Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди
11:42 / 2024-08-23

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ва Россия Федерациясининг “Sibur Holding” АЖ вакиллари ўртасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор полимер маҳсулотларини синовдан ўтказиш бўйича тажриба участкасида инновацион лойиҳани амалга ошириш юзасидан учрашув бўлиб ўтди.

Видеоконференц-алоқа шаклидаги учрашувда аграр соҳада муҳим аҳамият касб этган сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.  

Учрашув давомида компаниянинг ишлаб чиқариш майдончалари Россиянинг 20 дан ортиқ минтақасида жойлашгани, умумий ишчилар сони 40 минг нафардан ортиқ кишини ташкил қилиши таъкидланди. Шунингдек, Хоразм вилоятида шоли майдонларига илгари республикада қўлланилмаган томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.  

 Қайд этилишича, томчилатиб суғориш технологияси қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлашда ўсимлик илдиз тизимининг ривожланган қатламига  эҳтиёжга мос миқдордаги сувни етказиб берадиган суғориш усули бўлиб,бунда ўсимликни талабига қараб узлуксиз сув ва озуқа элементлари билан таъминлаб туришга имконият яратилади. 

Бутун суғориш даври мобайнида минерал ўғитлар билан тўйинтирилган сувнинг берилиши суғориладиган экиннинг сув истеъмолига кўра тупроқнинг илдиз озиқланадиган қатламида мақбул (оптимал) тартиб ҳосил қилишга имконият беради ва қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини оширади. Тупроқ эрозияси тўхтайди, ер ости суви сатҳи кўтарилиши ва тупроқ шўрланиши камаяди.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Sibur Holding” АЖ  Россия Федерациясидаги энг йирик интеграциялашган нефть-кимё компанияларидан бири бўлиб, дунёдаги энг яхши 5 та полимер ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Компания маҳсулотлари дунёнинг 90 та мамлакатида халқ истеъмоли моллари ва автомобилсозлик, қурилиш, энергетика, шунингдек, кимё саноати ва бошқа соҳаларда қўлланилади.  

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА