“Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг тўққизта давлатдаги элчихонасида маданият бўйича атташеларини ишдан бўшатди.
Бу ҳақда душанба куни Tolo News телеканали маълум қилгани айтилмоқда. Хабарда келтирилишича, дипломатларни вазифасидан озод қилиш бўйича фармонни толиблар томонидан тузилган вақтли ҳукумат раиси Муҳаммад Хасан Ахунд имзолаган.
Россиядан ташқари, Бирлашган Араб амирликлари, Покистон, Эрон, Туркия, Тожикистон, Германия, Ҳиндистон ва АҚШдаги элчихоналарда хизмат қилаётган матбуот атташелари вазифасидан озод қилинган. Толибларнинг Афғонистон дипломатия миссияларига йўллаган мактубида ушбу қарорга келишдан мақсад "дўст ва қўшни мамлакатлар билан маданий алоқаларни кенгайтириш” экани ва “тез орада янги атташелар тайинланиши” ҳақида айтилади.
Tolo News телеканалининг аниқлик киритишича, Афғонистоннинг қатор мамлакатлардаги элчихонасида ишлаётган маданият бўйича атташелар “Толибон” ҳаракати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмагунга қадар кадрлар масаласида қарор чиқаришга ваколатли эмаслигини таъкидлашган.