Токио Олимпиадаси бутунлай бекор қилиниши мумкин
Япониянинг Токио шаҳрида жорий йил ўтказилиши керак бўлган XXXII ёзги Олимпия ўйинлари коронавирус пандемияси сабаб бир йилга кечиктирилган эди.
Япониянинг Токио шаҳрида жорий йил ўтказилиши керак бўлган XXXII ёзги Олимпия ўйинлари коронавирус пандемияси сабаб бир йилга кечиктирилган эди.
Халқаро Олимпия қўмитаси Олимпия ўйинларини 2021 йилнинг 23 июль – 8 август кунлари ўтказилиши мўлжалланаётганини айтган эди. Бироқ мусобақа ташкилий қўмитаси вакилларидан бири Ёсиро Морининг фикрига кўра, пандемия келаси йил ҳам давом этса ва назорати издан чиқса, бўлажак Олимпиада бутунлай бекор қилиниши мумкин.
Шунингдек, Япония шифокорлар ассоциацияси раҳбари Ёситакэ Ёкокура Киодо агентлигига берган интервьюсида мазкур ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
– Агар самарали вакцина топилмаса “Токио – 2020“ Олимпия ўйинларининг келаси йили ўтказилиши сўроқ остида қолади. Бироқ биз максимал даражада COVID-19га қарши вакцина топишга ҳаракат қиламиз. Муаммо нафақат Япония, балки бутун дунёдаги вазият билан ҳам боғлиқдир. Олимпия ўйинлари ўтадиган муддатда инфекциянинг бутун дунё бўйлаб тарқалиш ҳолати қандай бўлиши барча масалага ойдинлик киритиб беради. Бундай пайтда Японияда касалланганлик ҳолати яхшиланган бўлса ҳам, инфекциянинг бутун дунё бўйлаб тарқалиши давом этса, Олимпия ўйинларини ўтказмаслик эҳтимоли юқори бўлади, – дейди Ёкокура.
Эслатиб ўтамиз, Токио Олимпиадаси XXI асрда қолдирилаётган Олимпия ўйинларининг дастлабкиси сифатида тарихга кирмоқда. Ўтган асрда уруш ҳаракатлари билан 1916 йил Берлин, 1940 йил Токио ва 1944 йил Лондонда ўтиши керак бўлган Олимпия ўйинлари бекор қилинган эди. Шунингдек, 1972 йил Мюнхенда ўтган Олимпия ўйинлари ҳам теракт сабаб тўхтатилган, аммо вазият юмшагач баҳслар якунига етказиб қўйилган эди.