Ушбу мақолaни бундан ярим аср илгари одатий бўлган, лекин ҳозир эртакдек қабул қилинадиган ҳодисалардан бири билан бошламоқчимиз...
Бир замонлар юк машинаси ҳайдовчиларининг иш куни, юкламаси (наряди) ёпилиши учун сарфланган ёнилғи миқдори мезон ҳисобланарди. Яъни, кунлик иш хақи тўланиши учун автомобиль, масалан, 25-30 литр бензин сарфлаши керак эди. Шу боис баъзи “уддабурон” ҳайдовчиларнинг машина бакидаги бензинни тўкиб юбориши одатий ҳол бўлган. Ҳозирги ёшларга ўша даврларда ёнилғини исроф қилиб, маошни оширилган миқдорда олишган, десак, табиийки, муболағадек туюлади. Бир вақтлар, умумхалқ мулки бўлса-да, қадр топмай, хор бўлган автомобиль ёнилғиси, хоҳ бензин, хоҳ солярка бўлсин, энди шунчаки тўкиб юбориладиган суюқлик эмас, балки ҳар қандай ишлаб чиқариш маҳсулоти таннархига бевосита таъсир қилувчи стратегик маҳсулотга айланган. Халқимизда “Бир зор бўлганнинг хор бўлганини, хор бўлганнинг зор бўлганини кўр” деган мақол ҳам бор.
Дарҳақиқат, ҳозирги замонда биргина бензин нархининг ошиши кундалик истеъмол даражасига тўғридан-тўғри ўз таъсирини кўрсатади. Демоқчимизки, ҳар ниманинг ўз ўрни, қадри бор. Бунга кўз юмиш, эътиборсиз қараш мумкин эмас.
Нима учун бу мавзу кўтарилди?
Фараз қилайлик, нефть захираси ҳадсиз бўлган араб давлатларининг авто ёнилғисини импорт қилиши... мантиққа умуман тўғри келмайди. Дарров хаёлга “Нефть ўзларида виж-виж бўла туриб-а?” деган савол келади.
Она юртимизда Менделеев даврий жадвалидаги салкам барча элементлар, нефть (араб давлатларидагича захирамиз бўлмаса-да), газ, олтин ва бошқа талай ер ости бойликлари бор. Бир сўз билан айтганда, ўлкамизга Яратганнинг назари тушган. Кўпчилик эътибор бермайдиган яна бир неъматимиз бор – диёримиз қуёшли. “Серқуёш Ўзбекистон” атамасини биз ўйлаб топмаганмиз. Бу ном билан хорижликлар юртимизга нисбат беришган. Шу неъмат – Қуёш нури конидан қандай фойдаланаяпмиз? Юқорида фараз қилганимиз – араб давлатлари машина ёнилғисини четдан сотиб олишига ўхшаш ҳолат, шундай эмасми??
Жаҳон мамлакатлари иқлими бўйича маълумот жамловчи “Climate Data” ахборот портали ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда йилига ўртача 247 қуёшли кун кузатилар, нурафшон онлар эса 3633,4 соатни ташкил этаркан. Бунга ўзлаштирилмаган, қўриқ ва чўл ер майдонлари ҳамда бизнинг шароитда 1 кв/м дан олиш мумкин бўлган қуёш энергиясини қўшиб ҳисобланса, мегаваттлар эмас, гигаваттлар эмас, терраваттлар келиб чиқади. Нега бунга эътибор қаратмаганмиз, нима учун давлат раҳбари шу муаммо муҳим ва стратегик аҳамият касб этишини айтмагунча, атрофлича ўрганмаганмиз? Ахир, бу соҳада дунёга таниқли олимларимиз, илмий ишланмаларимиз бор эди-ку?!
Чорак аср муқаддам ярим ўтказгичлар йўналишида дунё таниган олим, академик Муҳаммад Кабир Баҳодирхонов (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин!) бир гуруҳ шогирдлари билан қуёш панелида қўлланадиган ярим ўтказгичнинг нурни электрга айлантирувчи фаол қатламини 10-15 фоиз ошириш усулини ишлаб чиққанди. Нега шундай кашфиётлар қилган олимларимиз бўла туриб, қуёш панелларини четдан олиб келяпмиз?? Беихтиёр, қарийб бир аср муқаддам телевидение Ўзбекистонда, Тошкентдаги илмий лабораторияда кашф этилган бўлса-да, бирор турда ўзлигимизни англатувчи телевизор ишлаб чиқарилмагани ёдимизга келади.
Майли, мавзудан узоқлашмайлик. Асосий масала – қайта тикланувчи энергиядан кенг ва самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, бу вазифани энергетика соҳасининг ажралмас қисмига айлантириш.
Бу жараёнда яна бир манба – шамол энергиясини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Айрим мутахассислар шамол генератори бизда ўзини оқламайди, дастлабки капитал учун катта миқдор талаб этилади, шамол эса доим ҳам кузатилавермайди, деб ҳисоблайдилар.
Табиий равишда савол туғилади: бу йўналишда илмий тадқиқот, иқтисодий ҳисоб-китоб қилинганми? Ахир шамол генераторининг кам шовқинли, шамол кучи паст даражада бўлганда ҳам ишлайдиган, тик (вертикал) парракли янги турлари ҳам мавжуд-ку! Қолаверса, юртимизда, деярли, ҳар куни ёки кунора шамол бўладиган жойлар ҳам бор... Масалан, Бекобод, Бешариқ, Нурота шамол канда бўлмайдиган масканлар сирасига киради. Хитойлик ишлаб чиқарувчилар 1,5, 3 ва 5 кВт қувватли генератор ишлаб чиқаришади. Шамолли жойда, айниқса, юқорида қайд этилган ҳудудларда бундай генераторлар эрта-кеч ишлагани сабабли, ўзини тез оқлади. Энг муҳими, қишнинг совуқ кунида иссиқхона учун мўътадил ҳароратни газ ёки кўмир ёқиб ушлаб туришга эҳтиёж қолмайди.
Шу ўринда тадбиркор халқимиз иссиқхонада зарур ҳарорат ҳосил қилиш учун турли рационализаторлик, новаторлик ғоялари ишлаб чиққанига тўхталиб ўтиш жоиз. Бундан 10 йил муқаддам хизмат сафари юзасидан Фарғона вилояти Бешариқ туманига борганимизда, маҳаллаларни айланиб, тадбиркорлик масаласини ўргандик, иссиқхоналарни кузатдик. Лимон экилган бир иссиқхонага кириб, 8 бош қўйни кўрдик. Уй эгасига “Қўйларни иссиққина жойга олиб кирибсиз-да” десак, у киши бизга:
- Йўқ, бу қўйлар иссиқхонани иситади. Ахир, бир қўй соатига 470 Вт иссиқлик чиқаради. 8 қўй салкам 4 кВт/соат, ёки 4 та электроколлекторнинг ўрнини босади. Шу сабабли ташқарида -15 даража бўлганда, иссиқхонада 4-5 даража илиқ ҳаво таъминланади ва лимонни асрайди, - дея жавоб қайтарди.
Хонадон соҳиби ўқитувчи, фан номзоди илмий даражасига ҳам эга экан, мактабда меҳнат фанидан дарс бераркан. Мана ишнинг кўзини билиш, илмга эгалик қилиш, ҳақиқий билимдонлик... Ўшанда биз унга ҳудудда доимий равишда шамол бўлишини инобатга олган ҳолда, кичикроқ шамол генератори ўрнатиш таклифини бергандик.
Яна бир муҳим жиҳатга диққат қилиш жоиз. Гидрометеоролог, геологларимиз 50 йилча муқаддам – олдинги асрнинг 70-йилларида яратилган Ўзбекистоннинг шамол оқими харитасидан фойдаланиб келмоқда. Шу давр мобайнида об-ҳаво, иқлим анча ўзгарган, ҳозир мазкур хаританинг долзарблиги қай даражада экан?.. Афсуски, бу мавзу ҳануз устувор даражага чиққани йўқ.
Тикланувчи энергия манбалари қаторига биологик газни ҳам киритиш мумкин. Ҳиндистон энергетикасида биогаз қурилмалари салмоқли ўрин эгаллайди. Бизда тўғридан-тўғри далага сочиб юбориладиган бундай энергия хом ашёси эса қор кўриб, чиримагунча, табиий ўғит сифатида самара бермайди. Агар табиий ўғит биогаз скрудерларидан, газголдердан ўтказилиб, гази олингандан кейин далага сочилса, чириган табиий ўғит даражасида фойда беради ва экин ҳосилдорлигини сезиларли даражада оширади. Энг муҳими, бу жараёнда олинадиган биологик газни ёқиб, иссиқлик ёки электр энергияси ҳосил қилиш мумкин. Афсуски, бу йўналишдаги тадқиқотлар ҳам бизда ҳали устуворлик касб этгани йўқ. Айни мавзу бакалавриат битирув иши, магистрлик ёки докторлик диссертацияларида, деярли, учрамайди.
Сўнгги вақтда энергетика муаммосига алоҳида эътибор қаратилиб, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш бўйича иш анча жонланди. Шу билан бирга муаммони самарали ҳал этишга комплекс ёндашув, аввал эътибор берилмаган муайян масалаларга нисбатан муносабатни ўзгартириш зарурлиги яққол кўриниб қолди. Бошқача айтганда, анъанавий энергия манбаларидан, табиий ресурслардан фойдаланишда миллий менталитет қандай, қай йўналишда шаклланиши муҳим аҳамиятга эга.
Уйимизни ёритиб, жиҳозларимизни ишлатиб бераётган электр токидан қандай фойдаланяпмиз? Энергия сарфига қай даражада эътиборлимиз? Бу қимматбаҳо ресурснинг қадрига ҳар доим ҳам етяпмизми?
Хонадонимизда чироқ ўчиб, бир неча сониядан сўнг ва бир неча соат, балки ярим ёки бир кундан кейин ёнгандаги ҳолатни таққослайлик. Табиийки, анча вақт ўтиб келган чироқ бир зумда ўчиб-ёнгандагига нисбатан кўпроқ ижобий эҳтирос уйғотади.
2022 йил 25 январда юзага келган энергетик фавқулодда ҳолатдан кейин электр узатилиши тикланганда ҳамма енгил тин олиб, чироқнинг қадрини чуқурроқ ҳис этганимиз ҳали эсдан чиққани йўқ. Ўшанда ҳаммамиз электрнинг ҳақиқий қадрини чуқурроқ англадик. Шу туйғуни муваққат эмас, доимийга айлантирсак, чироқни бекорга ёқиб қўйиш маъқул эмаслигини тушунамиз, энергиянинг увол-савобини ойдинроқ тасаввур қила бошлаймиз. Шу каби ҳиссиётни ҳар бир оилада, корхона-муассасада шакллантириш жуда муҳим. Бунинг учун, биринчи навбатда, табиий ресурслар қадрига етиш, “увол-савоб” тушунчасини нафақат нон ёки озиқ-овқатга, балки ҳамма турдаги табиий ресурсларга нисбатан ҳам сингдириш лозим.
Аслида, бундай қадриятлар бизга, халқимизга бегона эмас. Асрлар оша ота-боболаримиз сувни, ерни жуда қадрлаган. Увол тушунчаси, хусусан, сувга тупурмаслик, нонни чиқиндига қўшмаслик, ерга тушган ушоқни-да пуфлаб, кўзга суртиб, четга олиб қўйиш онгимизга ёшликдан сингдирилган.
Таассуф, цивилизация, демографик ривожланиш ва урбанизация айни қадриятларни бироз четга сургандек... Яна бир ачинарли ҳолат – собиқ совет давридаги “ҳамманики” тушунчаси ҳалиям мавжуд. Ишхонамиз йўлагидаги, кам кириладиган хоналардаги чироқларни ўчириб юрмаймиз, эшиклар кун бўйи очиқ тураверади, ҳар бир хонага сув қайнатгич “тефал” қўйиб оламиз, қўл телефонини қувватлантирувчи ускунани зарур бўлмаган пайтда ҳам тармоқдан узмаймиз... Энди бундай ҳолатларга томошабин бўлиш ярамайди! Азалий қадриятларимизни оиладан, боғча ва мактабдан болаларга сингдирайлик.
Айни масалалар кадастр тизими идоралари ва ташкилотлари кесимида таҳлил қилинганда кўпинча эътибордан четда қоладиган, инобатга олинмайдиган, асосийси, барча идоралар, корхона, ташкилотларга хос ҳолатлар мавжудлиги кўзга ташаланди.
Масалан, Кадастр агентлиги тизимида 9000 дан зиёд ходим ишлайди. 6000 дан ортиқ мутахассис компьютерлашган иш ўрнида фаолият юритади. Ўрганиш жараёнида аксар компьютерларнинг “кутиш”дан “ухлаш” ва “ухлаш”дан “ўчириш” режимига ўтиш даври бир соат этиб белгилангани маълум бўлди. Бу ёғи оддий арифметика: бир компьютерда электр сарфи (монитор билан бирга) соатига ўртача 500 вт, “кутиш” режими 8 соатлик иш куни мобайнида бир соат бўлса (аслида, бир неча баробар кўп, ҳатто, кун бўйи ўчмайдиган компьютерлар ҳам талай), иш куни давомида компьютернинг ходимга тикилиб, ишсиз ўтиргандаги электр сарфи жами 0,5 кВт бўлади.
Албатта, бу эътибор қаратадиган даражадаги масала эмас, дейдиганлар ҳам топилади, лекин халқимизда бир мақол бор: “Тома-тома кўл бўлур, томмай қолса чўл бўлур”. Эмпирик таҳлиллар бир иш кунида компьютерлар сабаб исроф бўлган энергия миқдори 3000 кВт/соат бўлишини кўрсатмоқда. Бу бир иш кунида! Йил давомида эса 750000 кВт ёки 750 мВт бўлади. Мана шу ҳавога совурилган электр энергияси ўртача 10 та маҳаллани бир йил давомида таъминлаши мумкин. Ҳолбуки, оддий усул – компьютердаги “кутиш”, “ухлаш” ва “ўчириш” режими вақт оралиғини мувофиқлаштириш ҳисобига энергия исрофи 10 баробаргача камаяди.
Юқорида айтганимиз, телефон қувватлантиргичнинг розеткада бекор туриши таҳлили шуни кўрсатадики, салб (холостой) режимда электр сарфи қувват олаётгандагига нисбатан жуда кам, лекин ноль даражада бўлмайди. Бунда ўртача 0,35-0,5 Вт электр сарфланади. Айни рақам ўртача иш куни (баъзан узз-у кун, эрта-ю кеч)да 5 Вт, йил мобайнида 1,25 кВт, муайян соҳа кесимида 1000 кВт, республика давлат идоралари кесимида эса 200 минг кВтни ташкил этади.
Яна бир эътибордан четда қолган ҳолат бор. Ходимлар иш хонасида шифтга бир нечта, эҳтимол 10 дан зиёдгача чироқ ўрнатилган. Улар бир дона электр ёқгичга уланган. Хонада бир-икки ходим бўлса-да, ҳамма чироқ, ҳатто, кундузлари ҳам ёниқ туради. Хонада жами қуввати 300-400 Вт бўлган чироққа муқобил тарзда (зарур ҳолда ишлатиш учун) ҳар бир иш столига қуввати 3-5 Втлик “Led” чироқ қўйилиши қанча электрни тежашини ҳисоблаш қийин эмас. Демак, муайян идорада эмпирик ҳисобда 2 бинода 4 тадан бир неча ходим ишлайдиган хонанинг ҳар бирида “увол” бўлаётган электр кунига 600 вт (0,6 кВт), йилига 150 кВт, тизимдаги барча ташкилотлар бўйича эса 132 мегаваттни ташкил этади.
Электр ва иссиқлик энергияси ортиқча сарфига ҳамда бунинг натижасида ҳавога совуриладиган молиявий маблағни яққол кўз олдимизга келтириш учун қуйидаги кузатув ва хулосаларни тақдим этиш жоиз:
1. Ташқи эшиклар кўп очиқ қолиш ҳолати қиш кунлари ичкаридан ташқарига, ёзда эса аксинча, ташқаридан ичкарига йўналган ҳарорат градиенти иситиш ва совутиш (кондиционер) тизими кўча учун ишлашига олиб келади. “Нинадек жойдан туядек совуқ киради” ибораси бежиз пайдо бўлмаган. Бу ҳолат бинони иситиш тизимига 25-30 фоиз, ёзда совутиш тизимига 20-25 фоиз қўшимча юклама беради.
Айни омилга қарши курашнинг энг самарали йўли ташқи ва йўлакдаги эшикларни автомат (гидравлик) ёпқич билан жиҳозлаш.
2. Дераза роми парда ва жалюз билан жиҳозланмагани, айниқса, совуқ ҳаволи қиш кунлари дераза ойнасининг бир томони ташқи ҳаво билан бевосита алоқада эканлиги сабабли, ҳарорат бир неча даража фарқланади. Хонадаги ҳаво ойна юзасига бевосита тегиб турувчи ҳаво қатлами билан иссиқлик алмашинуви, яъни хонани иситиш жараёнидаги салбий омил кучайишига ва хонани иситиш учун берилаётган (хонани конвектив иситиш) иссиқлик миқдори беҳуда сарфланишига олиб келади. Бизнинг ҳисоб-китобга кўра, айнан шу ҳолат хонадаги ойна юзаси 1 кв/метргача бўлганда иситиш тизимига 8-10, юзаси 1,5-2,5 бўлганда 10-15, 3-4 кв/метр бўлганда эса 25-30 фоизгача юклама ҳосил қилади.
Бунга қарши кураш усуллари:
- дераза ойнасининг икки қават бўлиши оралиқдаги ҳавони ҳаракатсизлантиради, ҳаракатсиз ҳавонинг ўтказувчанлиги ҳаракатланувчи ҳавога нисбатан 4,5 марта кичиклиги сабабли салбий юклама 4 баробар камаяди;
- дераза ромини парда ва жалюз билан жиҳозлаш ҳам сезиларли фойда беради.
3. Бино йўлагидаги ёритиш чироқларини иш куни бошлангандан кечга қадар, ходимлар шу йўлакдан юрса-юрмаса ёниб туриши электр ортиқча сарфланишига олиб келади. Йўлакларга, одатда, кўп қувватли лампалар ва биттадан электр ёқгич қўйилади. Демак, бекор исроф қилинаётган электр сарфи 75-80 фоизни ташкил этади. Бундай салбий омилни камайтиришнинг энг мақбул усули йўлакларни тегишли ҳудудда ҳаракат бўлганда ишга тушадиган сенсор чироқлар билан жиҳозлашдир.
4. Аввал қурилган ва айрим ҳозирги биноларда ҳам пойдевор темир-бетондан, девор ғишт ёки бетонли панель конструкциядан тикланган, устидан сувоқли материал билан пардозланган. Бундай деворларнинг иссиқлик узатиш даражаси баланд бўлиб, хоналарни иситиш ёки мўътадил сақлаш учун бериладиган асосий юкламанинг 75-80 фоизи айнан деворга тўғри келади. Ривожланган давлатлар, масалан, Германияда деворни ташқи ёки ички томондан изоляциялашга алоҳида эътибор берилади, чунки бу омил бинони иситиш билан боғлиқ харажатни кескин камайтириш имконини беради. Ҳозирги вақтда бинони базальт билан қоплаш урфга кирган. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, бу амал 40 фоиз атрофида энергия тежамкорлигига эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Бу даражага эришиш учун янги қурилаётган бинода деворни изоляциялашни мажбурий амаллар қаторига киритиш лозим. Олдин қурилган биноларда эса босқичма-босқич капитал таъмирлаш жараёнида деворни ички ёки ташқи изоляцион қоплама билан реконструкция қилиш тавсия этилади. Айни харажатлар 4-5 йилда, ўта совуқ ҳароратли мавсумлар кузатилган тақдирда эса 2-3 йилда қопланиши мумкин. Биноларни термоизоляциялаш иссиқ кунларда яхши самара беради.
5. Оддий қўл ювиш жўмракларини сенсорли жўмракка алмаштириш нафақат сувни ортиқча сарфламаслик, балки иссиқ сув учун сарфланадиган иссиқлик энергиясини ҳам сезиларли даражада тежаш имконини беради. Бир одам қўлини ювгандаги сув сарфи ўртача 1,75 литрни, вақт эса 20 секундни ташкил этади. Сенсорли жўмрак ўрнатилса, сув сарфи 5 баробар камаяди. Бир ходим кунига бир марта қўл ювадиган бўлса, бизнинг тизим мисолида, бир кунда 12600 литр (12,6 тонна!), бир йилда 3150 тонна сув тежалади. Бунинг учдан бири иссиқ сув бўлса, нафақат сув миқдори, балки бир миллион кВт/соат иссиқликни ҳам тежаш имкони бор. Буларнинг бари мос равишда молиявий харажатни кескин камайтиради.
Қўйинг-ки, “Тома-тома кўл бўлур...” мақоли энергияни тежаш борасида жуда ўринли.
Тежалаётган кВт лар, аксар ҳолларда, табиий газ захираси билан боғлиқ. 1 кВт электр энергияси олиш учун 0,15 куб/метр, 1 кВт/соат иссиқлик олиш учун эса 0,1 куб/метр газ зарур. Яна Кадастр агентлиги мисолида таҳлил қиламиз. Тизимда энергияни тежаш чоралари орқали жами 1 миллион 50 минг кВт электр энергиясини ёки 157,5 минг куб/метр газ ёқилишини тежаш мумкин. Иссиқликни тежаш тадбирлари орқали эса 980 минг куб/метр газ увол бўлишининг олди олинади.
Бу ҳаракатга бошқа соҳалар, корхона, ташкилотлар ҳам қўшилса, йиллик газ тежамкорлиги бир неча юз миллион куб/метрга чиқиши муқаррар! Бу бойлик саноат (полимер гранулалари, минерал ўғит ва бошқа шу каби кимёвий маҳсулотлар) ишлаб чиқаришга йўналтирилса, мислсиз қўшимча қиймат олиб келиши мумкин.
Мақолада кўтарилган, юзаки қараганда “кўз илғамайдиган” ёки кўпчилигимизга “майда-чуйда” бўлиб туюладиган ҳолатларга, аслида, аксарият ривожланган мамлакатлар фуқаролари қатъий риоя қилади. Фикримизча, бу муаммоларни фақат иқтисодчиларга ташлаб қўймай, ҳар биримиз ўз иш жойимиз, хонадонимизда бартараф қилишга ҳисса қўшишимиз лозим.
Ҳар биримиз учун исрофгарчиликнинг олдини олиш, уволга йўл қўймаслик маданиятини ўзлаштириш, азалий қадриятларимизни тиклаш вақти келди.
Фаррух Пўлатов,
Кадастр агентлиги директори
ЎзА