Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда одамларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, ижобий ҳал этиш, яъни инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларнинг реал даромадини ошириш орқали камбағалликни қисқартириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Андижон вилояти Балиқчи туманида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
– Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида 2025 йилда туманимизга барча манбалар ҳисобидан 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди, – дейди Балиқчи тумани ҳокими Жасурбек Абдураимов. – Ажратилган маблағлар аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, туман иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга йўналтирилди.
Айниқса, туманда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, маҳаллаларни жадал ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Айни кунда Балиқчи туманидаги мавжуд 66 та маҳалла фуқаролар йиғинида 210 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос жиҳатлари, аҳолисининг қизиқиш ва имкониятларидан келиб чиқиб, маҳаллаларни даромад келтирадиган йўналишлар бўйича ихтисослаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш орқали аҳоли даромадини кўпайтиришга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, маҳаллаларнинг солиштирма устунлигидан келиб чиққан ҳолда туман ҳудуди 8 та гуруҳга ажратилди ва ҳоким ёрдамчилари негизида “Лойиҳа офислари” ташкил этилди.
Қумтепа маҳалласи тажрибаси асосида Қияли, Тўда ва Захкаш маҳаллаларида атиргулчилик йўлга қўйилди.
Балиқчи тумани Қумтепа маҳалласида фаолият олиб бораётган “Чинобод нурли замин” агрофирмаси негизида “Гулчилик маркази” ташкил этилди. Натижада 70 нафар фуқаро доимий, 300 нафари мавсумий иш билан таъминланди. Шунингдек, гул кўчати етиштириш мазкур ва қўшни маҳаллалардаги қатор хонадонлар билан кооперация асосида йўлга қўйилгани сабабли яна 400 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, улар учун доимий даромад манбаи шаклланди.
– Агрофирмамиз бир неча йилдан буён гулчилик, хусусан, атиргул кўчатлари етиштириш билан шуғулланиб келади, – дейди “Чинобод нурли замин” агрофирмаси раҳбари Ботиржон Хўжамов. – 10 гектар ер майдонида атиргул кўчатлари етиштирамиз. Бундан ташқари, ҳозирда маҳаллий ҳамда гул кўчати экспорт қилинаётган давлатлар иқлим шароитга мос келадиган 500 дан ортиқ навдаги атиргул кўчатлари тайёрлаш устида иш олиб боряпмиз.
Махсус ажратилган дала майдонига аввало наъматак уруғи экилади. Униб, ўсиб чиққан ҳар бир кўчатга атиргул новдаси улаб чиқилади. Иккинчи йилга келиб, тайёр кўчатлар чиқарилиб, экспортга йўналтирилади. Бу жараён осон кечмайди. Унинг ортида катта меҳнат ётади, ҳар бир агротехник тадбирни сифатли ва белгиланган талаблар асосида амалга ошириш зарур. Бироқ ушбу ишни йўлга қўйган, тажриба орттирган киши, шубҳасиз, барқарор ва юқори даромадга эриша олади.
“Чинобод нурли замин” агрофирмаси томонидан биргина ўтган 2025 йил давомида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва Беларусь давлатларига қарийб 1 миллион туп атиргул кўчати экспорт қилинди.
Ҳозирда гул кўчатлари катта коробкаларга қадоқланиб, экспортга юборилмоқда. Келгусида шу ернинг ўзида ҳар бир кўчатни алоҳида кичкина махсус коробкага солиш, ўз бренди асосида тўғридан-тўғри савдога чиқариладиган ҳолда қадоқлашни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилмоқда.
Агрофирма ҳудудида атиргул кўчатларини сақлаш учун махсус музлаткич барпо этилган.
Айни пайтда агрофирмада 50 нафар фуқаро доимий иш билан банд бўлса, 300 нафардан ортиқ фуқаро мавсумий ишларга жалб этилмоқда. Икки-уч ой давом этадиган мавсумий ишлар даврида иштирокчилар 20-25 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш имконига эга бўлмоқда.
– Ҳар бир тупга атиргул новдасини улаш учун 500 сўмдан пул тўлаймиз, – дейди Ботиржон Хўжамов. – Бир иш кунида бир киши ўртача 800 туп кўчатга новда улаши мумкин. Бу дегани кунига 400 минг, бир ойда эса 12 миллион сўм дегани. Новда улаш жараёни камида икки ой давом этишини ҳисобга олсак, мавсумда бир ишчи 20-25 миллион сўм даромад топиш имконига эга бўлади.
Бундан ташқари, агрофирманинг қуритилган атиргул гул барглари қадоқланиб, хорижий давлатларга экспорт қилишни йўлга қўйганлиги ҳам эътиборга молик.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қуритилган атиргул гули барглари таркибидаги фойдали моддалар, хусусан, гул баргларидан тайёрланадиган дамлама инсон иммунитетни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бугунги кунда жаҳон бозорида мазкур маҳсулотнинг 1 килограмм нархи 160-250 АҚШ доллари атрофида баҳоланмоқда.
Келгусида атиргул гул баргларидан қиём ва сок тайёрлаш ҳам режалаштирилган.
Агрофирма мутахассислари ўз тажрибалари асосида атиргул кўчати етиштириш бўйича нафақат Қумтепа, балки қўшни Қияли, Тўда ва Захкаш маҳаллаларида шу иш билан шуғулланиш истагидаги оилаларга, тадбиркорларга маҳорат дарслари ўтиб келмоқда, уларга хўжалик далаларида иш ўргатмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, ҳудудда корпорация асосида гулчилик кластерини ташкил этиш, аҳолининг доимий даромад манбаини шакллантириш ҳамда атиргул кўчати, қуритилган гул барги экспорти ҳажмини кўпайтиришдир.
– Албатта, бу ишларни амалга оширишда биз тадбиркорларга давлатимиз, Президентимиз томонидан кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги муҳим омил бўлмоқда, – дейди тадбиркор Ботиржон Хўжамов. – Бунинг учун аввало, юртбошимиздан, қолаверса, ҳокимларимиз, барча мутасаддилардан миннатдормиз.
Ҳудуддаги ер ости сувларидан фойдаланиш имкониятларидан келиб чиқиб, тумандаги Сарновул ва Нурафшон маҳаллаларида балиқчиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда.
– Умумий қиймати 20 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилмоқда, – дейди “Чинобод реал бизнес” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Нурилло Араббоев. – Уч гектар майдонга ўрнатилган махсус сунъий ҳовузларда форель, сазан, оқ амур сингари ноёб балиқлар етиштирилади.
Ушбу лойиҳанинг ёки интенсив усулда балиқ етиштиришнинг афзаллиги шундаки, илғор технологияларни қўллаган ҳолда 3 гектар майдондан оддий, поликультура усулида 100 гектар майдонда етиштириш мумкин бўлган миқдордаги балиқни олиш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, сунъий ҳовузлардаги турли минераллар билан бойиган сув тўкиб юборилмасдан, ундан экинларни суғоришда фойдаланилади. Бу нафақат сувни тежаш, балки ҳосилдорликни оширишга ёрдам беради.
Туманда томорқадан унумли фойдаланиш, томорқа эгаларининг самарали меҳнати, интилиши, изланиши билан нафақат уларнинг ўзлари, балки жамият манфаат кўрмоқда. Бугунги кунга келиб, айниқса, иссиқхоначиликка ихтисослашган маҳаллалардаги томорқаларнинг аксариятидан йилига камида икки мартадан ҳосил олинмоқда.
Томорқадан унумли фойдаланиш борасида олиб борилаётган ибратли ишлар самараси ўлароқ, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминланмоқда, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалмоқда.
Туманнинг Чароғон маҳалласида яшовчи Адҳамжон Исоқов илғор, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда ўз томорқасида қулупнай етиштиришни йўлга қўйган.
[gallery-27401]
Қишнинг бугунги аёзли кунида ҳам ўз хонадонидаги иссиқхонада қулупнай етиштириш, деҳқончиликнинг ҳадисини олган Адҳамжон ака ҳамда унинг турмуш ўртоғи Сардорхон ая шаънига ҳар қанча таҳсин айтиш мумкин.
Улар нафақага чиққан бўлсаларда, нафақа пулига қараб ўтиришни маъқул кўрмайди, меҳнат қилади, изланади, қўшимча даромад топиш, турмушларини янада чиройли қилиш учун ҳаракат қилмоқда.
– Хонадонимизда 3 сотихдан иккита иссиқхонамиз бор, – дейди меҳнат фахрийси Адҳамжон Исоқова. – Иссиқхоналарнинг бирида бир неча йилдан буён лимон, мандарин, апельсин парваришлаймиз. Яқинда ҳосилни йиғиштириб, сотдик. Яхшигина даромад қилдик.
Иккинчи иссиқхонамизда эса 1,5 минг туп “Кабриелла” навли қулупнай парваришланмоқда. Ундан ҳам яхшигина ҳосил олдик. Бунга қўшимча равишда иссиқхонани ичига махсус мослама ўрнатиб, кўчатлардан 1-1,5 метр баландга, яъни иккинчи қаватига яна 2 минг туп қулупнай кўчатини ўтказдик. Насиб этса, баҳорга чиқиб улар ҳам ҳосил беришни бошлайди.
Меҳнат қилиб, иссиқхоналаримиздан йилига каттагина даромад қиламиз.
Томорқадан самарали фойдаланаётган миришкор деҳқон келгусида қулупнай етиштиришда гидропоника усулини қўллаш орқали йил давомида доимий ҳосил олиш, сувни тежаш ва ҳосилдорликни оширишни мақсад қилган. Унинг ушбу ташаббуси, яъни инновацион ёндашувлар асосида қулупнай етиштиришни йўлга қўйиши йилнинг барча мавсумида аҳолини сифатли, янги қулупнай билан таъминлаш имконини беради.
Туманда Адҳамжон Исоқов сингари томорқадан унумли ва самарали фойдаланаётган фуқаролар сони тобора ортиб бормоқда. Чунки улар томорқадан самарали фойдаланиш, илғор технологиялар асосида деҳқончилик қилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг афзалликларини амалда кўрмоқда. Уларнинг қарашлари, фикрлари ўзгармоқда. Ҳаётларини янада фаровон қилишга интилиш кучаймоқда.
Умуман, туман маҳаллаларида амалга оширилаётган қатор лойиҳалар натижасида 8 та маҳалла касаначилик, 7 та маҳалла савдо ва сервис, 10 та маҳалла иссиқхоначилик, 7 та маҳалла чорвачилик йўналишлари бўйича ривожлантирилмоқда.
Ана шу йўналишлардаги ишлар самараси ўлароқ 5 мингдан ортиқ хонадон қўшимча даромад манбаига эга бўлади, маҳаллий бюджетга 3 миллиард сўм қўшимча тушум қилинди.
Ўтган 2025 йилда Бандлик дастури орқали туманда жами 28 минг 200 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
“Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 33,8 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилиб, 2 минг нафар фуқаро тадбиркорликка йўналтирилди. Натижада, 4 минг 400 та камбағал оиланинг яшаш шароитлари яхшиланиб, улар доимий даромад манбаига эга бўлди.
Ўтган йил бошида туманда камбағаллик даражаси 11,3 фоизни, ишсизлик даражаси 6,2 фоизни ташкил этган бўлса, йил якунига келиб, камбағаллик даражаси 2,9 фоизга, ишсизлик даражаси 4 фоизга туширилди.
Жорий йилда ҳам мазкур йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш, йил якуни билан туманни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш белгиланган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/38Jpf-c2W9g" title="Tomorqa – daromad manbai" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари