French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқа – даромад манбаи
16:55 / 2017-07-12

Собиқ тузум даврида оила даромади, оилавий тадбиркорлик деган тушунчалар йўқ эди. Мабодо бирор киши билиб-билмай шундай ишга қўл уриб қўйса, борар жойи маълум эди. Фақат мустақиллик туфайли ўз эркимизга, ўз еримизга эга бўлдик.

Собиқ тузум даврида оила даромади, оилавий тадбиркорлик деган тушунчалар йўқ эди. Мабодо бирор киши билиб-билмай шундай ишга қўл уриб қўйса, борар жойи маълум эди. Фақат мустақиллик туфайли ўз эркимизга, ўз еримизга эга бўлдик. Ўз мулкимизни ўзимиз хоҳлагандек тасарруф этиш имконияти берилди. Хусусан, томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда.

Фарғона вилояти Фарғона туманидаги Аввал, Чимён, Лоғон, Каптархона, Оқбилол, Хонқиз қишлоқлари аҳолиси ҳам кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласи фаровонлигини оширмоқда, бозорни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда.

“Миндонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ана шулардан бири. Шу маҳаллада яшовчи Тўхтахон ая Эргашева томорқачиликнинг ҳадисини олганлардан. Нафақада бўлса-да, ўғиллару келинлари билан мўъжазгина экин майдонидан унумли фойдаланиб, тўкин ҳаёт кечирмоқда. Қиш-баҳор ойларида 2 сотихли иссиқхонада бодринг, помидор етиштиради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, томорқадан олинган бу йилги даромад 6 миллион сўмдан ошди. Ҳамжиҳатликда қилинаётган ишлар туфайли оила моддий фаровонликка эришиб, янги машиналар олмоқда, тўй-тўйларга уланмоқда.

Зафаржон Аҳмедов томорқасига кирган киши қалампир етиштиришнинг ўзига хос усулларига гувоҳ бўлади. 8 сотих иссиқхонадан келадиган йиллик даромад 20 миллион сўмдан кам эмас. Иссиқхонадан 3 марта ҳосил олинади. Экинни томчилатиб суғориш йўлга қўйилган. Томорқачиликда жорий этилган бу илғор усул маҳсулотни янада арзонлаштиришга хизмат қилмоқда. Янги хўжаликка кўчиб чиққан оила ҳалол меҳнат билан ишлаб топган даромади ҳисобига замонавий уй-жойлар қурмоқда.

–Ўқитувчиман. Бўш вақтимда фарзандлар билан томорқада ишлаймиз, – дейди Феруза Худоёрова. – Гилос, олмадан яхши даромад олдик. Қулупнай ва малинадан мавсумдаги даромад 15 миллион сўмдан ошди. Маҳсулотни бозорда ўзимиз сотамиз.

– Одамнинг қўли гул, деганлари рост, – дейди “Миндонобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комилжон Боболимов. – Ўтган аср ўрталарида тош-шағал бўлган бу ерлар меҳнат туфайли сўлим, обод масканга айланди. Маҳалламизда умумий 19 гектардан ортиқ томорқа майдони мавжуд. Томорқада аҳоли эхтиёжи учун керакли бўлган сабзавот экинлари, турфа мевалар етиштирилаётир. 12 хонадонда замонавий иссиқхона ташкил этилган. Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик тармоқлари ҳам ривожланмоқда.

Маҳалла ва тижорат банклари ҳамкорлиги қўл келаётир. Хусусан, имтиёзли банк кредитлари илғор иш тажрибаларини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўз ишини бошлаш истагини билдирган 100 нафар оилавий тадбиркорга керакли хужжатлар тўпламини шакллантиришга амалий ёрдам берилди. Бундан 5 йил аввал маҳалла фуқаролар йиғинида 42 кам таъминланган оила рўйхатга олинган бўлса, ҳозир уларнинг сони икки ҳиссага камайган.

Дарҳақиқат, омилкорлик билан иш юритаётган миндонободликлар ҳудудни ободонлаштириш, маиший шароитларини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳозирга қадар 3 километрлик ички йўл асфальтланди, 3,5 километрдан кўпроқ масофага тоза ичимлик суви тармоғи тортилди, 400 метрдан ортиқ электр тармоғи янгиланди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда яратилаётган шароит ва имкониятлар самарасидир.