Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқадан самарали ва унумли фойдаланиш кони фойда
16:22 / 2020-04-09

Ота-боболаримиз бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишга, боғ-роғлар яратишга алоҳида эътибор қаратишган.

Муносабат

Ота-боболаримиз бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишга, боғ-роғлар яратишга алоҳида эътибор қаратишган.

Куни кеча Президентимиз раислигида коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган ҳолда барча фермер, кластер, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши кераклигини, акс ҳолда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш қийин бўлиши ҳаммага аён эканлигини айтиб ўтди.

Навоий вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда вилоятда 136 237 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 11 530 гектар томорқа майдони бор. Шу кунга қадар улар томонидан 7060 гектар майдонга тўқсонбости экинлар , 4315 гектарга эртаги экинлар экилган.

– Юртимизда ердан унумли фойдаланишга қаратилган эътибор йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунга қарамай, томорқасидан самарали фойдаланмай, уни қаровсиз ташлаб қўйганлар ҳам орамизда бор, – дейди Кармана тумани “Шибзон” МФЙда яшовчи Хуршид Тошев. – 8 сотих ер майдоним бор. Айни пайтда, лавлаги, картошка ва турли кўкатлар экканман. Ҳар йили ердан икки марта ҳосил оламан. Даромад ҳам ёмон эмас. Томорқа – тайёр даромад манбаи. Фақатгина ундан унумли фойдаланиш керак холос.

Президентимиз бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади.

Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш, юртга ва ерга нисбатан хиёнат, деб баҳоланиши керак.

Шунинг учун томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди.

Албатта, заминимиз серҳосил. Тупроқ-иқлим шароити тўрт фаслда ҳам сабзавот экинлари етиштириш учун ғоят қулай ҳисобланади. Ерга таёқ қадасанг кўкаради. Мавжуд ерда меҳнат қилиб, пиёз, сабзи, картошка, саримсоқпиёз ёки турли кўкатларни экиб, рўзғорда фойдаланиш кони фойда. Аслида булар, фақатгина озиқ-овқат маҳсулоти бўлмай, инсон саломатлиги учун ҳам фойдали сабзавотлар ҳисобланади. Қолаверса, жисмоний фаоллик, бундан ташқари, томорқанинг обод бўлиши, натижада қўшимча даромад дегани-ку! Томорқадан самарали ва унумли фойдаланиб, йил давомида бир неча маротаба ҳосил олиш имкони мавжуд. Шундай экан, ҳар бир томорқа эгаси мавжуд экин майдонидан унумли фойдаланса, фойдадан холи бўлмайди.

Абдували БЎРИЕВ,
журналист.