Толиблар АҚШ ва НАТО кучларига алоқаси бўлган афғонистонликларни қидиришни бошлади
“Толибон” ҳаракати жангарилари мамлакатда АҚШ ва НАТО кучлари билан ҳамкорлик қилган афғонистонликларни қидиришни фаоллиштирмоқда, деб ёзмоқда New York Times газетаси БМТ махфий ҳужжатига таяниб.
Афғонистондаги вазиятни баҳолаш бўйича ҳисобот БМТнинг турли тузулмалари ва агентликларини разведка маълумотлари билан таъминлаб борадиган Норвегиянинг глобал таҳлиллар маркази томонидан тузилган.
Ҳужжатда келтирилишича, “толиблар уйма-уй кезиб, АҚШ ва НАТО қўшинлари билан ҳамкорлик қилган афғонистонликларни қамоққа олмоқда ёки улар ўзларини топширмаса оила аъзоларини ўлдириш билан таҳдид қилмоқда". Хабарда айтилишича, толиблар рўйхатига тушганларнинг кўпчиллиги, Кобул аэропортида эвакуация қилинишини кутиб турган одамлардир.
Газета ҳужжатдаги маълумотлар “Толибон” ҳаракатининг “душманлардан ўч олмаймиз” деб берган ваъдасига бутунлай зид эканини таъкидламоқда.