Тошкентда туғилиб, АҚШда зафар қучиб, жаҳон спорт майдонларида Ватанимизни улуғлаб келаётган Бекзод Абдураҳмонов Токиода ўтказилаётган XXXII ёзги олимпия ўйинларининг кураш гиламида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик шодиёнасига бронза медалини туҳфа этди.
Токио олимпия ўйинларининг якунланишига ҳам икки кун қолди. Унинг шиддатли баҳсларида ўз мамлакатини улуғлаш, миллий ўзлигини намойиш қилиш учун юзлаб маҳоратли спортчилар мураккаб беллашувлар жараёнидан ўтишмоқда. Бугунгача Олимпия ўйинларининг беназир медалларига эга бўламан, деб жаҳон спортининг манаман деган зўрлари олимп спорт майдонидан бош эгиб чиқишга мажбур бўлганлигини кунора кўриб, кузатиб бормоқдамиз.
Статистик маълумотларга кўра, бугунгача ўтказилган Олимпиада баҳсларининг 14 кунлик сарҳисобига кўра, 272 та медаллар жамланмаси ўз эгаларига топширилган. Бугун ўйналган 23 та медаллар тўпламидаги Ўзбекистоннинг бронзали “ҳаққи”ини эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов қўлга киритди.
У 74 килограмм вазндаги муросасиз беллашувларда дунёнинг энг кучли курашчилари, жаҳон ва олимпия ўйинларининг ғолиблари билан мардонавор курашди. Якуний беллашувда эса қозоғистонлик 2020 йилги қитъа чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори Донияр Кайсановни муддатидан аввал мағлуб этиб, 32-олимпия ўйинларининг бронза медалига мушарраф бўлди ва Ватанимиз байроғини Токио осмони узра сарбаланд этди.
1990 йили Тошкентда таваллуд топган ўзбекнинг полвон йигити Бекзод Токио Олимпиадасининг бронза медалига сазовор бўлгунча катта спорт йўлини босиб ўтди. Бундай дейишимизга сабаб, кичкиналигида пойтахт спорт мажмуаларида эркин курашнинг азалий усулларини ўзлаштириб, гоҳ ютиб, гоҳ ютқазиб классик курашдаги маҳорати йилдан-йилга ошиб боришини таъминлади. Тақдир уни оилавий шароит туфайли айнан камолотга эришганда спорт машғулотларини АҚШда давом эттиришини белгилади.
Тошкент спорт мажмуаларидаги жисмоний чиниқишлар, маҳоратли мураббийларнинг йўл-йўриқлари Америка заминида ўтказилган эркин кураш мусобақаларида ўзбек йигитига асқатди. Навқирон ёшга етишган Бекзод Абдураҳмонов 2010-2014 йиллар мобайнида Америкада ўтказилган ёшлар ўртасидаги бир қатор нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни эгаллади.

Айниқса, 2012-2014 йиллар давомида Америка Қўшма Штатлари ёшлари ўртасидаги энг нуфузли спорт мусобақаси бўлган “New-York Atletic” турнирида доимий тарзда совриндор бўлиши уни нафақат океан орти курашчилари, балки Ўзбекистон “классиклари” ўртасида ёрқинроқ танилишини таъминлади.
Бекзоднинг чапдастлиги, ғалабага бўлган кучли иродасини доимий тарзда кузатиб борган Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси мутасаддилари, мутахассислари ва мураббийлари 2014 йили уни Ўзбекистон терма жамоасига жалб этди.
Айнан шу йилдан эътиборан унинг катта спортдаги “салб юриши” бошланди. Тошкентда ўтказилган жаҳон чемпионати муросасиз беллашувларида Бекзод Абдураҳмонов бронза медалини қўлга киритди. Жанубий Кореянинг Инчон шаҳрида ўтказилган XVII Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига дастлабки олтин медални Бекзод тақдим этганди. Шундан сўнг 2015-218 йиллар давомида ўтказилган жаҳон ва қитъа чемпионатларида, Осиё ўйинларида у Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди.
2016 йили Бразилияда ўтказилган ёзги олимпия ўйинларининг саралаш беллашувларида Таиланд, Латвия, Польша, Қирғизистон вакилларини мағлуб этиб медаллар учун баҳсларда Россия, АҚШ, Озарбайжон давлатларининг кучли полвонлари билан тенг курашиб, бронза медали учун кечган баҳсда имкониятни бой берган эди.
Ниҳоят, бундан беш йил муқаддам амалга ошмаган орзуларни рўёбга чиқариш вақти Япония гиламларида рўй берди. Шукурки, Ўзбекистоннинг, минг-минглаб кураш ихлосмандларининг, қолаверса, халқимизнинг чексиз ифтихорига сабаб бўлган 32-олимпия ўйинларининг бронза медалини Бекзод Абдураҳмонов 2021 йилнинг 6 августида Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллик шодиёналарини қаршилашимизга 25 кун қолганда қўлга киритди.
Бекзоднинг ушбу тарихий ғалабаси эвазига Ўзбекистон Олимпия ўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларига эга бўлган 40 тага яқин омадли мамлакатлар орасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаб олди. Эрта ва индин бўлиб ўтадиган олимпия ўйинларининг сўнгги баҳсларида эса бу юксалиш янада ёрқинроқ бўлиши шубҳасиз.
Зотан, мураккаб эпидемиологик вазиятга қарамасдан ўтказилаётган тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида қатнашаётган дунёнинг энг кучли 12500 нафар спортчиси сафида ва улар орасидан сараланаётган ғолиблар қаторида Ватанимизнинг матонатли спортчиларининг борлиги, эътироф этилаётганлиги Ўзбекистоннинг ғалабалари бардавомлигидан далолатдир.
Тўлқин РЎЗИЕВ.
ЎзА