Афғонистон раҳбарияти нафақат мамлакатнинг ўзида, балки минтақада хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатни юритмоқда, Афғонистон ҳудудидан Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳеч қандай хавф бўлмайди. Бу ҳақда якшанба куни “Толибон” ҳаракати расмий вакили Забихулла Мужоҳид таъкидлаб ўтди. У ушбу гапларини РФ мудофаа вазири Сергей Шойгунинг “Афғонистонга ўрнашиб олган радикал гуруҳлар минтақа учун асосий хавф” деб айтган сўзларига жавоб тариқасида таъкидлаб ўтди.
“Россия ҳукуматининг мансабдор шахслари шуни тушуниб олиши керакки, сўнгги икки йил давомида Афғонистон томонидан минтақа мамлакатлари хавсизлигига ҳам, дунё хавфсизлигига ҳам ҳеч қандай таҳдид солинмаган. Ислом Амирлиги хавфсизлик кучлари қатъийлик билан “Ислом давлати” жангарилари қолдиқларини йўқ қилишга муваффақ бўлди”, – дейилади Мужоҳиднинг ижтимоий тармоқда тарқатган баёнотида.
Унинг таъкидлашича, Афғонистон Ислом Амирлиги нафақат Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминламоқда, балки ўзининг иқтисодиётга йўналтирилган ташқи сиёсати билан “минтақада хавфсизлик ва барқарорлик таъминланишига ҳисса қўшмоқда”.
Толибон вакилининг таъкидлашича, “Қобул ҳеч кимнинг Афғонистон ҳудудини бошқа мамлакатларга ҳужум уюштиришда фойдаланишига йўл қўймайди ва ўз навбатида, бошқа мамлакатлардан ҳам, айниқса, минтақа мамлакатларидан барқарорликка таҳдид солиш ҳаракатида бўлган кучларнинг Афғонистонга суқулиб киришига йўл қўймайди”.
28 апрель куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Нью-Деҳлида бўлиб ўтган ШҲТ мамлакатлари мудофаа вазирларининг учрашувида Марказий Осиё минтақасида вазият кескинлашиши мумкинлиги ва энг асосий хавф Афғонистонда ўрнашиб олган турли радикал айирмачи гуруҳлардан бўлишини таъкидлаган эди, деб ёзмоқда ТАСС агентлиги.