Ёшлар қанчалик маънавий баркамол, юксак салоҳиятли ва билимли бўлса, юрт тақдири, келажак ҳам шунчалик ишончли бўлади.
Мамлакатимизда ёшларнинг жаҳон андозаларига мос пухта таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг шароит яратилган. Шу билан бирга, ўсиб келаётган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади.
Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 22-умумтаълим мактабида 5 та муҳим ташаббус доирасида ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун бир қатор тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
Ёшларнинг мусиқа, рассомлик, театр ва санъатга қизиқишларини оширишда “Драмма”, “Мохир қўллар”, “Ёш рассом”, “Ёш наққош” тўгараклари, жисмоний чиниқиш, спорт соҳасидаги қобилиятларини юзага чиқаришда эса шахмат-шашка, бадиий гимнастика, қўл тўпи тўгараклари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, компъютер технологиялари ва ижтимоий тармоқдан кенг ва самарали фойдаланишни ташкил этишга каратилган “Ёш дастурчилар” тўгараги ҳам йўлга қўйилган.
М. Қудратуллаева, ЎзА