Навоий вилояти Навбаҳор туманлараро иқтисодий судида тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иқтисодий ишлар, уларнинг суд томонидан кўриб чиқилишида вужудга келаётган мавжуд муаммолар ва ечими бўйича семинар ўтказилди.
Давлат активларини бошқариш агентлигининг Навоий вилоят бошқармаси ходимлари ҳамда тугатиш бошқарувчилари иштирок этган тадбирда “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, шунингдек, иқтисодий судлар томонидан мазкур қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалаларига оид Пленум қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

– Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 25-моддасига кўра, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар иқтисодий судга таааллуқли ҳисобланади, – дейди Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Бекзод Жумаев. – Иқтисодий процессуал кодексининг 210-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар ушбу кодексда назарда тутилган қоидалар бўйича, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган ўзига хос хусусиятлар эътиборга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади. Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, тўловга қобилиятсизлик суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги ҳисобланади.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Навбаҳор туманлараро иқтисодий судида 61 та тўловга қобилиятсизлик иши юзасидан тугатишга доир иш юритиш таомили қўлланилиб, тугатиш ишлари олиб борилмоқда. Шундан икки йилдан ошган 1 та, бир йилдан ошган тўловга қобилиятсизлик ишлари 1 та ҳамда 6 ойдан ошган ишлар 4 тани ташкил этади.
Семинар давомида суд бошқарувчилари томонидан мавжуд банкротлик ишларини ўз вақтида якунлаш, оралиқ ҳисоботларни тақдим этиб бориш, хулосаларни белгиланган муддатларда тақдим этиш, қонунда белгиланган нормаларга тўлиқ риоя этиш ва бошқа бир қатор йўналишларда тушунтиришлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА