Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томчилатиб суғориш: қулай ва тежамкор
17:17 / 2023-07-28

Сирдарё вилояти Ховос туманининг ерлари ҳосилдор. Бу ерда бошқа ҳудудларга қараганда қишлоқ хўжалиги экинлари тез етилади. Мутахассисларнинг фикрича асосан тошлоқ ерлар сувни кўп талаб қилади.

Туманда 8 минг гектарга ғалла, 8.5 минг гектарга чигит экилди. Бу майдонларда 650 нафар фермер меҳнат қилади. “Бешбулоқ Асадбек” фермер хўжалиги раҳбари 2011 йилдан буён ер билан тиллашиб келаётган тажрибали деҳқонлардан. 73 гектар ғалла, 66 гектар майдонга чигит экилган. Шундан 40 гектарига томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Тажрибадан келиб чиқиб, тежамкорликда бу технологияларга талаб кўп.

– Бу йил сув тежовчи технологияларни ўрнатдик, – дейди “Бешбулоқ Асадбек” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Бобоқулов. – Буни афзаллик томони жуда кўп. Биринчидан энг бебаҳо бойлигимиз сувни тежаймиз. Иккинчидан жуда кўп вақтдан ютамиз. Агар оқар сув билан суғоришга 40 гектар жойимизга авваллари 10 кун сарфлаган бўлсак, ҳозирда 3 кунда суғориш мумкин. Дори ва ўғитларни сув билан бериш имкони бор. Техника сарф-харажатлари кам. Йилдан йилга сув танқис бўлиб бораётган бугунги давр учун ушбу технологиялар келажакда қурғоқчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.  

Бу тизимнинг давлат даражасида қўллаб қувватланиши ҳам бежиз эмас. Сув тежовчи технологиялар ўрнатган фермерларга ҳар бир гектарига субсидиялар, имтиёзли кредитлар берилмоқда. Сув танқислиги инобатга олиниб жорий йилда Сирдарё вилоятида сувни тежайдиган технологиялар орқали 2600 гектарга яқин пахта майдонларида томчилатиб суғориш тизимлари қайта ишга тушириш учун қурилиш монтаж ишлари олиб борилмоқда, 1400 гектар боғлар томчилатиб суғорилмоқда ҳамда 400 гектар ғалла майдонлари ёмғирлатиб суғориляпти.  

Пахта майдонларига томчилатиб суғориш тизими ўрнатилганда ҳар бир гектар учун 8-12 миллион сўмгача субсидия ажратилади. Ушбу технология орқали етиштирилган сабзавот экинлари ва картошка, узум, озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликлар учун ҳам гектарига 8 миллион сўмдан субсидия ажратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, мевали экинларга 6 миллион сўм ва полиз экинларига 1.3 миллион сўм субсидиялар берилади. Ҳосилдорликни ошириш ва жорий харажатларни тежаш ҳисобига 10 гектар пахта майдонида оддий усулда суғорилганда 49 миллион сўм фойда қилинадиган бўлса, томчилатиб суғориш тизими қўлланилганда 134 миллион сўм даромад кўрилиши ҳисоб-китоб қилинган.  

– Пахта даласи илгарилари қийин суғориладиган майдон бўлган. 67 гектарда очиқ усулда суғорилганда 15-20 центнер ҳосил олинган, – дейди “Peng-Sheng” қўшма корхонаси бош директори ўринбосари Ғофуржон Аҳмедов. – Замонавий техникалар ёрдамида чигит плёнка остига экилади ва бир вақтнинг ўзида томчилатиб суғориш тизими ҳам ўрнатилади. Беш баробар сувни кам ишлатяпмиз. Минерал ўғитлар билан тўйинган сув ғўзанинг илдизига боради. Плёнка, ер ости ва ер усти қувурлари, хуллас барча зарур ускуналар ўзимизнинг корхонада ишлаб чиқарилади.  

Ўтган беш йилда Сирдарё вилоятида 51 минг гектар майдонда сув тежовчи технология жорий қилинди. Жумладан 11 минг гектардан ортиқ майдонда томчилатиб, 400 гектарда ёмғирлатиб, 5620 гектар пахта майдонларида дискрет суғориш ҳамда 30 минг гектар майдонда лазерли текислаш ишлари амалга оширилди. Сув тежовчи технологиялари жорий қилинганидан сўнг сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди.  

– Бу ерни 7 йил муқаддам олганман, – дейди фермер Абдумутал Жумабеков. – 5-6 йилдан буён ишга тушира олмасдик. Ғалла экардик. Ҳосилдорлик 25-30 центнердан ошмасди. Ўтган йили пахта экиб, оқар сув билан суғориб 25 центнерга зўрға етказдик. 5-6 километрдан сувни қийналиб олиб келардик. Бу йил томчилатиб суғориш тизими билан ўз вақтида суғордик.  

Ушбу майдонга қўшни “Иномжон Орзуси” фермер хўжалиги даласида ҳам 40 гектар томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилган. Ҳисоб китобларга қараганда 12 фоиз экин майдонларида сувни тежовчи технологиялар жорий этилиши билан вегетация даврида вилоят бўйича 65 миллион куб сув иқтисод қилинади ва қўшимча 10 минг гектардан ортиқ майдонда такрорий экин учун сув захираси яратилади.  

Ш.Суяров, ЎзА