Тоғларда қор, Ангорда баҳор
Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги Хўжанқон маҳалласида қиш чилласи чиқиши билан бодом гуллади.
Бу ҳақда хабар берган туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Гавҳар Жумаеванинг маълум қилишича, ҳосил нишонасини кўрсатган бодом маҳалладаги Бозор Файзиев томорқасига баҳор нафасини олиб кирди.




Одатда чилла чиқиши билан юртимиздан қиш фаслининг қаҳратон совуқ кунлари аста-секин чекина бошлайди. Мамлакатимиз жанубидаги Сурхон тарафда бодом гуллагани ҳам табиатнинг илиқ ҳавосидан борлиқ уйғониб, теварак-атроф яшил либосга бурканадиган кунлар яқинлашаётганига ишора қилмоқда. Ҳали тоғларга қор тушаётган бўлсада, адирларда келаётган гўзал фаслнинг майин ёмғирли кўклам нафаси эсмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири