Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоҳир ва Зуҳранинг қўшқабри Намангандами?
09:11 / 2020-11-14

Эртаклар ҳаётдан олинади. Халқ оғзаки ижодининг юксак намунаси бўлмиш “Тоҳир ва Зуҳра” севги қиссаси қаҳрамонларининг рамзий қабри Самарқанднинг Оқдарё ва Қашқадарёнинг Ғузор туманларида бор деб келинарди.

Эндиликда уларнинг муҳаббат фожиаси айнан Наманган заминида рўй берганлигига аниқлик киритилмоқда. Буни наманганлик археологларнинг Тўрақўрғон тумани Файзабод қишлоғи Хўжа маҳалласида олиб борган қазишма ишлари тасдиқламоқда.

Наманган вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси томонидан муқаддас қадамжо ва қадимий манзилгоҳларни аниқлаш ва уларни туризм йўналишига киритиш лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижасида икки дил достони ҳақиқат эканлиги исботини топмоқда.

– Ёшим етмишга етмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, маҳалла фахрийси Воҳидхон Қодиров. – Болалигимиздан бобо-бувиларимиз Тоҳир ва Зуҳра айнан шу заминдан эканини айтишса, эътибор бермаган эканмиз. Кейинчалик, бунга қизиқиб қолдим, мустақил изланишлар олиб бордим, ёши улуғ кексалар суҳбатида бўлдим. Уларнинг бари бир фикрдалиги мени ҳайратда қолдирди. Сўнгги икки ой ичида қадимшуносларнинг қазишма ишлари бизнинг гипотезаларимизни тасдиқлади. Қўшқабр атрофи қазилганида, унинг пойдевори очилди. Икки қабрнинг асосида узилиш йўқ. Улар бир бутун яхлит қабрдек. Тарихчилар бу қабрлар IX-X асрга оид эканлигини таъкидладилар.

Дарҳақиқат, эътибор берадиган бўлсак, шундоқ ушбу қадамжонинг қуйи қисмидан катта дарё оқиб ўтади. Ўзбек кинематографияси олтин фондидан ўрин олган “Тоҳир ва Зуҳра” бадиий фильмининг айнан шу ерда олингани юқоридаги сўзларимиз тасодиф эмаслигини яққол исботлаб турибди.

Наманганда бундай манзилгоҳлар кўп. Айни пайтда вилоятда тарихий, меъморий, маданий мерос объектларини тадқиқ қилиш, туризм инфратузилмасини яхшилаш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА