Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоғайтемир обод масканга айланди
13:22 / 2023-12-09

Икки ой олдин Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги олис ҳудудда жойлашган Тоғайтемир қишлоғида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастури доирасида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари бошланганини ҳикоя қилгандик.

Маҳаллага оралар эканмиз, асфальт ва қум- шағал ётқизилган обод кўчаларга гувоҳ бўлдик. Дастур доирасида маҳаллада 20 километр тупроқ йўлларга шағал тўкилибди.

– Мана шундай дориламон кунларни ҳам кўрдик, – дейди  86 ёшли Турсун бобо Нормўминов. – Кўчаларимиз қишда лой, ёзда чанг бўлиб ётарди. Қум-шаҳал ётқизилди, асфальт қилинди. Аҳоли ҳам қараб тургани йўқ. Уйларини оқлаб-кўклади. Аслида қишлоғимиз ҳозирги ўрнидан пастроқда, сойликда  жойлашган эди. 1962 йилнинг баҳор ойида қаттиқ дўл ёғиб, сел келди. Натижада кўп хонадонларни сел олиб кетди. Кўплаб одамлар қурбон бўлган. Жуда қийин бўлганди ўшанда. Шундан сўнг қишлоқ мана шу ўрнида қайтадан қурилди. Аслида бу ерларда одамлар жуда қадимдан буён яшаб келади. Ота-боболаримиздан қолган ривоятларга кўра, мўғуллар даврида бу ерда Тоғайтемир исмли киши томонидан катта қудуқ қазилган ва шу-шу қишлоқ номи ўша киши исмига қолиб кетган.  

[gallery-14981]

Туман марказидан 35-40 километр узоқликда жойлашган Тоғайтемир  маҳалласида 2656 нафар аҳоли, 515 та хонадон, 579 та оила яшайди. Шу кунга қадар қишлоқ аҳли бир иш билан мурожаат қиладиган маҳалла идораси йўқ эди. Дастур доирасида маҳалла аҳолисига замон талабларига жавоб берадиган, кўркам маҳалла идораси ҳам қуриб берилди.  

Бундан ташқари, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар сотишга мўлжалланган савдо расталари қад ростлади.  

Айниқса, маҳаллада жойлашган касб-ҳунар мактаби биноси негизида бадиий адабиётларга бой кутубхонанинг фаолият бошлагани тоғайтемирлик ёшларни қувонтирди.  

– Бугунги кунда маҳалламизда жуда катта ўзгаришлар бўляпти, – дейди маҳалладаги 5-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Сарвиноз Ҳусанова. – Жумладан, мана шу кутубхонанинг очилгани биз ёшларни жуда мамнун қилди. Бунинг учун аввало Юртбошимиздан, қолаверса, вилоят, туман раҳбарларидан жуда миннатдормиз. Мактабимиз кутубхонасида бадиий адабиётлар сони камроқ эди. Китобхонлик танловларига қатнашиш учун керакли асарларни ўқий олмасдик. Бу ерда эса исталган адабиётни топиб ўқиш имкони яратилди. Кутубхона интернет тармоғи орқали республика кутубхоналарига уланган. Топилмаган китобларни электрон шаклда ўқиймиз.  Ҳозирги кунда Тоҳир Маликнинг “Алвидо болалик” асарини ўқияпман. Бўш вақтим бўлди дегунча бадиий адабиётлар ўқишга қизиқаман. Мен каби китобсевар ёшлар учун бу кутубхонанинг очилиши жуда қувонарли воқеа бўлди, рости.

Таъкидлаш лозимки, дастур доирасида “Деҳқонобод калий заводи” АЖ ҳомийлик маблағлари ҳисобидан аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 150 метр куб ичимлик сув сақлаш ҳовузи қурилгани маҳалла аҳолисини хушнуд қилди. Боиси шу кунга қадар қишлоқ аҳли учун ичимлик суви таъминоти муаммолигича қолаётган эди.  

Бундан ташқари, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 157 та темир -бетон устун, 2 та трансформатор ўрнатиш ва 8,4 километр тармоқ тортиш ишлари бажарилди.

12 та янги хонадонга газ баллонлар тарқатилди. Маҳалла кўчалари бўйлаб, 34 дона тунги ёритиш чироғи ўрнатилди. Ҳудудда жойлашган “Ҳазрати Шер Худо” қабристонида зиёратчилар учун қулайлик яратиш мақсадида йўлаклар қурилиб, кириш қисмига зинапоялар қилинди. Шунингдек, маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида спорт майдончалари, “Workaut” қурилди.

Ушбу бунёдкорлик ишларининг якунига етганини тоғайтемирликлар байрамдек нишонлади. Маҳаллада дастурда белгиланган ишларнинг якуни муносабати билан катта миллий кураш ва кўпкари мусобақаси уюштирилди.  

Байрам тадбирига вилоят ҳокими Муротжон Азимов, вилоят секторлари раҳбарлари ҳам иштирок этди ва маҳалла аҳлини табриклади.  

 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),

ЎзА мухбирлари