Тўлов-контрактни тўлаш муддати узайтирилдими?
2025/2026-ўқув йилида бакалавриат ва магистратура талабалари учун тўлов-контракт маблағларини тўлаш ва талабалар сафига расмий қабул қилиш муддати 2026 йил 31 январгача узайтирилди. Давлат комиссиясининг бу қарори талабаларга молиявий тайёргарликни якунлаш ва қабул жараёнини тўлиқ расмийлаштириш имконини бермоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, қабул параметри асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар бир йиллик ўқитиш қийматининг камида 50 фоизини тўлаши лозим. Шунингдек, табақалаштирилган тўлов-контракт (супур) асосида ўқишни хоҳлаганлар ҳам бир йиллик қийматнинг камида 50 фоизини тўлаши шарт.
Қайд этилишича, мазкур муддат узайтирилиши фақат биринчи босқич талабалари (бакалавриат ва магистратура) учун амал қилади. Иккинчи ва ундан юқори босқич талабалари учун ушбу тартиб қўлланилмайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА