Шу кунларда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтаётган 100-Халқаро “Tokyo International Gift Show” кўргазмасида “Made in Uzbekistan” ягона миллий стенди остида 12 нафар маҳаллий ҳунармандларимиз иштирок этмоқда.
Ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоларини ривожлантириш ва “Маде ин Узбекистан” брендини жаҳон бозорига танитиш мақсадида ушбу тадбирга қатнашаётган ҳунармандларимиз миллий ҳунармандчиликнинг ноёб дурдоналарини намойиш этмоқда.

Республика “Ҳунарманд” уюшмаси маълумотига кўра, кўргазмадаги миллий стендларимиз илк кунданоқ халқаро ҳамкорлар ва ташриф буюрувчилар эътиборини тортмоқда.

Кўргазмада Япониядаги Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдурахмонов павилёнга ташриф буюриб, ҳунармандларимиз билан самимий суҳбатлашди. Элчи мазкур иштирок мамлакатимиз ҳунармандлари учун халқаро бозорларга йўл очиб беришини та’кидлади.

Ҳунармандларимизнинг ноёб асарлари нафақат япон мутахассислари, балки дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган иштирокчиларда ҳам катта таассурот қолдирмоқда.

Хусусан, кўргазмада иштирок этаётган каштадўзимиз Зуҳра Облобердиева Япониядаги нуфузли дўконларидан бири билан шартнома имзолади ва ўзининг каштачилик маҳсулотларини сотиш учун халқаро бозорга чиқариш йўлида муҳим қадам ташлади.

Эндиликда бу шартнома З. Облобердиеванинг шахсий маҳсулотларини Япония мижозларига етказиш учун катта имкониятдир. Ҳар бир буюртма орқали миллий ҳунармандчиликни дунёга танитишига замин бўлди.
Сир эмаски, Ўзбекистон ҳунармандчилиги халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамламоқда ва бундай келишувлар миллий санъатимизни янада кенг аудиторияга етказишда муҳим аҳамиятга эга.
Кўргазма 5 сентябрга қадар давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА