Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоғли ҳудудларга газ узлуксиз етказиб берилмоқда
21:50 / 2024-02-03

Ҳозирги об-ҳаво совуқ кунларда Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида газ босими пасаймоқда. Бу эса аҳолига бирмунча ноқулайликларни туғдирмоқда.

Жойларда газ босимининг тушиб кетиши туфайли аҳоли электр иситиш мосламаларидан тартибсиз фойдаланилиши кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида ёнғин содир бўлиши, ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатларга ҳам сабаб бўлади.

Соҳа ходимлари томонидан мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида шу кунларда узлуксиз иш режими ташкил қилинган.Айни кунларда энергияга бўлган эҳтиёж  ортганлиги боис, “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти вилоят филиали томонидан ҳам истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан бир маромда ва узлуксиз таъминлаш чоралари кучайтирилган.  

Айниқса, вилоят 12 та туманининг олис ва бориш қийин бўлган қишлоқларига, яъни 76 та маҳалладаги 26 минг нафарга яқин истеъмолчига об-ҳавонинг ҳар қандай шароитида ҳам суюлтирилган газ маҳаллий ҳокимият томонидан тасдиқланган график асосида ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда вилоятдаги 41 минг 312 нафар абонентга ҳар 35-40 кунда маиший газ баллонлари олиб борилаяпти. Бунинг учун етарли техника воситалари ва ишчи кучи ажратилган.

Мавсум бошидан буён газ таъминоти бўлимлари томонидан  истеъмолчиларга белгиланган тартибда суюлтирилган газ бериляпти. Газ тўлдириш шохобчалари газни қайта ишлаб чиқариш заводларидан келтирилган суюлтирилган углеводород газини тўкиб олиш, сақлаш ва маиший газ баллонларига тўлдириб беришда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Мақсад  совуқ мавсумдан аҳолининг хавфсиз ва беталафот ўтиб олишини таъминлашдир.

А. Мусаев, ЎзА мухбири