Томорқа бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш таклиф қилинмоқда
Ушбу қонунни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида ҳуқуқшунос сифатида позиция берганман.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига томорқа ер участкаларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонуни қабул қилиниб, Сенатга юборилган эди.
Ушбу қонун томорқадан оқилона фойдаланилмаган тақдирда жарима белгилашни назарда тутиб, бу — солиқ кодексида белгиланган чораларига қўшимча жазо чоралари сифатида киритилаётганди.
Ушбу қонунни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида ҳуқуқшунос сифатида позиция берганман. Кенг жамоатчилик ҳам бу борада ўзининг фикр мулоҳазаларини билдириб, жаримага эътироз билдирган.
Хабарингиз бор, Сенатнинг 11 майда бўлиб ўтган Ялпи мажлисида мазкур қонун муҳокама қилиниб, сенаторлар қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Аҳоли буни олқишлади.
Сенатнинг қонунни рад этилишига асос - МЖТКнинг тўлдирилаётган 65-1-моддасидаги томорқа ер участкасидан “асоссиз равишда” ёки “оқилона” фойдаланмаслик ёхуд “самарасиз” фойдаланиш каби тушунчалар қонун ҳужжатларида очиб берилмагани, тегишли идоралар томонидан жавобгарликка тортишда коррупция ва бошқа суиистеъмолликларга замин яратиши ҳамда давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига асосан “Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши, унда юқоридаги каби қонун ҳужжатларимизда мавҳум бўлган тушунчаларни очиб бериш, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш ва аҳоли даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани келтирилди.
Сенатнинг асоси тўғри, лекин “асоссиз равишда” ёки “оқилона” фойдаланмаслик ёхуд “самарасиз” фойдаланиш тушунчаларини бериш билан иш битмаслигини, умуман, томорқа ер эгаларига ҳар қандай жазо чораларини белгилаш аввало мақсадга мувофиқ эмас ҳамда бу масала 70 ўлчаб бир кесишни ва халқ билан муҳокама қилиниши лозим.
Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳар қандай қонуннинг муаллифи аввало, халқимиз бўлиши лозим. Айниқса томорқа ҳақида гап кетганда халқ билан маслаҳатлашиш фақат фойдадир.
Агар Сенат қарорида келтирилган тушунчаларга ойдинлик киритган ҳолатда ҳам жарима қўллашни ёки бошқа чора қўллашни кўзласак, нафақат нотўғри, балки, билиб-билмай хусусий мулкка дахл қилган, аҳолининг шахсий ишларига аралашган бўламиз ҳамда халқаро жамоатчилик олдида ҳам нотўғри муносабат уйғотамиз. Негаки, аксар давлатларда томорқа эгаларини экмадинг, деб жавобгарликка тортиш кулгили ҳолат саналади.
Жуда кўп эшитамиз, “ер давлатники, шунинг учун томорқа аҳолини шахсий иши эмас”, деган гапларни. Томорқа ер участкаси шундай бир мулкки, ер давлатга тегишли бўлгани ҳолда ер усти, томорқадаги уй-жой, воситалар хусусий мулк, у ер участкаси билан узвий боғлиқ, бир бутун ва томорқадаги экин майдони ҳам унинг ажралмас бир қисмидир.
Тўғри, бунда баҳсли жиҳатлар - “уй-жой ва воситалардан ташқари 4 сотих ер участкаси бўлса”, ундан самарали фойдаланишга мажбур деган. Албатта, бунда аҳолининг даромад манбаи, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, яшаш шароитини яхшилаш, боқиш каби масалалар ҳам бор...
Лекин ушбу масалалар ҳам қонун доирасида, мулк дахлсизлиги тамойили, деҳқончилик, оилавий қадриятлар ва ҳоказолар доирасида бўлиши, ҳеч бир бюракратик омиллар таъсир қилмаслиги лозим. Чунки халқимиз шундоқ ҳам меҳнатсевар, уйим-жойим болам чақам дейдиган, озгина имкониятда ҳам яхши яшашга интиладиган халқ.
Шунинг учун шарт эмас хусусий мулк элементлари устувор бўлган шахсий томорқаларга эгани кўпайтириш, бундан хайрли натижа чиқмайди.
Хайрли натижа қачон чиқади? Қачонки, манфаатдорлик, мулкни ҳақиқий хусусий эканлигини доим ҳис этиш учун ҳеч бир хавотир ва монелик бўлмаганида...
Мана шу каби масалаларнинг олдини олиш учун ҳам энг аввало “Томорқа хўжаликлари ва улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини Парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилиш ва шу қонун лойиҳасини бир йил давомида ҳуқуқий экспериментдан ўтказиш масаласини кўриб чиқиш тўғри бўлади.
Лойиҳани апробация қилиш бўйича ҳуқуқий экспериментда республиканинг турли ҳудудлари танлаб олиниши лозим. Масалан: Сурхондарё, Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятлари — ана шу 4 та ҳудудда лойиҳа тажрибадан ижобий ўтса, ушбу тармоқни қонун билан тартибга солиш ёки аксинча бўлса, бу қонун лойиҳасидан воз кечиш ва лойиҳани қабул қилишни рад этиш мумкин.
Ушбу қонун лойиҳаси бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилса, бу Ўзбекистондаги иккинчи шундай тажриба бўлади. Биринчиси 2013 йилда ўтказилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент эди.
Ушбу қонун лойиҳасини пухта ишлаб, апробация қилишнинг қўйидаги икки усули мавжуд ва улардан халқ вакиллари фойдаланишлари мумкин:
Биринчиси, ҳуқуқий экспериментни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши асосида, бунинг учун Парламент давлат раҳбарига шу ташаббус ва таклиф билан чиқиш керак;
Иккинчиси, Парламент қуйи палатасининг қарори ёки Парламент палаталарининг қўшма қарори асосида.
Қонун лойиҳаси нимага керак? Икки йил олдин шу масалани кўтарган эдим. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли деб ҳисобланган ер майдонларининг чекланганлиги сабаб мавжуд суғориладиган ерлардан фойдаланиш зарурати бор.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотига кўра, юртимиз ҳудудининг 80 фоизидан ортиғи чўл ҳамда ярим чўл ерлардан ташкил топган. Жами суғориладиган ерларнинг 49 фоизи шўрланган, унинг қарийб 18 фоизи кучли ва ўрта даражада шўрланган ерлардир, 23 фоиздан ортиғи эса бонитети паст ерлар тоифасига киради. Бугунги кунда юртимизда аҳоли ихтиёрида 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонлари мавжуд.
Мутахассисларнинг қайд этишларича, инсоннинг нормал овқатланиши учун ҳар бир кишига ўртача йиллик 113 килограмм сабзавот, 50,4 килограмм картошка, 19,3 килограмм полиз, 21,3 килограмм мева ва узум, 40 килограмм гўшт, 140 литр сут, 121 дона тухум, 0,8 килограмм асал ва бошқалар талаб қилинар экан. Ўйлаб кўрайлик, номлари санаб ўтилган маҳсулотларнинг аксарият қисми осмондан тушмайди, сизу бизнинг кўз ўнгимизда, яъни томорқамизда етиштирилади. Демак, биз ана шу бебаҳо хазинадан унумли фойдалана олсакгина дастурхонимиз тўкин, турмушимиз фаровон бўлади.
Бироқ, “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг концепциясида — томорқа участкаси тушунчаси, томорқа ер эгалиги субъектлари, уларнинг ҳуқуқий мақоми, томорқа ер эгалари фаолиятини, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари, самарали тизими, ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаатдорлиги, хусусий мулк дахлсизлиги, давлат кўмаги, давлат кафолатлари, ҳар қандай аралашувга йўл қўймаслик, назорат қилишдан қочиш, маҳсулотларнинг реализацияси амалга оширишнинг бетараф ҳуқуқий механизмига оид нормалар мустаҳкамланиши муҳим.
Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг экин ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш ортиқча назоратга йўл қўймаслик лозим бўлади.
Шунингдек, лойиҳада томорқа хўжаликларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат томонидан томорқа ер эгаларининг молиявий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, ссудалар, фоизсиз кредитлар ажратиш, тайёрлов, қайта ишлаш, таъминот ва хизмат кўрсатувчи корхоналар билан ўзаро муносабатларини белгилаб берувчи қатъий нормалар, ер эгаларининг билим ва тажрибаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборот билан текин таъминлаш назарда тутилиши шарт.
Билакс, Музработда 20 сотих қаровсиз, Олтиариқда 6 сотих даромад манбаи ўртасида бунча фарқ, чора кўриш керак деган фикрдан кечишга асос.
Энг асосийси давлат ва томорқа ер эгаларини фақатгина солиқлар ва шартномавий муносабатлар боғлаб туришига эришишимиз, бошқа ҳар қандай аралашувларга турли ривоятлар келтириш билан ҳам йўл қўймаслик керак. деб, томорқа ер эгалари – мулкдорларига нисбатан эскича бюрократик ёндашувларга, қарашларга барҳам бериш ҳам шу лойиҳа доирасида ҳуқуқий ечилиши мумкин. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша шарт-шароити, об-ҳавоси бор, буни ҳурмат қилишимиз даркор. Чунки ҳуқуқий демократик ва бозор иқтисодиётининг ёзилган ва ёзилмаган қоидалари буни талаб қилади.
Ўрни келганда яна бир гап, ризқу-рўз масаласи кишини яна бир бор ўйлаб кўришга чорлайди... Озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли турмуши, уларни боқиш, бозор механизмлари, талаб ва таклиф, манфаатдорлик, тарғибот-ташвиқот ва ҳокозолар билан файз-баракага эга бўлади. “Туя минг танга - мана, минг танга, туя бир танга - қани бир танга”... бу гаплар ҳам бежиз эмас.
Аслида муддао ҳам шунда - ҳуқуқий экспериментдан унинг якунлари бўйича олинган барча натижалар ҳар томонлама таҳлил қилинади ва улар асосида аниқ таклифлар, тавсиялар ишлаб чиқилади. Ҳеч бўлмаса, “томорқа” атрофидаги асл муаммо ва масалалар юзага чиқади, қонун лойиҳасини қабул қилиш ва қилмаслик эса кейинги масаладир!
Юқоридагиларга асосан шахсий фикр ва таклиф сифатида “Томорқа хўжаликлари ва улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тўғрисида Фармойиш ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб биламан.
Нуриддин МУРОДОВ,
ҳуқуқшунос