Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоғли қишлоқларда қалин қор, аҳвол қалай одамлар?
10:19 / 2026-02-02

Қиш чилласи Сурхондарё вилоятининг тоғли қишлоқлари учун синовли давр бўлди. Кучли қор ёғинлари ва совуқ об-ҳаво айрим тоғли ҳудудларда яшаётган аҳолининг туман марказига чиқишини чеклаб, бозор-ўчарини қийинлаштирди.

Кундалик озиқ-овқат ва бошқа кундалик эҳтиёж молларини харид қилишда муайян муаммоларни юзага келтирди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ орқали баъзи қишлоқ одамлари мурожаат ҳам этди.

Ҳолатни ўрганган вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Олтинсой, Бойсун, Узун, Денов, Сариосиё, Шеробод туманларининг биринчи раҳбарларига тоғли ҳудудларда яшаётган аҳолидан хабар олиб, уларга озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб беришни топширди.

Вилоят ҳокимининг ўзи Олтинсой туманидаги тоғлар қўйнида жойлашган Катта Вахшивор маҳалласида бўлиб, Сўфи Оллоёр зиёратгоҳида аҳоли билан учрашди. Муаммо, таклиф ва тавсиялари тингланди. Зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Шу куни Бойсун тумани ҳокими Баҳодир Шукуров Ўрта Мачай маҳалласидаги Хўжадияк, Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Якубов Сангардак маҳалласидаги Боғча қишлоқларида, Узун тумани ҳокими Хабибулло Бозоров Паҳлавон, Денов тумани ҳокими Анвар Нормаматов Ушор ва Даштичинор маҳаллаларида бўлиб, ҳудудларнинг муаммоларини ўрганди. Озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди. Туман марказлари ёки бозорларга келиш имкони бўлмаган қишлоқларда кўчма бозорлар ташкил этилмоқда. 

Шеробод туманининг тоғли Хомкон қишлоғи аҳолисининг мактаб масаласидаги мурожаати ҳам жойига борган ҳолда ўрганилди. Қишлоқдаги фойдаланилмаётган эски мактаб биносининг том қисми қулаб тушгани, ўқувчилар янги қурилган мактабда таълимни давом эттираётгани аниқланди. Мутасаддилар об-ҳаво илиқлашиши билан эски бинода таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиши юзасидан аҳолига тегишли тушунтиришлар берди. 

Учрашувларда вилоятдаги тоғли ва тоғолди қишлоқларида аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатилиб, улар дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш, ўз вақтида зарур ёрдам кўрсатиш, автомобиль йўлларини қордан тозалаш ишларини давом эттириш каби муҳим масалалар юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири