Фарғонада кафтдек томорқа еридан оқилона фойдаланиб яхши даромад олаётган оилалар кўп.
Фарғонада кафтдек томорқа еридан оқилона фойдаланиб яхши даромад олаётган оилалар кўп.
Вилоятдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ташаббусларни қўллаб-қувватлашда Қува туманидаги Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий марказининг алоҳида ўрни бор. Марказда томорқа ер эгаларини сифатли уруғ ва кўчатлар билан таъминлаш, наслчиликни кўпайтириш, интенсив боғлар яратиш, замонавий иссиқхоналар қуриш, томчилатиб суғориш, муқобил энергиялардан фойдаланиш, томорқа ерларда балиқ боқиш учун ҳовузлар ташкил этиш бўйича илмий –тадқиқотлар, томорқа эгалари малака ва маҳоратини ошириш билан боғлиқ амалий тажрибалар олиб борилмоқда, янги ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда.
Иссиқхонада гилос етиштирилади
Бу лойиҳа эртанги гилос етиштириш ҳажми ва экспорт миқдорини ошириш имкониятини беради. Шу мақсадда марказ қошида умумий майдони бир гектар бўлган интенсив гилос боғлари ташкил этилди. Туркиядан пакана ва ярим пакана “Мелитопол” гилос навлари олиб келиб экилди. Мазкур навлар сифатли ва юқори ҳосил бериш хусусиятлари билан ажралиб туради. Қолаверса, иссиқхонада гилос етиштирилганда мевалар меъёридан 20-25 кун олдин пишиб етилади, турли зарарли ҳашорат, ноқулай об-ҳаво инжиқликларидан ишончли ҳимояланади.
Мутахассислар фикрича, бир гектар майдондаги оддий гилос боғларига 500 туп кўчат экиш тавсия қилинади. Интенсив усулдаги боғларда 2500 туп гилос кўчатлари парваришланади. Бу бир гектар майдонда 20 тоннагача ҳосил олиш имкониятини беради. Ниҳоллар томчилатиб суғорилади. Натижада сифатли ва бозоргир маҳсулот етиштириш билан боғлиқ харажатлар миқдори камаяди.

Сара гуллар экспорти
Қува тумани томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган турфа атиргуллар экспорт қилинади. Шу мақасадда марказ қошида 10 гектар майдонда гулчилик йўналишида “Қува сара гуллари” кооперативи ташкил этилди. Бу ерда 50 нафар камбағал, ишсиз фуқароларга 20 сотихдан экин майдонлари ажратиб берилди. Улар атиргул оналик кўчатлари, атиргул ғунчаларини парваришлаш, иссиқхоналар ташкил этиш ва очиқ майдонларда атиргул кўчатларини етиштириб беради. Маҳсулот шу ернинг ўзида сотиб олинади. Шунингдек, агротуризм хизматини ташкил этиш, атиргул япроқларидан мураббо ишлаб чиқариш сингари ишлар йўлга қўйилади.
– Келгуси йилда бир миллион дона атиргул етиштирилади, – дейди Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази директори Зафаржон Мамасолиев. – Бундан ташқари, Қува туманидаги 4472 та хонадон эгалари ихтиёридаги 223 гектар томорқаларда ҳам атиргул парваришланади. Бу бир мавсумнинг ўзида 18 миллион донадан ортиқ атиргул ва кўчатлар етиштириш ҳамда экспортини амалга ошириш имкониятини беради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, гулчилик йўналишида 400 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинади.
Қурилма башорат қилади
Боғдорчилик ва деҳқончилик амалларини бажаришда экин майдонлари хусусиятларидан келиб чиқиб ниҳол ўтказиш, экинларга ишлов бериш, зарарли ҳашоратларга қарши курашиш, об-ҳаво ҳақидаги маълумотларни олдиндан билиш муҳим. Шу мақсадда “Агрометеорологик” станция ишга туширилди. Бу қурилма ҳаво ҳарорати ва намлиги, ёғингарчилик миқдори, қуёш радиацияси, шамол тезлиги, тупроқ, барглар ва атмосфера намлиги, шамол йўналишларини аниқлаб йиғилган маълумотларни интернет орқали компьютер марказига юборади. Қабул қилиб олинган маълумотлар махсус дастур орқали қайта ишланиб ўсимликларнинг касалликлари ва зараркунандаларини кўпайиши эҳтимоли бўйича башоратни ўрганади ва уларга қарши кураш ва профилактика чора-тадбирлари бўйича тавсиялар беради. Бу тавсиялар телефон SMS ёки телефон иловалари орқали мижозларга етказиб берилади. Дунё деҳқончилик тажрибасида кенг қўлланилиб келинаётган бу лойиҳа томорқа ер эгалари, фермер хўжаликлари билан масофадан туриб ҳамкорлик қилиш амалларида қўл келади.
“Invitro”– пайвандлашнинг янги усули
Бу лаборатория усулида кўчат етиштириш иқтисодий самардорликни таъминлаш билан бирга, кўчатлар тури аниқ ва ишончли бўлишида катта аҳамиятга эга.
– Янги лаборатория шароитида бир дона куртакдан минг донагача сифатли кўчат олиш имконияти бор, – дейди бош агроном Муроджон Тешабоев. – Қолаверса, ниҳоллар тез ва ишончли ривожланади, кутилган нав ва ҳосил олиш имкониятини беради. Авваллари бу борадаги ишларни амалга ошириш учун махсус майдонларга уруғ экилган, униб чиққан ниҳоллар иккинчи йилда пайвандланган. Янги усулда кўчат етиштириш бу борадаги ортиқча оворагарчилик, харажатларни кескин камайтиради. Бу ерда бир йилда 25 миллион дона кўчат етиштирилади.
Томорқа эгалари ўқитилади
Марказда томорқа ер эгалари фермер, деҳқон хўжаликлари малакасини ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил этилди. Шу кунга қадар 1200 нафардан ортиқ фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари 32 соатлик ўқув машғулотларида малака ва маҳоратини оширди. Бу ерда тингловчиларнинг назарий ва амалий билимларини ошириш, янги иш тажрибаларини ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ шароитлар яратилди.
– Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган қарорида бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш билан боғлиқ вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди, –дейди ўқув бўлими бошлиғи Мухторжон Ўринбоев. – Шу мақсадда 100 ўринли ўқув биноси, 60 ўрин жойга эга бўлган ётоқхона таъмирдан чиқарилди, янги ошхона қурилди. Янги техника ва механизмлар харид қилинди, томорқада чорвачиликдан ҳам даромад олишни ўргатиш мақсадида чорвачилик мажмуаси қурилди.
Томорқачилик – оилаларнинг даромад манбаи бўлиб, ундан самарали фойдаланиш янада муҳим. Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш борасида бошланган саъй-ҳаракатлар замирида ҳам фаровонликни таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.