Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқа ер эгалари учун бир қанча имтиёзлар берилади
17:19 / 2021-12-18

Ота-боболаримизнинг “Ер тўймагунча эл тўймас” деган ҳикматли сўзлари бежизга айтилмаган.

Чунки ер, томорқа, ҳовлиларимиз азалдан хонадонларимизнинг тўкинлигига, ҳаётимизнинг фаровон бўлишида муҳим аҳамиятга эга.

Шу боисидан Президентимиз томонидан мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларнинг ер майдонларидан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг жорий йилнинг 16 декабрида қабул қилинган "Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

ХХI асрда жаҳонда юз бераётган глобал иқлим – ўзгаришлари, ерларнинг яроқсиз ҳолатга келиши, биологик хилмахилликнинг камайиб бориши нафақат иқтисодиёт тармоқлари ривожи, балки инсониятнинг фаровон келажагига ҳам жиддий хавф солиши мумкин. Ана шундай мураккаб вазиятда юртимизда ер ресурсларини асраш, ундан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани диққатга сазовордир. Ўтган давр мобайнида фермерлик ҳаракати, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш каби йўналишларда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Яқинда қабул қилинган қарор билан бу борадаги ишлар кўлами яна кенгаяди. Хусусан, қарор билан томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини яратилади. Томорқа хўжаликларида маҳсулот етиштиришни кўпайтириш орқали аҳоли даромадини ошириш, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, ҳар бир туманда томорқа ер эгалари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирларни назарда тутади.

Мазкур қарорда томорқада маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги қарз маблағлари Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилиши белгиланган. Бу маблағлар тижорат банкларига ресурс сифатида йўналтирилган ҳолда, томорқачилик лойиҳаларини кредитлаш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларида белгиланган шартлар асосида томорқа ер эгаларига берилади.

Жумладан, томорқа ер эгаларига 100 бош парранда, 5-10 бош курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уяси, интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйиш, шунингдек, ихчам иссиқхоналар, “дала дўконлари” қуриш, артезиан қудуқларини қазиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Кичик интенсив боғдорчилик, лимончилик ва узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик учун ҳам кредитлар ажратилади.

Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг тавсиясига кўра “Томорқа хизмати” МЧЖларга уруғлик ва кўчат, мотокультиватор ва минитрактор, инкубатор харид қилиш ҳамда айланма маблағ учун 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.

Бундан ташқари етакчи тадбиркорлик субъектларига аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январга қадар томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида кредит ажратиш кўзда тутиляпти.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан амалдаги мавжуд штатлар доирасида хонадонларда паррандачиликни йўлга қўйиш бўйича доимий лойиҳа офислари фаолият кўрсата бошлайди.

Яна бир муҳим янгилик: қарорга кўра, 2022 йилда сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғориш учун жами 113 та туманда 2 150 та вертикал суғориш қудуқлари ишга туширилади. 2022 йил 1 апрелгача фуқаролар учун мўлжалланган, аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини маркетплейс усулида сотишни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича онлайн маслаҳатлар кўрсатувчи махсус платформа фаолияти йўлга қўйилади.

Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш орқали 200 мингта ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда томорқа хўжаликларининг улуши ошади. Бунда томорқа хўжаликларида етиштириладиган маҳсулот ҳажми 30 фоизга кўпаяди.

Хулоса қилиб айтганда, томорқа – ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Хонадонларимиз ободлиги, дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашда унинг ўрни беқиёс. Бу йўналишда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам ана шу мақсадга йўналтирилганлиги билан аҳамиятли. Мазкур қарор томорқа ер эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сони ва сифатини оширишда, фермер ва томорқа ер эгалари моддий таъминотини яхшилашга хизмат қилади.

Тўлқин САТТОРОВ,

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа

ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси

ижрочи директори.

ЎзА