Баҳор мавсуми бошланди. Қуёш тафтидан нафас олаётган тупроқ деҳқоннинг, фермернинг меҳрига, ишловига кўз тиккан маҳал. Бир томонда замонавий агротехникалар бир-биридан ўзаётган бўлса, ерга уруғ қадашни дилига туккан деҳқон ва фермерлар ғимирлаган. Ҳа, баҳор ана шундай уйғониши билан завқли, меҳнатда шаҳдам бўлганлар фасли.
Сурхондарёлик деҳқонлар эса ҳар куннинг ҳисобини олиб далага чигит қадамоқда. Вилоятнинг иссиқ иқлими, унумдор тупроғи ингичка толали ғўза етиштириш учун жуда қулай. Нега айнан ингичка толали пахта? Чунки, бу навли пахта иссиққа, сувсизлик, гармсел ва зараркунанда ҳашаротларга чидамли. Шу билан бирга, узун толалиги, пишиқ-пухталиги ҳамда тўқимачилик саноатида нафис сифати билан ажралиб туради.
Ингичка толали пахта етиштириш самарадорлиги бошқа навларга нисбатан 60 фоиз юқоридир.
Экспортбоплиги, юқори нархга баҳоланиши ва жаҳон бозорида талабгорлиги, тўқимачиликда эса пишиқ ип-калава, сифатли мато тайёрлашдаги аҳамияти сабаб ингичка толали пахта етиштиришга эҳтиёж ортмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Ингичка толали пахтачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан Сурхондарё вилояти иқлимига мос ингичка толали пахтанинг бир нечта янги навлари яратилган.
Хўш, бу навлар қандай самара беради? Ингичка толали пахта етиштиришнинг аҳамияти ва афзалликлари нимада?
Биз шу каби саволларга жавоб олиш ва умуман пахтачилик соҳасидаги янгиликлар хусусида институт ходимларининг фикрлари билан танишдик.
Нажим Очилдиев,
Ингичка толали пахтачилик илмий-тадқиқот институти директори:
– Институтимиз Президентимиз ташаббуси билан 2022 йилда ташкил этилган. Бундан асосий мақсад ингичка толали ғўзанинг янги навларини яратиш ва бирламчи уруғини кўпайтиришдан иборат. Бунда биз, аввало, Сурхондарёнинг иқлим шароитини инобатга олган ҳолда ҳамда фермер ва кластерлар талабидан келиб чиқиб, янги навларни яратиш устида иш олиб борамиз. Шунингдек, институтда пахта етиштирувчиларнинг соҳага оид билим ва кўникмалари оширилади. Бунинг учун илмий ходимларимиз ва олимларимиз жалб этилган бўлиб, кластерлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Вилоятнинг 8 та туманида жами 18 минг гектар майдонда ингичка толали пахтанинг янги навларини экиш ва етиштириш режалаштирилган. Институтимиз олимлари хорижий илмий-тадқиқотчилар билан ҳамкорлик алоқаларини ҳам йўлга қўймоқда. Жумладан, мисрлик тадқиқотчилар билан биргаликда юртимиз иқлимига мос, сув танқислиги ва гармсел шароитига бардошли навларни яратиш, ҳосилдор ва пишиқ толали ғўзаларни синовдан ўтказиш ҳамда энг яхши ишланмаларни фермер далаларига етказиб бериш борасида ишлар бошланган.
Мардонқул Тожиев,
Ингичка толали пахтачилик илмий-тадқиқот институти маслаҳатчиси, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент:
– Ингичка толали пахта жуда қиммат туради. Мисол учун 1 тонна оддий пахта нархи 10 миллион сўм бўлса, ингичка толали пахта нархи 15 миллион сўм. Ингичка толали пахта иссиқсевар ўсимлик ҳисобланади. Атроф-муҳит ҳавоси, ирсий касаллик ва ҳашаротларга чидамли.
Ҳозирда институтимизда бир неча янги навлар яратилган. Жумладан, янги яратилган СП 1607 навли пахта вилоятда 6800 гектар майдонга экиляпти. Бундан ташқари, Термиз 2 нави 4600 гектарга, Сурхон 14 нави 3500 гектарга экиляпти. Янги Термиз 28, СТ 1651 навларини ҳам катта ер майдонларида етиштириш мўлжалланяпти. Жорий йилда яратилган пахтанинг янги навларини 18 минг гектар майдонда етиштириш режалаштирилган.
Абдимурод Донобоев,
Ингичка толали пахтачилик илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири:
– Юртимизда ингичка толали пахтани етиштириш учун қулай шароит бор. Хусусан, Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари иқлими ингичка толали пахтанинг янги, нафис сифатлисини етиштириш учун жуда қулай. Бугун институтимизда юртимиздаги тўқимачилик корхоналарини сифатли тола билан таъминлаш борасида илмий изланишлар олиб борилмоқда ва янги ғўза навлари яратилмоқда. Айни пайтда институтимиз жамоаси томонидан пахтанинг 10 та янги нави яратилган. Улардан 5 тасини жойларда экиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Режалар улкан, ғўзанинг ҳосилдор, сифати жуда юқори ва ташқи таъсирга чидамли навларини 18 минг гектар ерга экиш учун бош уруғларини шу ерда тайёрлаб, фермер ва кластерларимизга етказиб беряпмиз. Мисол учун Ангор туманида тўлиқ, яъни 5 минг гектар ерга ингичка толали пахта экишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, Шеробод туманидаги шўр ерларда ҳам ингичка толали пахта етиштирмоқчимиз. Сув танқислиги кескинлашган ҳудудларда ҳам шунга мос ғўза навлари экилади.

Жаҳон бозорида ингичка толали пахта етиштирувчи илғор мамлакатлар, жумладан, Миср пахтасининг сифати юқори баҳоланади. Сабаби ушбу пахта навининг толаси жуда пишиқ. У нафақат тўқимачиликда, балки автомобилсозлик ва авиасозликда ҳам талаб юқори бўлган маҳсулот ҳисобланади. Кимё саноати ва инновацион технологиялар ишлаб чиқаришида ҳам юртимизда етиштириладиган пишиқ ва узун толали пахтага бўлган талаб ортмоқда. Президентимизнинг Мисрга ташрифини кузатиб бориш жараёнида ҳам кўрдикки, мисрлик ҳамкасбларимиз пахта етиштиришда улкан ютуқларга эришган. Биз уларнинг энг яхши тажриба ва инновацион ечимларини ўрганиш орқали иқлимимизга мос янгидан янги навларни яратишимиз мумкин. Бизнинг ўзгарувчан, ҳароратли иқлимимизда ҳосилдорлиги юқори ва сифати ўзгармайдиган навларни яратганмиз. Айни пайтда 10 минг гектар майдонга элита ва супер элита чигитлар экилади.
Таъкидлаш керакки, ушбу юқори сифатли пахта навидан олинадиган нафис толага нафақат МДҲга аъзо давлатлар, балки Хитой ва Япониянинг тўқимачилик корхоналари юқори баҳо беряпти ва биз билан ҳамкорликка тайёр. Бундан ташқари, Ҳиндистон ва покистонлик селекционер олимлар ингичка толали пахтанинг янги навларини яратишда ҳамкорлик таклиф этмоқда.
М.Комилова, ЎзА