French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоғликларнинг узоқ йиллик орзулари ушалди
14:09 / 2023-09-30

Саёҳат манзиллари

Қашқадарё вилоятининг сўлим табиатли гўшаларидан бири Шаҳрисабз туманидаги Сарчашма қишлоғи ҳақида аввалги мақолаларимизда кўп бора ҳикоя қилганмиз. Аммо ҳар гал борганимизда бир ўзгариш, бир янгиликнинг гувоҳи бўламиз. 

Бу гал ушбу масканга бизни тоғ қишлоқларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари чорлади. 

Илгарилари Сарчашмага бориш учун пасту баланд, ўнқир-чўнқир машаққатли тоғ йўлидан махсус, тоғ йўлларига мослашган машиналарда бориларди. Йўл масаласи тоғ қишлоқлари аҳолисининг ушалмас орзусига айланган эди. Айниқса, қиш-қировли кунларда аҳоли туман марказига тушишга жуда қийналишар эди. Зарурат бўлмаса тушмасди ҳам. 

"Ҳисорак" МФЙ марказидан Сарчашма қишлоғи сари ҳаракатланар эканмиз, бу гал ўзимизнинг машинада кетдик. Текис ва равон йўлларда машина қийналмайди ҳисоби. 

Сарчашма қишлоғига яқинлашганимизда йўлсозларнинг қизғин иш жараёни устидан чиқдик. Улар қишлоқнинг ички йўлларини асфальтлаш ишларини якунлаб, тоғдан тушадиган катта йўлни бошлаб юборишибди. Тўхтаб, озгина суҳбатлашдик.

– Шаҳрисабз тумани Ҳисорак-Сарчашма автомобиль йўлининг 12 километр қисмида асфалтьлаш ишларини амалга оширяпмиз, – дейди “Қашқадарё йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Зокир Кенжаев. – Эни 4,5 метр, қалинлиги 10 сантиметр ўлчамда асфальт ётқизилмоқда. Илгари 2-2,5 метр эди. Ҳозирги кунда 7 метргача кенгайтирилди. Жарлик томонга бетон тўсиқлар қуйиб чиқилмоқда. Ҳозирги кунга қадар 4 километр жойга асфальт қопладик. Лойиҳамиз йилдан-йилга ўтувчи лойиҳа бўлиб, жорий йил ҳисобидан 6 километр қисмини асфальт ва бетон қоришма билан таъминлаймиз. Кейинги йил қолганини қиламиз. Чунки тоғ йўли бўлгани учун асфальт ётқизишгача йўлни тайёрлаш, кенгайтириш, текислаш ишлари анчагина вақт талаб этади. Бундан ташқари, сел сувларини қочириш учун керакли жойларига 28 та 520 лик, 830 лик, 1020 лик ўлчамдаги металл трубалар қўйилмоқда. 2Х2 ўлчамда пролотоклар ўрнатилмоқда. 

4 минг 700 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Сарчашма қишлоғи Қирққиз, Шоҳ юрти, Айритоғ чўққилари этагида жойлашган. Бу ерда асосан тожик миллатига мансуб кишилар деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб, ҳаёт кечиради. Деярли ҳар бир хонадон ўзи учун ажратилган ерда деҳқончилик қилиб, ҳар йили тонналаб картошка, олма, ёнғоқ каби маҳсулотларни бозорга чиқаради.

Қишлоққа кириш жойда тўхтаб, табиат аталмиш буюк рассом чизган “сурат”ларни кузатдик. Улуғвор тоғлар, ҳали куз нафаси ҳудудни тарк этмаган бўлса-да, олис тоғ чўққиларига қор тушган ва бу чўққиларга ўзгача фусун бағишлаган.

Маҳалла раиси ҳамроҳлигида қишлоқ оралаб юрар эканмиз, ёнғоқларини қоқаётган боғбонни учратдик. Суҳбатга чорладик. Машаққатли меҳнатининг роҳатидан завқланган деҳқон чеҳраси очилиб, шукрона келтиради. Пешона тери билан топилган даромаднинг гашти ўзгачалигини, меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмаслигини бот-бот такрорлашдан чарчамайди.

– Ҳовлимизда 4 туп ёнғоқ дарахти бор. Бундан ташқари, дала ҳовлимизда ҳам бор, – дейди Амирқул Ёров. – Уларнинг баъзи бирлари 100-150 ёшда. Улардан об-ҳавога қараб ҳар йили 1 тоннага яқин ҳосил оламиз. Она табиатнинг ўзи ёнғоқ учун қулай шароитни яратган. Ширин сув, салқин табиат. Биз фақат экамиз ва ҳосилини терамиз. Бундан ташқари, картошка, буғдой экамиз. Аввало, рўзғорга, ортгани бозорга сотилади. Насибага яраша, даромади ёмон эмас.

Ҳамма иш билан банд, кимдир ёнғоқ қоқаяпти, кимдир олма термоқда, яна бошқа биров картошка кавлаш билан овора.

– Аҳолимиз асосан олма, ёнғоқ, картошка етиштириш билан шуғулланади, – дейди Шуҳрат Қурбонов. – Кузда терамиз, баҳорда ишлов берамиз, дори сепамиз, суғорамиз. Совуқдан асраб қолганимизнинг сабаби шундаки, пастга нисбатан, тоғ томонларда баҳор 1,5-2 ой кеч бошланади. Куз ҳам эрта тушади. Шунинг учун бўлса керак, дарахтларимизга совуқ кўп таъсир қилмайди. 25 сотих боғимиз бор. Шунга 100 туп олма дарахтини экканмиз. Бундан ташқари 50 туп нок бор. Дарахтларимиз ҳали ёш. Бу йилнинг ҳисобига 2-3 тонна олма олишни режалаштиряпмиз. 1 тоннага яқин нок олдик. 1,5 тоннага яқин картошка етиштирдик. Бу тўкин-сочин яшашимизга етади. Пастдан келиб харидорлар олиб кетишади. Қишлоғимизда деярли ҳамманинг томорқаси бор. Ками 10-15 сотихдан. Боқиманда одамни тополмайсиз бу ерда. Ҳамма меҳнат қилади. Ҳовли девори, дарвоза йўқ. Аҳил иноқликда яшаяпмиз.

Қишлоқни оралаб юрар эканмиз, текис ва обод йўллар, чиройли савдо дўконлари, шинамгина емакхоналар барпо қилинганига гувоҳ бўлдик. Қишлоқ одамларининг қайси бири билан суҳбатлашмайлик, бўлаётган ўзгаришлардан мамнун эканлигини бот-бот такрорлайди. 

– Давлатимиздан жуда миннатдормиз, йўлларимиз асфальт бўлди. Бу бизнинг узоқ йиллик орзуимиз эди, – дейди Раҳмон бобо Шарипов. – Бу йўлларнинг кўпи қўл кучи билан ҳашар орқали қилинганди. Қишда ҳаракатланиш жуда қийин бўларди. Айниқса, бизга ўхшаган кекса нуронийлар, мактабга қатнайдиган болажонлар жуда машаққат чекардик. Шукрки, мана қисқа фурсатда ҳамма йўлларимиз асфальт бўлиб қолди. Туман марказига тушадиган йўлни ҳам кенгайтириб, чиройли қилишмоқда. Янги йўллар, боғчалар, шифохоналар ва бошқалар, ўзгаришлар катта. Халқнинг дардини эшитяпти ва шу муаммоларни ҳал қилиб беряпти. Ёшим 80 га яқинлашди. Мана шундай дориламон кунларни ҳам кўрдик. Юртимиз ҳамиша тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Биз кексалар доим дуодамиз. 

Ислоҳотлар шабадаси сарчашмаликларнинг турмуш тарзи, ҳаётини ҳам ўзгартирмоқда. Айниқса, доим ўчоқ-қозон ва бола тарбияси билан банд бўлган хотин-қизларнинг юмушлари енгиллашган. 

– Қишлоғимиз аёллари жуда хурсанд, – дейди Сайёра Ниёзова. – Илгари сира рўзғор ишларидан ортмасдик. Мана газ баллонлари келиб, ўчоқдан қутулдик. Янги боғча очилиб, фарзандларимиз қатнаяпти, замонавий таълим оляпти. Энди бўш вақтимиз кўпайди. Ўзимизга қарашга, бирор ҳунарни давом эттиришга имкон пайдо бўлди. Масалан ўзим ширинликлар пишираман. Тўй-ҳашамларга, оилавий тадбирларга тайёрлаб бераман. Буюртмалар кўп. Илгари буларнинг ҳеч бирига улгуриб бўлмасди.

[gallery-13601]

Албатта, ҳунари бор хор бўлмас. Қисқа қилиб айтганда, қишлоқда бекор ўтирган одамни кўрмайсиз. Ҳамма иш билан, меҳнат билан банд. Шунга яраша одамларнинг турмуши ҳам фаровон. Маҳалла раиси Фазойил Чоршанбиев қишлоқдаги ўзгаришларни сўзлаб берар экан, қишлоқ тарихини акс эттириб турувчи янги музей ҳам ташкил этилганини сўзлаб қолди. Йўлни шу томонга бурдик. 

Ҳақиқатда қишлоқдаги фойдаланилмай турган қадимий масжид биносида ташкил этилган ушбу музей қишлоқ одамларининг турмуш тарзи, урф-одатлари ва анъаналари акс эттирувчи минглаб экспонатларга тўла экан. Бу хайрли иш шу қишлоқлик рассом Фурқат Абуловнинг ташаббуси экан.

– Музейимиздаги экспонатларнинг энг қадимийси тарихчиларнинг айтишича, 8-асрга тааллуқли сопол товоқ, – дейди Фурқат Абулов. – Боиси уни безашда ишлатилган ранглар турли хил ўтлардан тайёрланган ва бундай усул мутахассисларнинг таъкидлашича, 8-асрлар кулолчилигига хос экан. 13-асрларга тааллуқли найза ўқи ҳам қадимий экспонатларимиздан. Бундан ташқари экспонатларимиз орасида қадимий пичоқ ҳам бор. Унинг суратларини мутахассисларга ташлаб берганимизда римликлар пичоғи дейишди. Ясалиш усули шунга ишора қилади. Уни тоғда қўй ўтлатиб юрган чўпон йигит топиб олган. Ҳали ўрганиш ишлари охирига етмади. Балки жуда қадимий бўлиши ҳам мумкин. Бу нарсаларни йиғиш ва уларнинг ҳар бирини мутахассислар билан муҳокама қилар эканмиз, яшаб турган қишлоғимиз жуда қадим-қадимдан инсониятга макон бўлганини англадим. Ҳали ўрганилмаганлари жуда кўп. Албатта бу халқимизнинг бой тарихи, урф-одат анъаналаридан дарак бериб туради. Мақсадим ҳам аслида шу эди. Қишлоғимизнинг тарихини жонлантириш, уни келажак авлодга етказиш. Ҳали изланишларимиз давом этмоқда. 

Дарҳақиқат, музей биноси экспонатларни сақлаш ва жойлаштириш учун озгина торлик қилиб, ноқулайлик туғдирсада, аммо тарихий экспонатларга бой. У ерда қадимги кулолчилик буюмлари, тангалар, заргарлик буюмлари, либослар, қурол аслаҳалар, қадимий китоблар барча-барчаси мўъжизакор. Шу боис қишлоққа келган меҳмон борки, албатта, музейни бир бора томоша қилиб кетар экан. Биз ҳам мароқ билан томоша қилдик. Кўпчилик буюмларнинг тарихи билан қизиқдик. Очиғи, олис тоғ қишлоғида ноёб экспонатларга бой бундай музейнинг фаолият бошлаши ҳайратланарли. Фурқат Абуловнинг ушбу музей борасидаги режалари бисёр. Келгусида уни кенгайтириб, муҳташам музейга айлантиришни мақсад қилган. 

Қизиғи, Сарчашмада эгри-бугри бўлиб, тепаликка томон ўрлаган кўчаларнинг икки четидаги хонадонларнинг бирортаси девор билан ўралмаган. Бу нимадан дарак беради? Қишлоқда “қўли эгри” одам йўқлигидан, ҳамма ўзига тўқлигидан… Синамоқ учун қишлоқнинг исталган ерига буюмингизни қўйиб кетинг, то ўзингиз қайтиб келмагунингизча биров тегмайди. Қишлоққа бегона кўз ораласа, дарров ҳамма билади.

Мана шундай ажойиб таассуротлар билан Сарчашма қишлоғидан қайтдик. Ҳа, демай бу ўлкаларни қалин қор қоплайди. Тоғлар ўзининг қор кўрпасини ёпиниб ширин уйқуга кетади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари.