Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқа – юқори даромад манбаи
22:00 / 2020-04-13

БМТ халқаро ташкилоти ҳам бугун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш вақти келганини таъкидламоқда.

Муносабат 

Бутун дунёда кечаётган глобаллашув жараёнида иқтисодий инқироз асоратлари давом этиб, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи долзарб бўлиб бормоқда. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида аҳолининг сабзавот ва полиз маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли таъминлаш, ердан самарали фойдаланиш орқали кўпроқ маҳсулот етиштириш тизимини яратиш энг устувор масалалардан биридир.

БМТ халқаро ташкилоти ҳам бугун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш вақти келганини таъкидламоқда.

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши алоҳида таъкидланди. Албатта, бу ҳозир энг тўғри йўл ҳисобланади. Зеро, бугунги замоннинг ўзи шуни талаб қилмоқда. Йилига ярим миллион нафардан кўпайиб бораётган мамлакатимиз аҳолиси рўзғорининг бутлигига эришиш йўли ҳам шунда.

Шу маънода пандемия туфайли юртимизда эълон қилинган қатьий карантин вақтида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш, ички бозорда нарх-навони ошиб кетмаслиги кўп жиҳатдан томорқалардан қанчалик оқилона фойдаланишимиз, кичик бўлса-да тадбиркорлик билан шуғулланишимизга боғлиқ.

Айни шу кунларда кўпчилик фуқароларимиз вақтини асосан оила даврасида ўтказяпти. Бу карантин қоидаларига риоя қилиш билан бирга, хонадонидаги мавжуд томорқада ишлаш учун ҳам яхши имконият. Агар ҳар бир хонадонда рўзғор учун зарур бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилса, аввало, келгусида бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёж қондирилади, бозорларда нарх-навонинг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олинади.

Халқимиз йилдан-йилга деҳқончиликка илмий асосда ёндашиб, бозор талаблари ҳамда эҳтиёжларидан келиб чиқиб маҳсулот етиштиришнинг инновацион усулларини жорий этмоқда. Гидропоника усулидаги иссиқхоналар, интенсив боғлар яратиш, мева-сабзавотларни сақлаш учун замонавий совитиш тизимига эга омборлар қуриш борасида илғор технологиялар тадбиқ қилинаётгани бунга мисол бўла олади. Бироқ, мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш борасида жуда катта экспорт салоҳиятига эга бўлган томорқа хўжалиги имкониятларидан вилоятимизда тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Халқимиз азалдан деҳқончиликда, боғ яратиш ишларида намуна бўлиб келган. Бугунги кунда кўпчилик ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олаётганлар ҳам орамизда кўплаб топилади. Масалан, бу борада қизилтепаликларда ҳам катта тажриба тўпланган. Туманда 28 минг 304 нафар томорқа ер эгалари томонидан 2333 гектар ер майдонида баҳорги экин ишлари якунига етказилмоқда. Туманда 1,5 минг гектар майдонда тўқсонбости усулда сабзавот экинлари етиштирилаяпти. Тўғрисини айтганда ҳамма ҳам ерлардан оқилона фойдаланмаяпти. Унга битта баҳона сув камлиги, “эккан экинларимиз саратонда сув етишмаслигидан қуриб қолади” дея рўкач қилиниши табиий. Шу мақсадда бу йил аҳоли талабларидан келиб чиқиб 400 та қудуқ қазилиб, насослар ўрнатилиб берилади.

Аслида томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўли эканлигини унутмаслигимиз лозим. Муҳими, бир жойда тўхтаб қолмаслик. Жойларда тарғибот-ташвиқот ишларимизда бунга алоҳида эътибор қаратишни унутмаслигимиз, синовли дамларда ҳаммамиз бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак.

Улуғбек ФАЙЗИЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
“Zarafshоn Golden Group” компанияси таъсисчиси