Аҳоли ўртасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, марказлашган тоза ичимлик суви ва оқова сув хизматларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш мақсадида “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида жойларда қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилмоқда, етказилган зарар эса белгиланган тартибда ундирилмоқда.
Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида назорат органлари билан ҳамкорликда ичимлик ва оқова сув тизимларига жами 4 351 та ноқонуний уланиш ҳолати аниқланди. Энг юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳрида (488 та), Сирдарё вилоятида (433 та), Қорақалпоғистон Республикасида (425 та) ва Хоразм вилоятида (419 та) кузатилди.
Ушбу қонунбузарликлар туфайли дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жамият манфаатларига 82 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган. Шундан 33,6 миллиард сўми ундирилиши таъминланди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Шу боис қонунбузарларга нисбатан белгиланган тартибда зарур чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида тўлов интизомини яхшилашга қаратилган тарғибот ишлари ҳам изчил давом этмоқда.
Истеъмолчилар учун тўловларни амалга оширишда қулай ва замонавий воситалардан фойдаланиш имкониятлари яратилгани ҳам қарздорликларни қисқартиришда муҳим омил бўлмоқда.
Жорий йил давомида 123,4 минг нафар қарздор истеъмолчи бўйича фуқаролик ва иқтисодий судларга 358,4 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилди. Шунингдек, ҳисобот даврида республика бўйича 62,4 минг жисмоний ва юридик шахсни қарздорлиги сабаб сув таъминоти тармоғидан узиш чораси кўрилган. Энг юқори кўрсаткич(46 мингта ҳолат) Тошкент шаҳрига тўғри келади.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида истеъмолчиларнинг дебитор қарздорликлари жорий йил бошига нисбатан 203 миллиард сўм ёки 22 фоизга камайиб, 705,5 миллиард сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарздорлик 364 миллиард сўм ёки 34 фоизга қисқаргани қайд этилмоқда.
“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан 2025 йил якунигача аҳолини ичимлик суви ва оқова сув хизматлари билан таъминлаш сифатини янада яхшилаш, шу йўналишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган долзарб вазифа ва чора-тадбирлар белгиланган ҳолда ишларни жадал суръатда давом эттириш режалаштирилган.
Нилуфар Бозорова, ЎзА