Бухоро ва Самарқанднинг қадимий миноралари асрлар давомида нафақат Яқин Шарқ, балки олис Шимолий Кавказ халқлари учун ҳам маърифат маёғи бўлиб хизмат қилган. Тарихдан маълумки, Доғистоннинг мард ва жасур фарзандлари бўлмиш аварлар учун Турон шунчаки географик ҳудуд эмас, балки юксак исломий илм ва маънавият ўчоғи саналар эди.
Ўзларини “маарулал” деб атовчи бу тоғлик халқ вакиллари ва ўзбек замини ўртасидаги ришталар чуқур тарихий илдизларга эга. Бу алоқалар оддий савдо-сотиқдан бошланган бўлса-да, вақт ўтиши билан мустаҳкам маънавий ва маданий ҳамкорликка айланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган авар диаспораси ана шу узоқ йиллик тарихий ҳамкорликнинг жонли гувоҳидир.
Авар халқининг тақдирида нақшбандия тариқати алоҳида ўрин тутади. Бу тариқатнинг Доғистонда кенг ёйилиши бевосита Бухоро мадрасалари ва уламоларининг таъсири билан боғлиқ. Тарих саҳифаларидаги энг ёрқин далил – Кавказ халқларининг озодлик ҳаракати раҳбари Имом Шомил фаолиятидир. Асли авар миллатига мансуб бўлган бу саркарда нафақат ҳарбий йўлбошчи, балки нақшбандия тариқатининг етакчиси ҳам эди. Манбалар Имом Шомилнинг Бухоро амирлиги билан алоқалар ўрнатгани ҳақида сўзлайди. Унинг дунёқараши ва эътиқодий асослари айнан Бухорода камол топган тасаввуф таълимотидан озиқланган. Шу боис, авар зиёлилари учун Бухорои шариф ҳамиша муқаддас зиёратгоҳ ва илм маркази бўлиб келган.
ХIХ асрда ва ХХ аср бошларида Доғистон уламолари орасида Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олиш юксак шараф ҳисобланган. Илмга чанқоқ авар йигитлари минг чақиримлик машаққатли йўлни босиб ўтиб, исломий билимларни эгаллашга интилганлар. Манбаларда қайд этилишича, авар толиби илмлари бошқа кавказликлар орасида ажралиб турган. Улар араб тилини мукаммал эгаллаганлар. Авар олимлари ва уламолари ҳатто ўзаро суҳбатларда ҳам адабий араб тилидан бенуқсон фойдаланганлар. Бу ҳолат уларнинг интеллектуал салоҳияти ва Турон илмий муҳитининг юқори даражасидан далолат беради. Ушбу илмий сафарлар натижасида кўплаб аварлар Ўрта Осиёда муқим қолиб, маҳаллий аҳоли билан аралашиб кетганлар.
Иқтисодий алоқалар ҳам аварларнинг ўзбек заминига кўчиб келишида муҳим омил бўлган. Ўз юртида моҳир ҳунарманд сифатида танилган авар усталари – заргарлар, темирчилар ва кўнчилар Бухоро ва бошқа шаҳарларга келиб ишлаган. Уларнинг нозик дид билан ясаган буюмлари бозорларда юқори баҳоланган. Вақт ўтиши билан уларнинг бир қисми шу ерда оила қуриб, ўзбек халқининг бир бўлагига айланган. Шу тариқа, илм ва ҳунар орқали икки халқ ўртасида қон-қардошлик ришталари боғланган. Бу жараён табиий ва ихтиёрий равишда кечгани билан аҳамиятли.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида аварларнинг Ўзбекистонга миграцияси янгича тус олди. “Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, агар 1979 йилда юртимизда атиги 29 нафар авар истиқомат қилган бўлса, 1989 йилга келиб бу рақам кескин ўсиб, 767 нафарга етди. Бундай демографик ўсишнинг асосий сабаби – Тошкентнинг илм-фан ва маданият маркази сифатидаги мақоми эди. Авар ёшлари Тошкент давлат шарқшунослик институти ва ўша вақтда Ўрта Осиёда ягона бўлган Тошкент давлат театр ва рассомлик институтига ўқишга келган. Талабалик йилларидан сўнг кўплаб ёш мутахассислар шу ерда ўз тақдирини топиб, оила қуриб қолган. 1970-йиллар охирида машҳур авар шоири Расул Ҳамзатовнинг Ўзбекистонга ташрифи ҳам маданий алоқаларни янги босқичга кўтарган эди.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги аварлар ўз она тили билан бир қаторда ўзбек тилини ҳам мукаммал билади. Энг муҳими, улар ота-боболари анъанасига содиқ қолиб, ҳанузгача Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишни ўзларининг маънавий бурчи деб биладилар. Бугунги тинч ва фаровон Ўзбекистон бағрида аварлар ўзлигини сақлаган ҳолда, ягона ватан равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА