Россия Президенти Владимир Путин Афғонистон муваққат ҳукуматининг Москвадаги элчиси Мавлавий Гул Ҳасандан ишонч ёрлиғини қабул қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Хорижий давлатлар элчилари рўйхатида Гул Ҳасан Афғонистон Ислом Амирлиги элчиси сифатида қайд этилди.
Маросимда Путин РФ Афғонистоннинг уруш, терроризм ва наркотрафикдан холи ягона, мустақил ва тинч давлат бўлишидан том маънода манфаатдорлигини билдирган.
Таъкидланишича, тадбирда жами 34 мамлакат дипломатлари иштирок этган. Жумладан, Словения, Франция, Чехия, Португалия, Норвегия, Швеция, Швейцария, Италия, Австрия, Словакия, Бразилия, Колумбия, Перу, Куба, Уругвай, Исроил, Корея Республикаси, Сомали, Габон, Сенегал, Шри-Ланка, Мальдив ороллари, Руанда, Мавритания, Жазоир, Бангладеш, Миср, Гана, Намибия, Ироқ, Ливан, Саудия Арабистони, Покистон ва Афғонистон элчилари Россия етакчисига ишонч ёрлиқларини топширган.
Маълумот ўрнида: Ишонч ёрлиғи – элчининг ўз давлати мухтор вакили сифатидаги ваколатини тасдиқловчи расмий ҳужжат. Шу орқали юборувчи давлат раҳбари қабул қилувчи давлат раҳбарига шу дипломат муайян мамлакатнинг расмий қараши ва ёндашувини ифодалашига ишонч билдиради.
Бундан олдин Путин янги элчилар билан 2024 йил 5 ноябрда учрашган. Ўшанда у 28 нафар дипломатдан ишонч ёрлиқларини қабул қилган. 2025 йил бундай маросим ўтказилмаган.
Ў.Алимов, ЎзА