Коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар давлат бошқарув органларининг фаолиятида очиқлик, ҳалоллик ва масъулиятни таъминлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, табиий ресурслар билан боғлиқ йўналишларда, хусусан, тоғ-кон саноати ва геология тизимида коррупциявий омилларни аниқлаш, бартараф этиш ва “коррупциядан холи муҳит”ни шакллантириш устувор вазифалардан бирига айланди.
Хўш, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Бу ҳақда Инспекция бошлиғи ўринбосари Ҳикматулла Майсупов қуйидагича маълумот берди:
– Ташкилотимизда 2025 йил учун “Коррупцияга қарши курашиш дастури” тасдиқланган бўлиб, унда соҳада коррупцияни олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш сиёсати”, “Одоб-ахлоқ қоидалари”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш низоми”, “Ишга номзодларни текшириш бўйича йўриқнома”, “Совғаларни олиш ва бериш сиёсати” каби 15 дан ортиқ ички идоравий ҳужжат қабул қилиниб, амалиётга жорий этилган.
Шу билан бирга, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида 102 нафар ходим томонидан декларациялар тўлдирилган. Текширишлар натижасида 13 нафар ходимда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланиб, улар қонуний тартибда бартараф этилди.
Инспекцияда фуқаролар ва ташкилотларнинг коррупция ҳақидаги хабарларини қабул қилиш мақсадида тўртта алоқа канали ташкил этилган ва расмий веб-сайтга жойлаштирилган. Шунингдек, келиб тушган коррупциявий мурожаатлар тўғрисидаги маълумотлар очиқлиги таъминланмоқда.
Коррупцияга қарши халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш доирасида 58 нафар ходим ISO 37001:2016 стандарти бўйича ўқитилди. Шунингдек, ташкилотимиз ушбу стандарт бўйича кончилик ва геология соҳасида давлат назорати ҳамда лицензиялаш фаолияти юзасидан халқаро сертификатга эга бўлди.
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида коррупциявий омилларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда “коррупциядан холи муҳит” яратиш бўйича тасдиқланган "Йўл харитаси"га мувофиқ, ташкилотимизнинг Шарқий (Фарғона, Андижон, Наманган) ва Марказий (Тошкент, Сирдарё, Жиззах) ҳудудий бошқармаларида ички хизмат текширувлари ўтказилди.
Унга кўра, айрим давлат инспекторлари томонидан хизмат вазифаларига лойиқ бўлмаган хатти-ҳаракатлар, текширув жараёнларида қонун талабларига риоя этмаслик, хўжалик юритувчи субъектлар билан ноқонуний келишувларга бориш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, 37 та хўжалик юритувчи субъектда ўтказилган давлат назорати тадбирлари давомида қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажмларини яшириш, тўлиқ кўрсатмаслик ёки камайтириб кўрсатиш, ер ости бойликлари ноқонуний равишда қазиб олинаётган ҳудудларда чора кўрилмасдан жиноятни яшириш ҳолатлари қайд этилди.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 15 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиб, йиғилган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, коррупцияга қарши самарали курашиш, соҳа фаолиятида очиқлик ва масъулиятни таъминлаш Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси зиммасидаги асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА