Бугун глобал технологик рақобат, иқлим ва меҳнат бозорларининг ўзгариши, геосиёсий ноаниқликлар шароитида юқори малака ва тайёргарликка эга тезкор фикрлайдиган ёш мутахассислар зарурияти юзага келмоқда.
Эътироф этиш керак, сўнги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасида катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Ўлкада магистратурада таҳсил олаётган талабалар сони охирги етти йилда етти баробар, аёллар орасида эса 11 баробар ошди.

1991 йилдан 2016 йилгача бўлган 25 йил давомида бюджет ҳисобидан хорижда атиги 800 нафар талаба ўқиган бўлса, 2018–2025 йилларда бу кўрсаткич қарийб уч баробар юқорилаб, 2 минг 300 нафардан ошди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси эса бу борада кўмакчи бўлди, дейиш мумкин. Жамғарманинг дастурлари эса йилдан йилга кенгаймоқда.
Диёримизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида ўзбекистонлик ёшларнинг “ТОП-500” талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Буларнинг барчаси стипендиялар, грантлар ва халқаро стажировкаларни ўз ичига олган истеъдодларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими яратилгани туфайли рўёбга чиқмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасининг қайта ташкил этилиши ушбу янги йўналишнинг рамзига айланди.
– Қайта ташкил этиш кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтиришга қаратилган, - дейди жамғарманинг ижрочи директори Гулноза Исмоилова. – Бу орқали эса инсон капиталига инвестиция киритиш платформаси сифатида кадрлар тайёрлаш бўйича ягона кластер шакллантирилди. Бугунги кунда “Эл-юрт умиди” жамғармасининг асосий вазифаси — дунёнинг нуфузли таълим ва илмий марказларида таълим олган янги авлод етакчилари, мутахассисларни шакллантиришдан иборат. Улар мамлакатимизга қайтиб, илғор билимларни жорий этиш, давлат институтларини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, рақамлаштириш, маданият ва бошқа муҳим соҳаларни янги босқичга кўтариш, Янги Ўзбекистонни янада тараққий эттиришга муносиб ҳисса қўшади.

Қувонарлиси, ҳозирги кунга келиб ўзбекистонлик ёшлар Оксфорд ва Гарварддан тортиб, Токио ва Берлингача бўлган дунёнинг нуфузли университетларида таълим олиш имкониятига эга бўлди. Улар STEM, энергетика, транспорт, урбанизация, ҳуқуқ, давлат бошқаруви, тиббиёт, агротехнологиялар каби ўнлаб долзарб йўналишларда билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда.
2025 йилда “Эл-юрт умиди” стипендияси учун танлов мутлақо янги талаблар асосида ўтказилди: 173 нафар ёшлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эл-юрт умиди” стипендияси совриндори деб эътироф этилди.

Асосий эътибор барча жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигига қаратилди. Бу ҳалол ва адолатли танловнинг кафолати бўлди. Хусусан, қисқа муддатда my.gov.uz миллий тизимига интеграция қилинган махсус онлайн ариза қабул қилиш платформаси ишга туширилди. Ушбу платформа бюрократик тартиб-таомилларни сезиларли даражада қисқартириш, шунингдек, инсон омили таъсирини бартараф этиш имконини берди, бу эса коррупция хавфининг олдини олиш бўйича самарали чора бўлди.
Ғолибларнинг қарийб 70 фоизи жаҳоннинг Топ–100 рўйхатидаги университетларга кирган ёшлардир. Бу стипендиатларнинг сифат жиҳатидан янги таркиби. Қатъият билан меҳнат қилиб, дунёнинг энг яхши университетлари — Кэмбриж, Пенсилвания, Сеул миллий университети, Нью-Йорк, Лондон, Гонконг, Дьюк университетлари каби нуфузли олий ўқув юртларига киришга муваффақ бўлганлар қўллаб-қувватланди. Яъни, номзодларни саралашда миқдорга эмас, янги авлод мутахассисларини тайёрлаш сифатига эътибор қаратилмоқда. Бу Ўзбекистон ёшларининг дунёнинг энг иқтидорли фикр эгалари билан тенг рақобатлашиши ва мамлакат ривожига ҳисса қўшиши учун яна бир қадамдир.

Жамғарма хорижий ҳамкорлар сафини фаол кенгайтирмоқда. Қисқа вақт ичида етакчи университетлар, илмий-тадқиқот марказлари, халқаро таълим ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан алоқалар ўрнатилди. Хусусан, Буюк Британиянинг Давлат хизмати коллежи, БМТнинг Давлат хизмати бўйича халқаро комиссияси (UN ICSC), Стирлинг жамғармаси, АҚШ Халқаро таълим институти, Атлантика кенгаши, Осиёдаги Принстон жамғармаси, АҚШ Давлат департаментининг Таълим ва маданий ишлар бюроси каби ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Жорий йилда Жамғарма анъанавий академик алмашинувлар доирасидан ташқарига чиқиб, амалий халқаро ҳамкорликни сезиларли даражада кучайтирди.

Асосий ташаббуслар қаторига “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари учун дунёнинг етакчи университетларида ўқиш тўловларидан 20 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея ва Европа университетлари билан ҳамкорликни кенгайтириш киради. Хусусан, жамғарма Стенфорд университети Ипак йўли инновацион маркази, Жанубий Калифорния университетининг Сол Прайз давлат сиёсати мактаби, Колумбия университети Барқарор ривожланиш маркази, Гарвард университетининг Девис маркази, Уорвик университети, Вандербилт университети, Сиракуза университетининг Фуқаролик ва жамоат ишлари бўйича Максвелл мактаби, Жорж Вашингтон университети, Цукуба университети каби нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
Г.Исмоиловнинг сўзларига кўра, эътибор индивидуал таълим йўналишларидан қўшма дастурлар, амалиётлар, илмий-тадқиқот лойиҳалари ва билимларни узатишга қаратилмоқда. Муҳим йўналишлардан бири ўзбек тили ва маданиятини хорижда тарғиб қилишдир. Бу борадаги фаолиятнинг амалий натижаси сифатида жорий йил октябрь ойида Оксфорд университетида ўзбекшунослик дастури йўлга қўйилди. Уч йил давомида ўзбекистонлик профессор ва тадқиқотчилар Оксфордда фаолият юритиб, ўзбек тили, адабиёти, тарихи ва замонавий жамиятини ўрганишни тарғиб этади.
Ҳар йили Оксфорднинг 20 нафар талабаси Ўзбекистонга келиб, маданиятимизга чуқур кириб боради, тил, урф-одатлар, тарихни ўрганади ва бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларни ўз кўзи билан кўради.
Лойиҳанинг энг муҳим қисми — «Uzacademy» рақамли платформасини Оксфорд таълим тизимига интеграция қилишдир. Бу масофавий курслар, қўшма лойиҳалар, илмий алмашинувларга йўл очади — Тошкент ва Оксфордни километрлар эмас, балки ғоялар боғлайдиган ягона илмий маконни яратади.
Бундан ташқари “Эл-юрт умиди” жамғармаси қўллаб-қувватлови билан Тошкент давлат транспорт университети, Франциянинг миллий фуқаро авиацияси мактаби ва «Airbus» аэрокосмик компанияси ўртасидаги ҳамкорлик битими имзоланиб, махсус амалиёт дастур йўлга қўйилди. Шу билан бирга, “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили беш нафар талабанинг ўқишини молиялаштириш режалаштирилган бўлиб, асосий эътибор авиация соҳасига кадрлар тайёрлашга қаратилади.
Эътиборлиси, чет элларда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар ўз ватанлари нафақат бой тарихга эга мамлакат, балки инновацияларга тайёр динамик жамият эканлигини бутун дунёга кўрсатмоқда.
Ана шундай иқтидор эгаларидан бири Сабина Набиевадир. У Сан-Францискода ўтказилган дунёдаги энг йирик хакатонда иштирок этган биринчи ўзбек қизи бўлди. Кейинчалик у “Grace Hopper Celebration” дастури доирасида Анита Борг грантини қўлга киритди ва “Google Women Techmakers” элчиси этиб тайинланди. Яқинда у “WISP MAD20 Scholarship”, “SANS Security Training Scholarship” стипендияларини қўлга киритгани, шунингдек, “WiCyS Professional Mentorship” дастури ва “Cyber Pathway Mentorship” дастурига танлангани ҳақида яна бир нечта “қутлов хатлари” олди. Жорий йилда Ёшлар куни муносабати билан Сабина Набиева “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси болалар кардиохирурги Бобур Тураев эса ноёб операцияни муваффақиятли ўтказди. У олти ёшли боланинг шикастланган уч тавақали юрак клапанини олиб ташлади ва ўнг бўлмача қулоғидан фойдаланиб янги клапан яратди. Бу амалиёт мамлакатимиз тиббиёти тарихида илк бор ўтказилди. Шу пайтгача бундай юқори технологик операциялар фақат дунёнинг энг ривожланган тиббиёт марказларидагина амалга оширилган.
Жамғарма ёрдами фақат ўқиш даври билан чекланмайди. Стипендиатларнинг қайтиши ва уларнинг касбий муҳитга мослашишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамғарма ишга жойлашишга кўмаклашади, хорижда олинган билим ва кўникмалар талаб қилинадиган иш ўринларини топишга ёрдам беради, муносиб меҳнат шароитлари, карьера имкониятлари ва касбий ўсишни таъминлаш учун ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Муҳими, касбий муҳитга қўшилиш жараёни ўқиш давридаёқ бошланади. Масалан, бу йил АҚШ ва Буюк Британияда таҳсил олаётган стипендиатлар “IT Park Uzbekistan”да амалиёт ўтадилар. Улар стартаплар, венчур инвестициялари ва рақамли технологиялар соҳасида амалий тажриба орттирдилар. Бу уларга миллий воқелик билан алоқани йўқотмасликка ва таълим босқичидаёқ Ўзбекистондаги келажак касбий фаолиятга тайёргарлик кўришга ёрдам беради.
Бекзод Холмуродов “Эл юрт умиди” жамғармаси очиқ танловларида бакалавриат босқичини чет элда ўқиш имкониятини қўлга киритган ёшлардан бири. У АҚШда ўқиш давомида давлатимиз раҳбари билан учрашиш, ўз таклиф ва мулоҳазаларини айтиш имконига эга бўлган изланувчан ёшлардан бири.
– Жорий йилнинг сентябрь ойида Президентимизнинг АҚШга ташрифи доирасида хорижда яшаётган юртдошларимиз, талабалар билан бўлган мулоқотда давлатимиз раҳбарига ўз ташаббусларимизни айтиб, самимий суҳбатлашганмиз, - дейди Беҳзод. - Ўшанда бизга билдирилган ишонч янги куч ва шижоат бағишлади. Қўшма Штатларнинг Дрексель университетида механика муҳандислиги бўйича таҳсил олиб, юртимизга қайтиб келдим. Бугунги кунда Геология вазирлигида фаолият юритяпман.
Умуман олганда, “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти мисолида Ўзбекистонда инсон капиталига қаратилган ислоҳотлар тизимли, очиқ ва узоқни кўзлаган стратегия асосида амалга оширилаётганини кўриш мумкин.
Гўзал Сатторова, ЎзА