Яшнобод туманидаги 255- мактабга ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Таълим масканида 5 ташаббус доирасида “Ёш тикувчи” тўгараги ташкил этилган бўлиб, тўгаракда 7-синфдан бошлаб 30 нафар қизга “Устоз-шогирд” асосида тикиш ва бичиш сирлари ўргатилмоқда. Бугун тўгаракда чойшаб ҳамда ёстиқ жилдлари тикилиб, қизларга ҳунар ўргатиш баробарида мактабга моддий томондан ҳам даромад ҳам келтирмоқда.

Тўгарак иш бошлаганига кўп бўлмаганига қарамай мактаб ҳисоб-рақамига 110 миллион сўм даромад келтирган. Ушбу маблағ тўгаракда тикилаётган чойшаб ҳамда ёстиқ жилдларини сотувга чиқариш орқали тўпланди.
Тўгарак раҳбари Дилноза Алимова бу маблағни йил давомида 1 миллиардга етказишни режалаштирмоқда:
– Дастлаб тўгарак иш фаолияти учун мактаб раҳбари Дилора Жўраева томонидан маблағ ажратилди. Шундан сўнг барчамиз биргалашиб, тўгарак иш фаолияти учун аниқ режалар белгилаб олдик.
Ҳозир мавжуд иккита оверлок машинамиз ишлатилмаяпти. Сабаби, ҳозир тикаётган маҳсулотимизга у ишлатилмайди.Келгусида тикувчилик тўгарагида ушбу маҳсулотни тикишни ҳам йўлга қўйишни режалаштирдик.
Бундан ташқари, мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида 40 га яқин тўгарак фаолияти йўлга қўйилган.
Беш муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган бу каби тўгараклар ўқувчиларнинг ўқишга, касб-ҳунарга бўлган қизиқишини янада орттиришга хизмат қилади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА