Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Токзорлар “Воиш усули”да яратилмоқда
16:14 / 2024-04-13

Бухоро туманидаги барча фермер хўжаликларида дала четларида “Воиш усули”да узум етиштириш тажрибаси ўзлаштирилмоқда. Айни кунда туман мутасаддилари, тегишли идора ва ташкилотлар масъулларидан иборат ишчи гуруҳлари ҳудуддаги фермер хўжаликларида ва аҳоли томорқаларида амалга оширилаётган дала ишларини ташкиллаштирмоқда.

Жумладан, “Ўктам Иброҳим тўқли” фермер хўжалиги даласида бўлган мутасаддилар ғалла парвариши билан бирга ерга чигит экиш ва унинг дастлабки қарови, экин ерларини озиқлантириш ҳамда экспортбоп полиз ва сабзавот маҳсулотларини экиб етиштириш борасида қилинаётган ишларни кўздан кечириш баробарида илғор хўжаликда айнан воиш усулида узумчиликни ривожлантириш чораларини кўрмоқда.

“Работак” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият бошлаганига 17 йил тўлган “Ўктам Иброҳим Тўқли” фермер хўжалиги уруғчиликка ихтисослашган. Ҳозир 85 гектар майдонда деҳқончилик қилиб келинади. Ўтган йиллар давомида фермер хўжалиги 40 гектар ерда пахта, 28 гектарда ғалла етиштирмоқда. Бундан ташқари, фермер тасарруфидаги 10 гектарга чорва озуқаси экилади. Тажрибали деҳқон 5 гектар ерни сабзавот-полиз маҳсулотлари экиб етиштириш учун ажратиб, жамоаси моддий манфаатдорлигини ҳам муттасил ошириб келмоқда. Қолаверса, илғор фермер Иброҳим Тўқлиев хўжалигида чорвачиликка эътибор қаратилиб, 50 бошдан зиёд қорамол боқилаётган бўлса, яна 40 тадан ошиқ асалари оиласи парваришланмоқда. 

Шу билан бирга, кенг тармоқли хўжаликка айлантирилаётган “Ўктам Иброҳим Тўқли” фермер хўжалигида 2 гектарда боғ барпо қилинган. Унда биргина узумнинг ҳусайни, қора кишмиш, тойфи, беҳишти ва яна бошқа серҳосил навлари парваришланмоқда. Экин ерининг ҳар қаричидан унумли фойдаланишда муайян ютуқларга эришилиб, ўзига хос тажриба мактаби шаклланган хўжаликда эндиликда “Воиш усули”даги узумчиликни ривожлантиришга эътибор оширилмоқда. Ток ниҳолларини кўпайтириш, агротехник тартиб-қоида асосида боғни кенгайтириш тадбири кўрилмоқда. 

Ҳозир Бухоро туманида фаолият юритаётган 400 дан ортиқ фермер хўжалигида дала четлари, ер майдони атрофлари, ариқлар бўйини обод қилиб, сабзавот-полиз маҳсулотлари, мевали ва манзарали дарахт ниҳолларини ўтқазиш билан бирга, албатта, ток кўчатларини экиб кўпайтириш талаби қўйилган. Ҳозир бу туманда 3 минг 155 гектар боғ-токзор парваришланаётган бўлса, шундан 2 минг 47 гектарини мевали боғ, 1 минг 108 гектарини эса токзор ташкил этмоқда. Бораётган саъй-ҳаракатга кўра, узумзор боғ сатҳи кенгайтирилмоқда.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан кейинги уч йилда Бухоро вилоятида 4 та туман, жумладан, Қоракўл, Пешку, Шофиркон ва Ғиждувон туманлари узумчиликка ихтисослаштирилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири