Токиога лицензиялар сони ошмоқда, Ҳасанбой Раҳимовдан навбатдаги йўлланма
Хабарингиз бор, бир неча кундан бери Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати беллашувлари давом этмоқда.
Хабарингиз бор, бир неча кундан бери Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати беллашувлари давом этмоқда.
Мусобақанинг бугунги баҳслари терма жамоамиз аъзолари учун муваффақиятли бошланди. Бироз аввал эркин кураш бўйича вазни 125 килограммгача бўлган полвонлар ўртасидаги беллашувларда ҳамюртимиз Ҳасанбой Раҳимов Токио олимпиадасига йўлланма олди.
Ўтиш баҳсида молдовалик Александр Романовни 6:0 ҳисобида мағлуб этган Раҳимов кечки дастурда бронза медали учун курашиш имкониятини ҳам қўлга киритди. Биз учун энг муҳими, бу спортчимизнинг Токио-2020 олимпиадасига йўлланмани қўлга киритганидир. Бугун кечки дастурда Ҳасанбой бронза медали учун хитойлик Живеи Ден билан ўзаро куч синашади.
Шу тариқа ўзбекистонлик спортчиларнинг Токио-2020 олимпиадасига қўлга киритган йўлланмалари сони 8тага етди. Шунингдек, бугун кечки дастурда -86 ва -97 килограмм вазн тоифаларида ҳам терма жамоамиз аъзоларидан Жавраил Шапиев ҳамда Магомед Ибрагимов олимпиада йўлланмаси учун кураш олиб боради. Биз спортчиларимизга омад тилаймиз.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати