Ижтимоий тармоқларда тўлов топшириқномаларини юборишда муаммолар юзага келаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу муносабат билан Солиқ қўмитаси қуйидагилар маълум қилди:
Жорий йилнинг сентябрь ойида айрим тижорат банклари янги ахборот тизимидан фойдаланишга ўтган ва бу ҳақда Солиқ қўмитасини хабардор қилмаган. Банк дастурчилари янги тизимга ўзгартиришлар киритаётгани сабабли, баъзи тўлов топшириқномалари бажарилмаган.
Масалан, шу ойнинг бошидан Тенге банк 2 439 та топшириқномадан 413 тасини ва Капиталбанк 4 287 та топшириқномадан 740 тасини бажармасдан қайтарган.
Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси томонидан мажбуриятларини ўз вақтида бажармаётган ҳар иккала банк камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ва бунинг учун Солиқ кодексида белгиланган жавобгарлик чоралари тўғрисида расман огоҳлантирилди.
Маълумот учун, тўлов топшириқномалари — мижознинг унга хизмат кўрсатувчи банкка маълум бир суммани ўз ҳисобидан бошқа ҳисобрақамга ўтказиш тўғрисидаги топшириғи. Бу етказиб берувчилар ва харидорлар, солиқ резидентлари ва солиқ органлари (солиқлар, йиғимлар, жарималар ва бошқалар), иш берувчилар ва ходимлар (иш ҳақи, бонуслар) ўртасида операцияларни амалга ошириш учун зарур.
Ш.Маматуропова, ЎзА