Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоғли ўшорликлар кўчма кутубхона китобларини мутолаа қилади
16:15 / 2024-09-20

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги воҳа марказидан қарийб 200 километр узоқда жойлашган тоғли Ўшор қишлоғи аҳолисининг бадиий асарларга эҳтиёжини қоплаш учун 97-умумтаълим мактабида кўчма кутубхона ташкил этилди.

Туман ахборот-кутубхона маркази билан 97-умумтаълим мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган зиё масканига энг сара ўзбек, жаҳон ва болалар адабиётлари етказиб берилди. 

Соҳа мутахассисларининг айтишича, туман марказидан олисдаги тоғли қишлоқ аҳолиси бўш вақтларида бадиий асарлар ўқишни жуда хуш кўради. Бироқ, мактаб кутубхонаси кўп йиллар давомида бадиий китоблар билан янгиланмагани учун бундай асарларга эҳтиёж сезилаётган эди. Эндиликда кўчма кутубхона мактаб ўқувчилари ва аҳоли ўртасида мутолаа маданиятини янада оширишга хизмат қилади. 

– Болалигим китобхон оилада, китоблар қуршовида ўтган, – дейди маҳалла фаоли Турдихол Очилова. – Энг севимли машғулотим ҳам китоб мутолааси бўлган. Ҳар бир бадиий асарни ўқиб чиққанимда кўнглимда янги-янги орзулар туғилар эди. Бугун ҳам фарзандларимни бир қўлимда китоб билан улғайтираётганим менинг бахтим. Уйимнинг ёнгинасида жойлашган мактабда кўчма кутубхона ташкил этилганини эшитиб янада қувондим. Бугун бу ерга келиб, севимли ёзувчим Тоҳир Маликнинг “Оқибат” номли китобини ўқишга олдим. Китобда одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат ва одамийлик фазилатлари тарғиб қилинган бўлиб, бу менинг ҳамда оиламнинг маънавий-ахлоқий камолотида муҳим ўрин тутади, деб ҳисоблайман. 

Кўчма кутубхонада китобхонларнинг талаб ва истаклари эътиборга олиниб, адабиётлар ҳар ой янгиланади. Китоблар сони ҳам ошириб борилади. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири