Фарғона вилоятида ўтган йилда 24,2 минг гектар ёки асосий экин майдонларининг 9,5 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилди.
Шунингдек, сув ресурсларини бошқариш, ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция бўйича 99,2 миллиард сўмлик ишлар бажарилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида сувдан оқилона фойдаланиш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жаҳон банки иштирокидаги “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш 2-босқич” лойиҳаси доирасида қиймати 14,7 миллион доллар бўлган суғориш тармоқларини қуриш, гидротехник иншоотларни қайта тиклаш ва тик суғориш қудуқларини бурғулаш амалга оширилди. Республикада биринчилардан бўлиб, йирик сув хўжалиги объектларини хусусийлаштириш ёки давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланиш бўйича 5 та лойиҳа амалга оширилди.
Жумладан, Қўштепа туманида лойиҳа қиймати 4,7 миллион сўм бўлган Бешкапа ва Дўрмон насос станциялари ҳусусий шерикчилик асосида “Fergana Global textile” масъулияти чекланган жамияти пахта-тўқимачилик кластерига берилди ва шу йилнинг ўзида ушбу насос станцияларига қилинадиган 467 миллион сўм бюджет харажатлари тежаб қолинди.
Марказий Фарғона ерларида деҳқончилик қилиш – машаққат. Айниқса, Қўштепа туманининг қарийб 70 фоиз ҳудуди унумдорлиги паст ерлар. Шу сабабли қишлоқ хўжалигида кўзланган натижаларга эришилмас эди. “Fergana Global textile” пахта-тўқимачилик кластери томонидан Исроилнинг “Нетафим” компанияси билан ҳамкорликда томчилатиб суғоришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Биринчи босқичда 215 гектар ерда томчилатиб суғориш жорий этилди. Бунинг учун 17 минг куб метр сиғимга эга сунъий ҳовуз қурилиб, 3 та тик қудуқ қазилди. 520 минг долларлик замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Мазкур технология ёрдамида бир вақтнинг ўзида 60 гектар пахта майдонини суғориш мумкин. Самарадорлик яхши бўлмоқда. Масалан, сув, ўғит ва ёқилғи сарфи икки баравар, механизация жараёни тўққиз мартага камайган. Ҳосилдорлик кескин ошиб, 44 центнерни ташкил қилди. Лойиҳанинг иккинчи босқичида, яъни бу йил 1 минг 200 гектар майдонда томчилатиб суғоришни жорий этиш белгиланган.
– Корхонамиз сув тежовчи технологиялар олиб келиш, ўрнатиш билан шуғулланади, – дейди “Белконтитоур” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Носиржон Раҳматуллаев. – Шу кунга қадар Риштон, Ёзёвон, Қува туманларидаги пахтачилик ҳамда боғдорчлик хўжаликларида 300 гектардан ортиқ майдонларда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш жиҳозлари ўрнатилди. Бу йил сув етиб бориши қийин бўлган 1500 гектар экин майдонларида қулай ва тежамкор қурилмаларни ишга туширдик.
Бу йил вилоятда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишга янада муҳим эътибор қаратилади.
М. Сулаймонов, ЎзА