Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўланбой полвон издошлари халқаро турнирда баҳслашди
09:26 / 2021-10-17

Фарғонадаги “Само” спорт мажмуасида Ўзбек миллий ўйинларининг фаол тарғиботчиси, таниқли полвон Тўланбой Қурбонов хотирасига бағишлаб уч авлод вакиллари ўртасида тош кўтариш ва баҳодирлар ўйинлари бўйича халқаро спорт мусобақалари ташкил этилди.

Унда Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва мамлакатимизнинг 450 нафардан зиёд полвони иштирок этди. Тадбирнинг очилиш маросимида юртимизнинг 76 нафар нуроний полвони, 152 нафар спорт фахрийси қатнашганлиги эътиборли бўлди, дея хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган спорт ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари янги Ўзбекистонга янги ташаббуслар ярашишини таъкидлаб, уч авлод мусобақаларининг аҳамияти хусусида сўз юритишди.

Мусобақалар давомида миллий халқ ўйинлари, дарбозлик санъати ривожига хисса қўшиб келаётган фахрийларга  “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони ва гувоҳномалари топширилди.

Халқаро турнир мусобақалари 3 та гуруҳда ташкил этилди. Найза ва камондан отиш бўйича жамоавий мусобақаларда 1-ўрин Фарғона, 2-ўрин Наманган ва 3-ўрин Андижон вилояти жамоаларига насиб этди.

Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш бўйича катталар ўртасида ўтказилган мусобақада сурхондарёлик Дилмурод Қурбонов энг яхши натижа қайд этди. Пойтахт вакили Аваз Ҳайдаров 2-ўрин, Тошкент вилоятилик Беҳзод Худойқулов ва андижонлик Отабек Асқаров 3-ўринга лойиқ кўрилди.

17 тонналик “МАН” юк автомобини 15 метр масофага торта олган Дилмурод Қурбонов яна бир бор мухлислар олқишига сазовор бўлди.

Халқаро турнирнинг 8 та йўналишида ғолиб ва совриндор бўлганлар медаль, диплом ва эсталик совғалари билан тақдирланди.

 Муҳими, уч авлод мусобақалари тарзида ўтган баҳслар ёшлар учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтаган бўлса, фахрийлар халқ ўйинларида Тўланбой полвоннинг муносиб издошлари етишиб келаётганидан шукроналик ҳиссини тўйишди. Ушбу халқаро турнир орқали қўшни давлатлардан келган меҳмонлар билан дилтортар суҳбатлар ўтказилди. Бу эса соғлом турмуш тарзини оммалаштириш билан халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарининг мустаҳкамланишига омил бўлди.

Шу ўринда бир таклиф. Миллий халқ ўйинлари тарзидаги уч авлод турнирлари қардош ва жондош бўлган қўшни мамлакатлар билан ҳамжиҳатликда анъанавий тарзда ўтказилиш тизими ишлаб чиқилса, фойдадан холи бўлмасди.

 

 

Т. Рўзиев, ЎзА