Афғонистоннинг толиблар назоратига ўтмаган Панжшер вилоятидаги қарши кучлар қурол сўраб Ғарб мамлакатларига мурожаат қилмоқда. Уларнинг етакчиси Аҳмад Масуднинг Washington Post газетасида эълон қилган баёнотида шу ҳақда айтилган.
Масуд толибларга қарши кучлар етакчиси ҳисобланади. У толибларга қарши курашган “Шимолий альянс”нинг марҳум раҳбари Аҳмад Шоҳ Масуднинг ўғлидир.
Кичик Масуднинг таъкидлашича, АҚШ ва унинг иттифоқчилари “жанг майдонини ташлаб кетди”, аммо Америка ҳали ҳам демократиянинг қудратли қуроли бўла олиши мумкин.
"Шу мақсадда мен Афғонистоннинг Ғарбдаги дўстларидан, Вашингтонда ва Нью-Йоркда Конгресс ва Жо Байден маъмурияти қаршисида, мен таълим олган Лондонда, шу йил баҳорда отам хотираси ёд этилиб, Елисей майдонидаги хиёбонлардан бирига унинг номи берилган Парижда бизнинг тарафимизни олишини сўрайман, – деган у.
Масуднинг таъкидлашича, унинг чақириғига жавобан афғон армияси ҳамда махсус топшириқларни бажарувчи бўлим жангчилари уларга қўшилиш учун қурол ва техникалари билан Панжшер вилояти томон йўл олган.
"Нима бўлишидан қатъи назар, мен ва менинг мужоҳид жангчиларим Панжшерни афғон озодлигининг сўнгги таянчи сифатида ҳимоя қиламиз. Бизнинг жанговар руҳимиз синмаган. Бизни нима кутаётганини ўз тажрибамиз орқали яхши биламиз. Лекин бизга кўп қурол, ўқ-дори ва аслаҳа керак", – дейилади баёнотда.
Аввалроқ РИА Новости Кобулдан олинган манбаларга таяниб, таслим бўлишдан бош тортган афғон армияси ҳарбий хизматчилари ва маршал Абдулрашид Дўстумнинг қуролли бўлинмаларидан иборат жами 10 минг жангчи “Толибон” ҳаракатига қарши курашаётган кучларга қўшилиш учун Панжшер вилоятига қараб йўл олганини маълум қилган эди. Маълумотларга кўра, Афғонистоннинг биринчи вице-президенти Амрулла Солиҳ Парван вилоятидаги Чорикор туманини толиблардан қайтариб олган.
Панжшер Афғонистоннинг 34 вилоятидан бири ҳисобланади. 140 минг аҳоли яшайдиган мазкур вилоят жуда мураккаб рельефга эга. Бе ерда АҚШ раҳбарлигидаги НАТО қўшинларининг асосий кучлари жойлашган.
Толиблар бундан 25 йил аввал, яъни 1996 йилда ҳукумат тепасига келганда ҳам Панжшер дарасини эгаллай олмаган. Уларга ўшанда "Шимолий альянс” етакчиси Аҳмад Шоҳ Масуд қаршилик кўрсатган эди.