Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоғли ўшорликларнинг орзуси ушалди
17:27 / 2022-09-09

Денов тумани Ўшор қишлоғи воҳа марказидан қарийб 200 километр олисда баланд тоғлар қўйнидаги сўлим гўша. Қишлоқда тўрт мингга яқин аҳоли яшайди. Уларнинг ярмини ёшлар ташкил этади. Бу ерлик одамлар асосан, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланишнинг ҳадисини олган.

Бундан уч йил аввал Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ана шу қишлоқ одамлари билан юзма-юз мулоқот қилиб, дилдан суҳбатлашиш, муаммоларини ўрганиш учун борганида фуқаролар тиббиёт муассасаси ва мактабгача таълим ташкилоти қуриб берилишида амалий ёрдам сўраган эди.

Ўтган йили ҳудудда замонавий оилавий шифокорлик пункти бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Зарур тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Эндиликда уларнинг яна бир мурожаати ҳал этилиб, 120 ўринли 43-давлат мактабгача таълим муассасаси болажонларга туҳфа этилди.

– Туман марказидан ҳам узоқ жойлашган қишлоғимизнинг тоғ йўлларида транспорт воситалари секин ҳаракатланади, – дейди маҳалла фаоли Низомиддин Тўраев. – Бу иши шундоқ ҳам тиғиз катта-кичик раҳбарларнинг вақтини олади. Ҳа, деганда раҳбарлар келиб, ҳол-аҳвол сўрай олмайди. Мана, мамлакатимиз мустақил бўлганидан сўнг 28 йил деганда вилоят ҳокими келиб, бизнинг дарду-ташвишларимизни тинглади. Тиббиёт маскани ва болалар боғчаси қурилишида амалий ёрдам сўраган эдик, узоқ йиллик орзуларимиз кўп ўтмай бирин-кетин рўёбга чиқди. Қурувчилар ҳам барака топишсин. Қишлоғимизга кўркам ва сифатли бино бунёд этиб берди. Биздек олис ва тоғли қишлоқларда яшаётган одамларнинг ҳам дардини тинглаш, муаммоларини ўрганиш ва ечимини топишнинг самарали тизими яратилганидан хурсандмиз.

Икки қаватли мактабгача таълим ташкилотини қуришга 4 миллиард 714 миллион сўм маблағ сарфланиб, болажонларнинг ҳар тарафлама баркамол улғайиши учун барча замонавий шароит яратилди. Мебель ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Янги мактабгача таълим муассасасининг фойдаланишга топширилиши қишлоқ нуронийлари, ота-оналар ва болажонлар учун ўзига хос байрамга айланди.

Айни пайтда оилавий шифокорлик пунктида 12 нафар тиббиёт ва техник ходим аҳолига сифатли хизмат кўрсатаётган бўлса, янги мактабгача таълим муассасасида 18 нафар педагог-тарбиячи ва бошқа ходимлар бандлиги таъминланди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА