб келмоқда. Биз бу борада ер эгаларига маслаҳатлар бериш, кам харажат қилиб, кўпроқ даромад олишга кўмаклашиш, молиявий ёрдамлар кўрсатишни мақсад қилганмиз. Кенгаш мутахассислари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда аҳоли томорқа ерларида инновацион ёндошувлар асосида кичик интенсив боғдорчилик, лимончилик ва узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича намунавий технологик хариталар яратилди. Аҳоли хонадонларида парранда, қуён, қўй ва эчки, асалари уялари, интенсив усулда балиқ боқиш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш бўйича технологик тавсиялар ишлаб чиқилди. Шулар асосида қўлланма тайёрланиб, 33 минг нусхада чоп этилди. Электрон шакли эса Кенгашнинг расмий веб сайтига жойлаштирилди.
Жорий йилнинг шу даврига қадар Кенгаш ҳузуридаги «Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат маркази», «Қува томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий маркази» ва ҳудудлардаги «Томорқа кўчатчилиги ва маслаҳат марказлари» орқали янги инновацион, ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш юзасидан 4 минг нафардан ортиқ томорқачилар ўқитилиб, уларга услубий амалий ёрдам кўрсатиб келиняпти.
Фахриддин СУЮНОВ,
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи