Тўғри овқатланиш – соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг энг асосий мезонидир. Шу боис, мамлакатимизда инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Соғлом ва тўғри овқатланиш – саломатлик асоси” мавзусидаги давра суҳбати айни масалаларга қаратилди.
Таъкидланганидек, соғлом турмуш тарзини шакллантириш йўналишида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинган. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар “A” витамини, 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар, 3-15 ёшдаги болалар йод препарати ҳамда 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларга эса темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланиши йўлга қўйилди.

Мутахассислар томонидан жисмоний фаоллик, овқатланиш меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, етарли даражада витамин ва минераллар истеъмол қилмаслик оқибатида ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда ортда қолиш, катталарда эса юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлиши таъкидланди.
Давра суҳбатида айни кунларда “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қуйи палатада иккинчи ўқишга тайёрланаётгани, унда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий тамойиллари, соҳада ваколатли давлат органи белгиланаётгани алоҳида қайд этилди.
Депутатлар соҳада олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, фуқароларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлом овқатланиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш, тўғри овқатланиш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш, болаларда соғлом овқатланиш тарбиясини шакллантириш бўйича ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.
М.Комилова, ЎзА