Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқадан унумли фойдаланмаган фуқаролар жарима тўлаши мумкин
20:08 / 2020-04-16

Жорий тартибга биноан томорқага қандай экин экиш аҳолининг ўз таклифлари асосида шакллантирилади.


Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

Депутатлар аҳолининг томорқадан фойдаланиш ҳолатини таҳлилий ўрганиб, шундай хулосага келган: аксарият аҳоли ўз экин майдонларидан имкон қадар унумли фойдаланаётган бир пайтда, айрим фуқаролар томорқаларини ўз ҳолига ташлаб қўйган.

Жорий тартибга биноан томорқага қандай экин экиш аҳолининг ўз таклифлари асосида шакллантирилади. Бироқ томорқа эгаси у ёки бу маҳсулотни етиштиришни режалаштирса-ю, амалда уни бажармаса, бу ҳолат озиқ-овқат захирасини шакллантиришга ҳам салбий таъсир қилади, ва албатта, бундай лоқайдликка чора кўрилади.

Шу маънода, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини янги 651-модда билан тўлдириш таклиф қилиняпти. Унга мувофиқ, томорқа ерларидан унумли фойдаланмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Яъни, томорқага ўз танлови асосида бирон-бир қишлоқ хўжалик экини экмаган фуқаролар, аввал огоҳлантирилади. Кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солинади. Агар мазкур ҳолат маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача ошиши мумкин.