Кеча бутун мамлакатимизга, халқимизга чексиз қувонч ва фахр бағишлаган муваффақият – Ўзбекистон жамоасининг 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида илк бор чемпион бўлишида Жаҳонгир Воҳидовнинг якуний ҳал қилувчи ўйиндаги ғалабаси тарихий аҳамият касб этди.
Ушбу натижадан сўнг 188 жамоа қатнашган энг нуфузли шахмат мусобақасида вакилларимиз чемпионликни тантана қилди.
Ҳиндистон мезбонлик қилган шахмат олимпиадасида Жаҳонгир индивидуал натижалар бўйича 4-доскада ўйнаган шахматчилар орасида ҳам тенгсиз деб топилди ва олтин медални қўлга киритди.
Жаҳонгир Воҳидов 1995 йилда Самарқанд шаҳрида шахматчилар оиласида туғилган. Шунинг учун ҳам болалигидан ақл гимнастикаси билан шуғулланиб, республика ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашди. Энг ёш халқаро гроссмейстерлар қаторида эътироф этилди.
– Ўзим ва турмуш ўртоғим ҳам шахматчи бўлганимиз учун болаларимизда ҳам ушбу спорт турига қизиқиш катта бўлган, – дейди Жаҳонгирнинг отаси Тоҳир Воҳидов. – Мен ҳам Ўзбекистон ва Осиё чемпионатлари совриндори бўлганман. Лекин жаҳон чемпионатида бундай натижага эришиш насиб қилмаганди. Биз орзу қилган ютуққа Жаҳонгир эришди. Албатта, биз ҳам мусобақани катта ҳаяжон билан кузатдик, ҳар бир ўйинни гўёки ўзимиз ўйнаётгандек ўйладик, таҳлил қилдик. Айниқса, кечаги якуний баҳсни нафақат биз, бутун Ўзбекистон ҳаяжон билан кузатиб турди. Жаҳонгир нидерландиялик шахматчидан устун келиб, ғалабани қўлга киритганида қалбимизда уйғонган фахр ва қувончни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Ўғлим билан фахрланаман, жаҳон чемпиони бўлиб, юзимизни ёруғ қилди. Ўзбекистон ёшларига ўз иқтидорини кўрсатиши учун имконият яратиб бераётган Президентимизга раҳмат.
Жаҳонгирнинг шахматдаги муваффақиятларида уни ёшлигидан турли мусобақаларга олиб борган, унга устозлик қилган амакиси, кўп йиллар Самарқанд шахмат федерациясига раҳбарлик қилган Абдуваҳоб Воҳидовнинг ҳам хизматлари катта .
– Жаҳонгирга ҳар доим “маррани баланд ол, жаҳон чемпиони бўлишни кўзла” деб уқтирардим, ўз устида кўпроқ ишлашга даъват этардим, – дейди А.Воҳидов. – Қаерда мусобақа бўлса бирга борардим, ёнида турардим. Ёшлигидан интилувчанлиги сабабли Ўзбекистон чемпиони, Осиё ва халқаро мусобақалар совриндори бўлди. Унинг Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги ютуғи нафақат бизнинг, балки бутун халқимизнинг ютуғидир. Президентимиз Олимпиада чемпиони бўлган шахматчиларимизга телефон қилиб, уларни табриклагани, Жаҳонгир билан суҳбатлашиб, унинг ютуғини алоҳида эътироф этганини телевизорда кўриб, кўзларимга ёш келди. Шу кунларга етказганига шукр! Юртимиз ёшларининг дунёни ҳайратга соладиган муваффақиятлари кўп бўлсин!
Ғ.Ҳасанов, ЎзА