22 декабрь – Энергетиклар куни
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Сурхондарё филиалининг бир гуруҳ мутахассислари Сариосиё туманидаги олис тоғли Чош қишлоғида юзага келган авария ҳолатини қалтис шароитда тез бартараф этиб, қишли-қировли кунда ҳудуднинг электр таъминотини қайта тиклади. Изғиринли совуқда истеъмолчиларнинг қувончига шерик бўлди.

Сурхондарё вилоятида ҳам дам олиш кунлари ёққан оппоқ қор энергетикларни жиддий синовдан ўтказди. Қиш мавсумида истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлаш учун жойларда махсус бригадалар ташкил этилгани кутилмаганда юзага келган авария ҳолатларини тезкор бартараф этишга хизмат қилди. Носозлик сабабларини ўрганиб, тезда бартараф этиш учун бригадаларга энг моҳир мутахассислар жалб этилган. Шу боис ҳам жорий мавсумнинг дастлабки қировли кунларида воҳада юзага келган носозликлардан жиддий азият чекилмади.


Ноқулай об-ҳаво шароитида электр энергиясидаги қисқа туташув, юкламалар ортиши, узатиш тармоғининг меъёридан ортиқ қизиши, узатиш линияларининг узилиши ва бошқа ҳолатлар билан боғлиқ авариялар содир этилмаслигини кафолатлаб бўлмайди. Шундай вазият юз берганида энергетиклардаги ўз ишига масъулият билан қараш, сабот, совуққа чидамлилик ва тез ҳаракат қилиш кўникмалари жуда қўл келади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Сурхондарё филиалидан хабар беришларича, шу кунларда вилоятнинг Бойсун, Сариосиё, Денов каби тоғли туманлари ва чекка ҳудудларда содир бўлган авариялар қиш совуғига қарамасдан зудлик билан тикланди.

Чош қишлоғи Сариосиё тумани марказидан 120 километр олисда, баланд тоғлар қўйнида жойлашган. Оппоқ қор билан қопланган маҳаллада 280 истеъмолчи электр энергияси билан таъминланган. Тоғ шароити инобатга олиниб, ҳудудга еттита трансформатор ўрнатилган. Уларнинг узлуксиз ва барқарор электр энергияси узатиши учун етти нафар тажрибали мутахассис бириктирилган. Тоғдаги изғиринли об-ҳаво шароитига қарамай, фидойи электрикларнинг меҳнати билан чошликларга ҳам қисқа вақтда қайта нур улашилди. Истеъмолчилар оппоқ қорли тунни ёруғ чироқлар билан хотиржам ўтказди.

Айни пайтда Термиз шаҳрида вилоят ҳокимлигининг мавсумни беталафот ўтказиш бўйича махсус штаби куну тун фаолият юритмоқда. Штабга электр энергияси, газ, ичимлик сув таъминоти ва бошқа коммунал хизматлар кўрсатиш соҳаларининг ходимлари бириктирилган. Улар ўз тармоқларида юзага келган носозликлар ҳақидаги маълумотларни тезда жойларга етказиб, тузатилишини назорат қилмоқда.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳар куни штабда бўлиб, юзага келган носозликлар ва уларнинг бартараф этилиш ҳолатини таҳлил қилмоқда. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, узилишларни тез, сифатли бартараф этиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини ишончли энергия билан узлуксиз таъминлаш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб бермоқда. Бу ишларнинг барчаси истеъмолчиларнинг қишли-қировли кунларда ҳам ҳаётидан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири