Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Япония Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида “Тўғонларни ривожлантириш ва бошқариш (рақамлаштиришни тарғиб қилиш)” мавзуида қўшма илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон-Япония ёшлар инновaция марказида ўтказилди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, соҳа олим ва мутахассислари, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Япониянинг қатор компаниялари вакиллари, талабалар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари Дилшоджон Ҳожиаҳмедов, Япониянинг Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирининг халқаро лойиҳалар бўйича ўринбосари Сеичи Онодера ва бошқалар сўзга чиқди. Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Япония ўртасида сув хўжалиги соҳасида қатор лойиҳалар доирасида табиий офатларнинг олдини олиш ва сифатли инфратузилмалар билан таъминлаш бўйича яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Қўшма илмий-амалий семинарда ўзбек ва япон олимларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олишни кучайтириш, тўғонларнинг зилзилаларга чидамлилигини таъминлаш, тўғонларни бошқариш ва рақамлаштириш ва тўғонлардан сувни қуйи оқимдаги аҳолига хавфсиз чиқариш (огоҳлантириш тизимлари) каби йўналишлардаги маърузалари тингланди.
– Ушбу илмий-амалий семинар тўғонлар хавфсизлиги соҳасида Япониянинг илғор тажрибасини ўрганиш ва замонавий технологияларни жалб этиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишимизда асқатади, – дейди Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари З.Ирисбоев. – Япониялик мутахассислар тўғонларнинг хавфсизлигини текшириш ва таъминлаш, сув омборларида чўкиндиларга қарши курашнинг илғор усуллари бўйича тақдимот ўтказгани мутахассисларимизда катта қизиқиш уйғотди.
Семинар доирасида 10 яқин Ўзбекистон ва Япония компаниялари ўртасида бизнес учрашувлар ўтказилди.
Г.Бобоева, ЎзА