ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараён самараси Фарғона туманидаги “Боймаҳалла” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Илёсбек Нўъмонов хонадонида ҳам ўз аксини топган.
Ушбу хонадонни чин маънода тадбиркорлар оиласи, деб аташ мумкин. Хонадон эгалари мавжуд имконият ва ресурслардан унумли фойдаланган ҳолда бир нечта йўналишда даромад манбаини йўлга қўйган. Жумладан, томорқанинг 3 сотих ер майдонида лаванда гуллари етиштирилмоқда. Ҳовлига кирган инсонни хушбўй ифор билан қарши оладиган ушбу ўсимлик нафақат эстетик жиҳатдан жозибали, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали.
Нўъмоновлар оиласи лаванда гулларидан турли маҳсулотлар тайёрлашни ҳам йўлга қўйган. Хусусан, лаванда талқонлари солиб ишлаб чиқарилаётган ёстиқлар маҳаллий аҳоли ўртасида талабга эга бўлмоқда. Шунингдек, хонадонда юзга яқин хонаки товуқ парваришланади. Уларнинг сифатли ва экологик тоза тухумлари қўни-қўшни ва маҳалла аҳолисининг кундалик эҳтиёжини қондирмоқда.
[gallery-26901]
Хонадонда замонавий технологиялардан фойдаланишга ҳам катта аҳамият қаратилган. Хусусан, қуёш панеллари орқали хонадон тўлиқ электр энергияси билан таъминланмоқда. Муҳими, ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергияси тармоққа узатилиб, ойига 3 миллион сўмдан ортиқ даромад келтирмоқда. Бу эса қайта тикланувчи энергия манбаларининг аҳамияти ва иқтисодий самарадорлигини яққол намоён этади.
Ана шундай намунавий фаолияти эътиборга олиниб, мазкур оила яқинда ўтказилган “Энг яхши хонадон” танловининг Фарғона вилояти босқичида ғолиб деб топилди.
Нўъмоновлар хонадони тажрибаси маҳалладаги бошқа оилалар учун ҳам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА